Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

ЕЧИМ ТОПМАГАН МАСАЛАЛАР МУРОЖААТЛАРГА САБАБ БЎЛАДИ

Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти билан дахлдор вазифалар нуқтаи назаридан айтиш мумкинки, қонун устуворлигини таъминлаш, адолатни қарор топтириш энг асосий вазифа. Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш йўналишларидаги ишларнинг барчаси худди шу масалага қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга тақдим қилган Мурожаатномасида ҳам бу масалани қайта-қайта таъкидлаб, бунга кенг тўхталганлиги бежиз эмас. "Мен бир фикрни такрорлашдан чарчамайман: халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаё­тимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт", дея бу борадаги фикрини билдирди давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида. Ҳақи­қатан ҳам, Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашни юқори даражада ташкил этиш албатта қонунлар ижроси билан чамбарчас боғлиқ. Шу боисдан ҳам давлатимиз раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини таҳлил этар экан, "Прокуратура эса қонунлар ижроси устидан назорат олиб бориши зарур"лигини алоҳида таъкидлади.

Айни шу жиҳатдан фаолиятимиз таҳлилига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори асосида ишлаб чиқилган Тартиб ва "Йўл харитаси" бўйича бир қа­тор ишлар амалга оширилди. Прокуратура органлари томонидан ушбу йўналишда ҳудудларда қонунчилик аҳволи таҳлил қилинган ҳолда назорат тадбирлари режалаштирилиб, ижросини таъминлаш ишларига жиддий эътибор қаратилди. Йил давомида ижтимоий-иқтисодий қонунчилик ижроси йўналишида 172 та текшириш ўтказилиб, унда аниқланган қонун бузилишлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида тегишли мансабдор шахсларга тақдимнома киритилиб, қонун бузилишларига йўл қўйган шахсларнинг интизомий ва маъмурий жавобгарлиги масаласи ҳал қилинди. 522 та ғайриқонуний ҳужжатлар прокурорларнинг протестлари асосида қонунга мувофиқлаштирилди ва бекор қилинди. 7039 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланганлигини келтириб ўтиш мумкин.

Аҳолининг бандлигини таъминлаш ижтимоий ҳаётимиздаги энг долзарб вазифа. Янги иш ўринларини яратишни рағбатлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўл­лаб-қувватлаш, бу ишларнинг давлат сиёсати даражасида ташкил этилаётганлиги мазкур соҳанинг ғоят жиддийлигини кўрсатиб турибди. Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Қонуни ва шу соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси бўйича 19 та текшириш ўтказилди. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали бартараф этилиши таъминланди.

Ижтимоий ҳимояга зарурати юқори бўлган ёки эҳтиёжманд кишиларни ишга жойлаштириш доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Ўтган йилда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларига асосан банд қилинган квотали иш ўринларига 3788 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар ишга жойлаштирилди. Бу борадаги муаммоларнинг ижобий ечими эса янгидан янги иш ўринларини яратиш билан боғлиқ. Шунинг учун тадбиркорлик ишларини янада ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилиб, тадбиркорларга кредит линияларини беришни янада кенгайтиришга амалий ёрдам берилмоқда.

Прокуратура ходимлари халқ билан ўтказилган очиқ мулоқотларда уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, амалий ёр­дам кўрсатишга жиддий эътибор қаратганлар. Фуқаролардан тушаётган саволларга жавоблар, тегишли маслаҳатлар берилмоқда. Мисол учун, ўтган йилда шундай мулоқотлар самараси ўлароқ, 1379 нафар фуқарога 10 млрд. сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилди.

Ушбу масалаларга тўхталганда, фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, вилоят прокуратурасининг ара­лашуви орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка-ёлғиз ҳамда ногиронларнинг 74 нафарига сиҳатгоҳларга йўлланма берилиши, 84 нафарига ногиронлар аравачаси, 35 нафарига эшитиш мосламаси ҳам­да 45 нафарига тегишли воситалар ажратилиши таъминланди.

Вилоят прокуратураси ор­ганлари томонидан давлат бош­қаруви, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи, назорат-текширув ва бошқа органлар томонидан қабул қилинган ҳу­қуқий ҳужжатларнинг қонунийлиги ўрганилиб, 332 та ҳолатда қонун бузилиши ҳо­латларига йўл қўйилганлиги аниқланиб, уларни бартараф этиш борасида прокурор назорати ҳужжатлари қўл­ла­нилди.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш мамлакатимизда олий қадрият сифатида тан олинган. Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда, аввало, фуқароларнинг давлат органларига мурожаатларига ғоятда эътиборли бўлиш, уларнинг таклиф ва шикоят-аризалари билан ишлашни бугунги давр, яъни қонун даражасида ташкил этиш зарур. Шу талабдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунининг вилоят ҳудудидаги ижроси вилоят прокуратураси органларининг доимий эътиборида бўлиб келди. Жисмоний ва юридик шахс­лар вакиллари қабулини ташкил этишнинг аҳволи давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат, маҳаллий давлат ҳо­кимияти ва ўзини ўзи бош­қариш органларида текширилди.

Бу йўналишда амалга оширилган ишларни таҳлил этиш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш амалиётида камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланди. Масалан, текширилган вилоят миқёсидаги бош­қарма, назорат-текширув ва бошқа идораларда 234 та мурожаатни кўриб чиқишда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Албатта, бунда йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чора-тадбирлар кўрилди.

Ўзбекистон Республикасининг "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги ҳамда "Банкротлик тўғрисида"ги Қонунлари, Республика Президентининг мазкур соҳани ривожлантириш борасидаги фармон ва қарорлари, шунингдек, ҳукумат қа­рорлари ижроси юзасидан кенг ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.

Мазкур йўналишда олиб борилган назорат тадбирлари давомида 2017 йил давомида 3568 ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилиши аниқланган бўлиб натижаларига кўра, ушбу қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ваколатли идораларга тақдимномалар киритилди, 3282 нафар тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди.

2017 йилда муқаддам хусусийлаштирилган ва ҳо­зирда фойдаланилмай турган 129 та бино-иншоот аниқланган бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида ўр­ганиб чиқилди. 41 та объект давлат захирасига қайтарилди, 88 тасининг иш фаолиятини қайта йўлга қўйиш, ижарага бериш, янги иш ўринларини яратиш мақсадида соғломлаштириш дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳозирда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Маълумки, эҳтиёжманд оилаларга қурилаётган арзон уй-жойлардан уйлар ажратиш, арзон уй-жойлар қурилишини янада ривожлантириш давлатимиз раҳбарининг эътиборидаги масала.

Таъкидлаш жоизки, арзон уй-жойларни тақсимлашда адолат мезонларига риоя этмаслик, уй-жойларни сифатсиз қуриш каби қонун бузилишлар ҳам учраётганлигини афсус билан келтириб ўтмоқчимиз. Жумладан, "Қишлоқ­қурилиш­инвест" МЧЖ инжиниринг компанияси Навоий филиали мансабдор шахслари Х.Расулов ўғли Д.Расулов номига, инжиниринг компания билан шартнома асосида ишлаб келиб, бўёқ маҳсулотлари етказиб берувчи "Маҳмуд бобо" хусусий корхонаси раҳбари Р.Собиров ишчи гуруҳ билан келишган ҳолда қизи З.Собирова номига, худди шунингдек, "Мирзачорвоқ" массивида намунавий лойиҳа асосида арзон уй-жойлар қурган "Турон қурилиш инвест" МЧЖ раҳбари Ш.Саломов укаси А.Саломов номига тегишли Низом талабларига зид равишда уй-жой ажратилишига эришган. Вилоят прокуратурасининг аралашуви билан инжиниринг компанияси билан тузилган 3 та шартноманинг бекор қилиниши таъминланди. Текшириш кунига қадар дастурга асосан шарт­нома тузилмасдан қолган 3 та арзон уй-жой мавжудлиги аниқланиб, ўрганиш вақтида ўзини ўзи бош­қариш органларининг тавсиясига асосан ушбу уйлар уй-жойга муҳтож 6 та оилага ажратилиши таъминланди.

2018 йилнинг "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоя­лар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилиниши прокуратура органлари зиммасига янада катта масъулият юклайди. Жорий йил олдимизга қўяётган вазифалар янада салмоқли. Албатта, фаолиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда ҳуқу­қий маданиятни юксалтириш асосий эътиборимизда бўлиб қолади.

Хидир КАРИМОВ,

Навоий вилоят прокурори

Манба: “Ҳуқуқ” газетаси, № 5, 01.02.2018 й

01.02.2018

Медиатека

210100, г. Навои, улица С.Айни, 85.

Прокуратура Республики Узбекистан