Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

ГАЗ ВА ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ҚАРЗДОРЛИГИ УСТИДАН НАЗОРАТ КУЧАЙТИРИЛАДИ

2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолини электр энергия билан таъминлашни яхшилаш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган.

Жумладан, янги электр энергия ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ва мавжудларини модернизация қилиш, паст кучланишли электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини янгилаш асосида аҳолини электр энергия ҳамда бошқа ёқилғи энергия ресурслари билан таъминлашни яхшилаш, шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Президентимизнинг жорий йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги дастлабки қадамлардан ҳисобланади. Мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини гапириб беришини сўраб вилоят прокурорининг ўринбосари К.ЮЛБАРСОВга мурожаат қилдик:

-Мустақиллик йилларида электр ва иссиқлик манбаларининг қувватлари ўсиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Энергетика тизимини ривожлантириш чиндан-да ўта муҳим масала бўлиб, мамлакатимиз Президенти, Ҳукуматимиз томонидан катта эътибор қаратиляпти. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида янги подстанцияларни барпо қилиш, эскиларини модернизация қилиш масалалари кўтарилган. Мазкур маблағларнинг асосий қисми ҳукуматимиз томонидан ажратилса-да, бунда жисмоний ва юридик шахслар тўловларининг ҳам ўз ўрни бор.

Биламизки, аҳоли, шунингдек, юридик шахсларнинг ишлатилган электр энергияси ҳақини ўз вақтида тўламаслиги ҳам электр энергиясини ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатади. Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси тузилади. У энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлашга жавобгар ҳисобланади. Янги хизмат электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш билан шуғулланади.

Бу каби чоралар Ўзбекистон Президентининг 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.

Мазкур бюро қандай ваколатларга эга?

Мажбурий ижро бюроси қуйидаги ваколатларга эга бўлади:

- энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш;

- етказиб берилган энергия ресурслари учун қарздорликни истеъмолчилар - юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банк ҳисобрақамларидан сўзсиз ундириш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган инкасса топшириқномалари қўйиш;

- етказиб берилган энергия ресурслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни ходим - истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш;

- энергия ресурслари истеъмоли, тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқлигини назорат қилиш ва мониторингини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар ва фуқаролардан талаб қилиб олиш;

- жисмоний ва юридик шахсларга энергия ресурслари учун қарздорликни бартараф этиш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш;

- энергия ресурсларини етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга белгиланган тартибда молиявий санкция қўллаш;

- вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, энергия ресурслари учун ҳисоб-китобларни мунтазам равишда амалга оширмаётган истеъмолчиларга нисбатан жамоат таъсир чораларини кўриш ҳақида тақдимномалар киритиш;

- энергия ресурслари учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган, Бюро талабномалари ижро этилмаган ҳолларда, шунингдек, электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатлари аниқланганда, истеъмолчиларни электр ҳамда газ тармоқларидан узиш;

- энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бартараф этилган ҳамда тўловлар тўлиқ амалга оширилганда, илгари электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилган истеъмолчиларни қайта улаш;

- энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш;

- энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисоблаш тизимини ҳамда ускуналарининг созлик ҳолатини мониторинг қилиш.

Ҳужжатда ҳисоб-китоб ҳамда энергия ресурслари учун қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда, истеъмолчиларни тармоқдан узиш тартиблари аниқлаштирилди. Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз?

Унга кўра, 2017 йил 1 июлдан бошлаб истеъмолчилар - жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт.

Юридик ва жисмоний шахсларга энергия ресурсларини етказиб бериш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолларда, мазкур истеъмолчиларга нисбатан электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади. Бунда электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда истеъмолчи - жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида, истеъмолчи - юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига маблағларни ўтказиш орқали ундирилади.

Суд департаменти тугатилди, «Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» компанияларининг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича электромонтёр ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича назоратчи штат бирликлари қисқартирилди.

Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочиларига - суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини, давлат инспекторларига эса - етказиб берилган энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундиришни амалга ошириш юклатилади.

Фармон ижроси доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Бюронинг вилоят бошқармаси, Андижон шаҳар ва Избоскан туман бўлимларидан ташқари барча туман-шаҳарларда Бюро ходимларини иш фаолиятини ташкил этиш учун штат бирликларига мутаносиб равишда зарурий бинолар билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Жумладан, Бюронинг вилоят бошқармаси ҳозирда ўзининг балансида бўлган 3 қаватли 51 та хонадан иборат бинонинг 2 қаватидаги 17 хонадан фойдаланиб келади. 1 ва 3 қаватларидан эса фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ва Андижон туманлараро суди жойлаштирилган. Бу ҳолатда фуқаролик ишлари бўйича судларни бошқа бинога кўчириш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Бюронинг Андижон шаҳар бўлими ҳозирда жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди билан бир бинодан фойдаланиб келади. Иш жойи зарур бўлган ходимлар сони 46 тани ташкил қилиб, уларга хизматда фойдаланишга Андижон вилоят “Пилла” ОАЖнинг балансида бўлган 2 қаватли 42 та хизмат хонаси мавжуд бино мақсадга мувофиқ деб топилди, ушбу бинони олиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бюронинг Избоскан туман бўлими ҳозирда жиноят ишлари бўйича Избоскан туман суди билан бир бинодан фойдаланиб келади. Тумандаги “Қурилиш 119” МЧЖнинг балансида бўлган 2 қаватли 21 та хонадан иборат бинога жойлаштириш мақсадга мувофиқлиги, Бюро ходимларини туман электр тармоқлари корхонаси биносига жойлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, прокуратура тизимида 3 та тузилмасини битта бинода фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш масаласи ўрганиб чиқилди. Натижада, ҳар 3 та тузилманинг битта бинода фаолиятини ташкил этиш учун ҳозирда имконият мавжуд эмаслиги, бироқ уларнинг бир-биридан узоқ бўлмаган масофада жойлашганлиги инобатга олинди.

Номзодларни танлаш ва тайинлаш борасида жами кўзда тутилаётган 788 та штат бирликлари учун танланган ходимлар билан иш олиб борилмоқда. Шунингдек, вилоятдаги олий маълумотли ҳуқуқшунос мутахассислигига эга шахслар ва мазкур соҳада ишлашга қизиққан коллеж битирувчилари, ИИВ академияси тингловчиси бўлиш учун етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар орасидан Бюрога муносибларини танлаш имкониятларидан ҳам фойдаланиш режалаштирилган.

Жойларда собиқ ижро департаменти ходимларига қўшимча равишда солиқ ва молия идора вакиллари иштирокида бўлимларнинг иш юритувидаги 2017 йил 5 июнь ҳолатига 5607 та газ, 1969 та электр энергиясидан қарздорлик бўйича ижро ишлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилмоқда.

Собиқ департаментнинг балансидаги 1 та хизмат уйи, 8 та маъмурий бино, 16 та автотранспорт воситалари, 2004 та инвентар жиҳозлари, 592 та китоблар, жами бўлиб 3,4 млрд. сўмлик асосий воситалар йўқламадан ўтказилиб, уларнинг яроқлилик масаласи ўрганилмоқда.

Фармонда қайд этилишича, жамиятда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш муҳитини ҳамда энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш зарур. Юқоридаги чора-тадбирлар электр энергетика ва газ тармоқларини модернизация қилишга, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга, мамлакат иқтисодиётини, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришга хизмат қилади.

Суҳбатингиз учун раҳмат.

Манба: «Адолат мезони» газетасининг 11-сони, 10.06.2017 йил 

03.07.2017

Медиатека

711000, г. Андижан, проспект Навои, 28.

Прокуратура Республики Узбекистан