Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

БОЗОРНИНГ ФАЙЗИ — ҲАЛОЛЛИКДА

"Отанг — бозор, онанг — бозор", дейди доно халқимиз. Бу бежиз эмас. Зеро, турмушимизни бозорларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бозорлар халқ фаровонлигини акс эттирувчи ўзига хос ижтимоий-иқтисодий марказга айланган. Аҳолининг турмуш даражаси, ҳаёт тарзи, маданияти бозорлардаги тўкин-сочинлик, озодалик, муомала ва нарх-навода ҳам кўринади. Қолаверса, бозорлар халқ фаровонлигини янада ошириш воситаларидан биридир. Шу боис юртимизда бозорлар фаолиятини яхшилашга, нарх-наво асоссиз ошиб кетишининг олдини олишга, сифатли маҳсулотлар билан савдо қилинишини таъминлашга катта эътибор берилмоқда.

Дарҳақиқат, бозорларимизнинг қиёфаси, кўрк-таровати мустақиллик йилларида тубдан ўзгарди. Уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 23 июндаги "Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-ов­қат товарларининг асосий турлари билан ишончли таъминлашга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳам шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш, сифатли маҳсулотларга бўлган талабни қондириш масаласига доимий эътибор бериб келинаяпти. Хусусан, бозорлар фаолияти изчил тартибга солиниб, уларда хизмат кўрсатиш тизими замон талабларига мослаштирилмоқда. Республикамиздаги мавжуд бозорларнинг санитария ҳолатини яхшилаш, истеъмол товарларининг чакана савдосини тартибга солиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида пойтахт ҳамда вилоятлардаги ўнлаб бозорлар янгидан қурилди. Замонавий услубда бунёд этилган бозорларда сотувчи-ю харидорлар учун барча шароитлар яратилди. Улар нафақат аҳоли савдо-сотиқ қиладиган, балки озодалиги, кўркамлигидан баҳра оладиган обод гўшаларга айланди. Буни ҳатто Ўзбекистонга ташриф буюраётган хорижлик меҳмонлар ҳам эътироф этмоқдалар. Буларнинг барчаси бозорлар фаолияти самарадорлигини янада ошириб, нарх-навонинг арзонлиги, товарлар сифатининг яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Аҳолини арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида бозорларимизда турли байрамлар арафасида қишлоқ хўжалиги ярмаркалари мунтазам ташкил этилади.

Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан бозорларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш борасида профилактика ишлари ҳам йўлга қўйилган. Хусусан, бозорларимизда Давлат солиқ инспекцияси, санитария-эпидемиология назорати ва ветеринария назорати хизматчилари алоҳида иш олиб бориб, сотилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нарх-навоси, сифати, истеъмолга яроқлилигини назорат қилиб бормоқдалар.

Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, бозорларимизда ноқонуний фаолият юритаётган шахслар, яъни олибсотарлар, турли жиноий тизимлар ҳамда бозор маъмуриятининг айрим ходимлари томонидан нархларни сунъий кўтариш, ноқонуний пул йиғимлари, маъмурий тазйиқ ўтказиш ҳолатлари, хусусан, бозор фаолиятидан тушадиган маблағ ва даромадларни назоратсиз тасарруф этиш, ўзлаштириш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Шунингдек, айрим "тадбиркорлар", эртасини ўйламайдиган кимсалар ҳам киши билмас фаолият юритишмоқдаки, оқибатда ўрнатилган мавжуд меъёрий ҳужжатлар, қарорлар талаблари бузилмоқда.

Мазкур ҳолатларни назарда тутган ҳолда, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти органлари ходимлари томонидан тадбиркорларга қулай шароитлар яратиш, ноқонуний бойлик орттирмоқчи бўлган шахс­ларнинг хатти-ҳаракатларига бар­ҳам бериш мақсадида бир қатор тадбирлар ўтказилиб, бозорлардаги нарх-навонинг сунъий равишда ошишига сабабчи бўлаётган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда. Маълумки, давлатимиз томонидан ички истеъмол бозорини қиш-баҳор мавсумида барқарор таъминлаш мақсадида мева-сабзавот маҳсулотларини захирага ғамлаш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар эҳтиёжини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган. Шундан келиб чиқиб, бозорлар маъмуриятлари ва савдо харид корхоналари томонидан қиш-баҳор мавсуми учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тегишли тартибда омборларга ғамлаб қўйилади ва улар босқичма-босқич сотувга чиқарилади. Бироқ айрим шахслар мана шу тартиб-қоидаларни бузиб, омборларда турган маҳсулотларни бош­қа мақсадларда сотиб юбораётганлик ҳолатлари аниқланган. Жумладан, департаментнинг Миробод туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда "Миробод деҳқон бозори" АЖ мансабдор шахслари ўзаро жиноий тил бириктириб, захира омборларида сақлаб қўйилган 59 тонна пиёзни сотиб юборганликлари аниқланган. Шунингдек, департаментнинг Бектемир туман бўлими ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган текширишда "Элга хизмат олий ҳиммат" МЧЖ мансабдор шахслари ҳам юқоридаги каби, 80 млн. сўмлик картошкани сотиб юборишган. Ҳар иккала ҳолат бўйича айбдор шахс­ларга нисбатан тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилди.

Самарқанд шаҳридаги "Дукчиён" маҳалла фуқаролар йиғини котиби Б.Баҳриев маҳалла фуқароси М.Аҳмедовага (исм-фамилиялар ўзгартирилган) унинг яшаш уйининг томорқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилмаганлигини билса-да, унга "бозорда ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишга" деб қалбаки маълумотнома берган экан. Ўз навбатида, М.Аҳмедова ҳам мазкур сохта маълумотномани Самарқанд шаҳрида жойлашган "Темирйўл" деҳқон бозори маъмуриятига тақдим этиб, шу орқали қатъий солиқлар ва ягона ижтимоий тўловларни тўламасликка эришган ҳамда олибсотарлик фаолияти билан шуғулланиб келган. Мазкур ҳолат юзасидан айбдор шахс­ларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Департаментнинг Урганч шаҳар бўлими ходимлари томонидан якка тартибдаги тадбиркор М.Вапаевнинг аризаси юзасидан Урганч шаҳар марказий деҳқон бозорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотаётган фуқаро Раъно Сотволдиеванинг фаолияти юзасидан текшириш ўтказилди. Маълум бўлишича, бу шахс давлатимиз томонидан белгиланган солиқларни тўламаслик мақсадида М.Вапаевнинг имзосини қалбакилаштириб, сохта маълумотномага тадбиркорнинг муҳрини бостиришга муваффақ бўлган ва уни бозор маъмуриятига тақдим қилиб, гўёки маҳсулотларни ўзи етиштиргандек кўрсатган. Аслида у савдо қилиш учун бозорга келган деҳқонлардан турли йўллар билан маҳсулотларни арзон нархда сотиб олиб, устама нарх қўйиб, олибсотарлик фаолиятини юритган экан. Р.Сотволдиева мазкур қилмиши учун қонуний жазосини олди.

Шунингдек, департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари томонидан Нукус шаҳридаги "Жипек Жоли Дарбент" МЧЖ шаклидаги савдо комплексида фаолият юритиб келаётган якка тартибдаги тадбиркорлар Т.Садиков, К.Султанов ва К.Нурмановларнинг аризасига асосан тезкор тадбир ўтказилди. Маълум бўлишича, мазкур савдо комплекси директори О.Алламбергенов аризачилардан тамагирлик йўли билан пора олишни мақсад қилиб, улардан комплексда савдо фаолиятини амалга оширишлари учун доимий равишда ҳар ойда 100 АҚШ долларидан пул олиб келиб беришларини талаб қилган. О.Алламбергенов тадбиркорлардан талаб қилган пулларни олаётган вақтида ашёвий далил билан ушланди. Суд ҳукми билан унга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

СВОЖЖДЛҚК департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан республикамиздаги бозорларда ана шундай жиноий фаолият билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш ва улар фаолиятига чек қўйишга қаратилган тадбирлар мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, департамент органлари маҳаллий ҳокимликлар, бозор маъмурияти, солиқ инспекцияси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза ва назорат қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда давлатимиз раҳбарининг юқорида таъкидланган қарори ва ҳукуматимизнинг соҳага оид бошқа меъёрий ҳужжатлари ижросини назоратга олиш, бозорларда сотувчи ва харидорлар учун қулай шароитлар яратиш, нарх-навонинг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик, тамагирлик ва порахўрлик каби иллатларга чек қўйиш борасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Бу эса шубҳасиз, халқ фаровонлигини оширишда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Қолаверса, бозорлар фаолиятини такомиллаштириш, истеъмолчиларга янада маданиятли хизмат кўрсатиш, савдо нуқталарини кўпайтириш бюджет даромадининг кўпайишига, пировард натижада, халқ турмушининг фаровонлашувига, иқтисодиётимизнинг юксалишига хизмат қилади.

Акмал РАҲМАНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги
СВОЖЖДЛҚК департаменти
бошлиғи ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 50, 14.12.2017 йил

14.12.2017

Медиатека

100047, г. Ташкент, улица Я.Гулямова, 39а.

Прокуратура Республики Узбекистан