Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

ГАЗ ВА ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИДАН ҚАРЗДОРЛИК УСТИДАН НАЗОРАТ КУЧАЙТИРИЛДИ

Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ ҳамда узлуксиз таъминлаш, технологик жиҳатдан ва маънавий эскирган инфратузилмаларни модернизация қилиш бўйича амалий чора-тадбирлар олиб борилаётганига қарамай бу борадаги ишлар етарли даражада эмаслигини кўрсатди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолини энергия ресурслари билан таъминлашни яхшилаш масаласига ҳам алоҳида урғу берилгани бунинг ёрқин исботидир.

Бунда янги электр энер­гия­си ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ва мавжудларини модернизация қи­лиш, паст кучланишли электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини янгилаш асосида аҳолини электр энергия ҳамда бошқа ёқилғи энергия ресурслари билан таъминлашни яхшилаш, шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги "Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони эса бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди десак, муболаға бўл­майди.

Қайд этиш жоизки, мустақиллик йилларида электр ва иссиқлик манбаларининг қувватлари ўсиб, истеъмол манбалари ҳам ошиб бормоқда. Бугун энергетика тизимини ривожлантириш ўта муҳим масала бўлиб, ҳукуматимиз томонидан катта эътибор қаратиляпти.

Янги подстанцияларни барпо қилиш, эскиларини модернизация қилиш маблағ билан боғлиқ бўлиб, бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдаланилган энергия манбалари учун тўловларининг ҳам ўз ўрни бор. Аҳоли ва юридик шахсларнинг ишлатилган электр энергияси ҳақини ўз вақтида тўламаслиги эса энергия ресурсларини ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатиши эса бор гап.

Ана шундай фойдаланилган энергия ресуслари учун тўловларни амалга ошириш тизимини такомиллаштириш ва бу борадаги ишларнинг ягона назоратини таъминлаш мақсадида юқоридаги Фармон билан Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Фармон билан Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлашга жавобгар этиб белгиланди. Янги хизмат электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш билан ҳам шуғулланади.

Фармон асосида Мажбурий ижро бюроси қуйидаги ваколатларга эга бўлди:

— энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш;

— етказиб берилган энергия ресурслари учун қарздорликни истеъмолчилар — юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банк ҳисобрақамларидан сўзсиз ундириш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган инкассо топшириқномалари қўйиш;

— етказиб берилган энергия ресурслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни ходим — истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш;

— энергия ресурслари истеъмоли, тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқлигини назорат қилиш ва мониторингини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар ва фуқаролардан талаб қилиб олиш;

— жисмоний ва юридик шахсларга энергия ресурслари учун қарздорликни бартараф этиш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш;

— энергия ресурсларини етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга белгиланган тартибда мо­лия­вий санкция қўллаш;

— вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотлар, шу жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, шу­нинг­дек, энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб­ларни мунтазам равишда амалга оширмаётган истеъмолчиларга нисбатан жамоат таъсир чораларини кўриш ҳақида тақдимномалар киритиш;

— энергия ресурслари учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган, Бюро талабномалари ижро этилмаган ҳолларда, шунингдек, электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатлари аниқланганда, истеъмолчиларни электр ҳамда газ тармоқларидан узиш;

— энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бартараф этилган ҳамда тўловлар тўлиқ амалга оширилганда, илгари электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилган истеъмолчиларни қайта улаш;

— энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш;

— энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисоблаш тизимини ҳамда ускуналарининг созлик ҳолатини мониторинг қилиш.

Шу билан бирга, ҳужжатда ҳисоб-китоб ҳамда энергия ресурслари учун қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда, истеъмолчиларни тармоқдан узиш тартиблари аниқлаштирилди.

Унга кўра, 2017 йил 1 июлдан бошлаб истеъмолчилар — жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт.

Юридик ва жисмоний шахс­ларга энергия ресурсларини етказиб бериш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолларда, мазкур истеъмолчиларга нисбатан электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади. Бунда электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган шахс­ларни қайта улашда истеъмолчи — жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида, истеъмолчи — юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига маблағларни ўтказиш орқали ундирилади.

Бугунги кунда фармон талабидан келиб чиққан ҳолда жамиятда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш муҳитини ҳамда энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳам алоҳида эътибордаги масаллардан ҳисобланади.

Бунда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш, аҳолига фармон мазмун-моҳиятини ет­казиш, тарғиб қилиш асосий вазифалардан бири бў­либ қолади.

Камолиддин ЮЛБАРСОВ, 
Андижон вилоят прокурорининг ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 26-сони, 29.06.2017 йил

30.06.2017

Медиатека

711000, г. Андижан, проспект Навои, 28.

Прокуратура Республики Узбекистан