Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

МУАММОЛАР ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш юзасидан қабул қилинган фармон ва қарорлари ҳамда бу борадаги ҳукумат қарорлари талабларидан келиб чиқиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ҳамда юритиш учун шарт-шароитлар яратиш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида вилоят прокуратураси органлари томонидан самарали назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Жумладан, 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларига зид равишда қабул қилинган туман ҳокимларининг 2 та ҳамда солиқ идораларининг 1 та ҳужжатига протест келтирилди. Шунингдек, мазкур соҳада ўтказилган текширишларда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва уларнинг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ 25 та ҳолатлар аниқланиб, қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида жойларга 10 та тақдимнома киритилди, мазкур ҳолатлар бўйича 26 нафар шахс маъмурий, 4 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Қонун бузилиши ҳолати юзасидан 1 та жиноят иши қўзғатилди.

Жумладан, якка тартибдаги тадбиркор Х.Ама­новадан 2016 йилнинг март ойи учун қатъий белгиланган солиқ тўлови учун 599,6 минг сўм инкасса топшириқномаси орқали ортиқча тўлов ундирилиб, хусусий мулк ҳуқуқи бузилган. Худди шу каби 45 та тадбиркорлик субъектларидан 2016 йилнинг январь-декабрь ойларида жами 32 млн. 664 минг сўм ортиқча солиқ тўлови ундирилган. Коллеж битирувчилари - якка тартибдаги тадбиркорлар Нурмуҳаммад Менглиев ва Азизбек Чориевга 846,5 минг сўм имтиёзлар қўлланилиши ғайриқонуний равишда рад этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар ДСИ бўлим бошлиғи Р.Ражабов ва бош инспектори Х.Нурбоев маъмурий жавобгарликка тортилди.

Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, мурожаатларнинг ўз вақтида, холисона ва қонуний ҳал этилиши, уларнинг поймол этилган ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларининг фақат қонунда белгиланган ҳуқуқий воситалар билан ҳимоя қилиниши таъминланиб келинмоқда. Хусусан, вилоят прокуратураси томонидан "Феруз сархил мевалари" фермер хўжалиги раҳбари А.Акромовнинг АТ "Асака банк" Сурхондарё вилояти филиалига 2017 йилнинг март ойида узумчиликни ривожлантириш учун 70 млн. сўм кредит ажратишни сўраб мурожаат қилгани, кредит таъминоти сифатида гаровга қўймоқчи бўлган кўчмас мулк биносини баҳолаш хулосаси банк томонидан қабул қилинмаётганидан норози бўлиб, Бош прокуратуранинг "Ишонч телефони"га қилган мурожаати ўрганилди.

Ўрганиш давомида А.Акромов томонидан кредит олиш учун талаб этилган барча ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилиб, банкка тақдим этилиши ҳамда кредит маблағлари ажратилиши таъминланди. АТ "Асака банк" вилоят филиали кредит бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи С.Абдувоҳидов маъмурий жавобгарликка тортилди.

Шу билан бирга, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарнинг фаолиятини тиклаш ёки тугатишга алоҳида эътибор қаратилиб, фаолият юритмасдан келаётган жами 97 та тадбиркорлик субъектлари фаолияти тикланди, 210 та иш ўринлари яратилишига эришилди.

Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишда масъул идора ва корхоналарда ўтказилган текширишда ҳам қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига йўл қўйилгани аниқланди. Жумладан, Музработ туман табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан "Ангор Равон" хусусий корхонасининг ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат бериш ҳақидаги аризаси 15 кун муддатда кўриб чиқилмагани аниқланиб, туман табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи З.Нормуродов маъмурий жавобгарликка тортилди.

Прокуратура органлари томонидан фуқароларни иш билан таъминлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. 454 нафар тадбиркорлик субъектига кўрсатилган амалий ёрдам натижасида 164 та тадбиркорлик субъектлари янгидан ташкил этилиб, 455 та янги иш ўринлари яратилди. Масалан, Денов туманида фаолият юритувчи "Акобиржон транс сервис" МЧЖ раҳбари Б.Азимовнинг "ISUZU" автомашинаси сотиб олиш учун "Савдогарбанк" АКБ Сурхондарё вилоят филиали томонидан кредит маблағлари ажратиш ҳақидаги мурожаати бўйича унга 300 млн. сўм миқдорида кредит ажратиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Бунинг натижасида 2 та қўшимча иш ўрни яратилди.

Уктамбой ЮСУПОВ, 
Сурхондарё вилоят прокурорининг ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 32-сони, 10.08.2017 йил

11.08.2017

Медиатека

190100, г. Термез, улица Тараккиёт, 34.

Прокуратура Республики Узбекистан