ОБ ОТЧЕТЕ ГЕНЕРАЛЬНОГО ПРОКУРОРА РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН НА ЧЕТВЕРТОМ ПЛЕНАРНОМ ЗАСЕДАНИИ СЕНАТА ОЛИЙ МАЖЛИСА РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ ТЎРТИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИНИНГ ҲИСОБОТИ ТЎҒРИСИДА

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар.

Ҳисобот даврида қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни профилактика қилиш юзасидан зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришга доир кўплаб ишлар прокуратура органлари томонидан бажарилганлиги сенаторлар томонидан қайд этилди.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қонун ҳужжатлари шак-шубҳасиз ижро этилишини таъминлашга, улар қабул қилаётган норматив ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига мувофиқлигини таъминлашга қаратилган таъсирчан чора-тадбирлар прокуратура органлари томонидан амалга оширилмоқда.

Прокуратура органлари қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш орқали ҳуқуқбузарликларни содир этишнинг аниқ сабаблари ва шартларини аниқлашга, уларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратди.

Жиноятга қарши курашишни ташкил этиш соҳасида профилактика чора-тадбирлари самарадорлигини, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий билимлари, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш талабларининг самарадорлигини оширишга муҳим урғу берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 24 июлда қабул қилинган “Қонунчилик ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси таркибида Қонунчилик ижроси устидан назорат бош бошқармаси ташкил этилиши прокуратура органлари назорат фаолияти кучайишининг муҳим омилига айланди.

Ҳисобот даврида қонунлар ижроси бўйича ўтказилган 17 мингдан ортиқ текширув якунларига кўра прокуратура органлари томонидан 115228 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилди, 87094 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Давлат органларининг қонун ҳужжатларига зид бўлган 19578 та ҳужжати устидан арз қилинди. Натижада кейинчалик ушбу ҳужжатлар бекор қилинди ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳолга келтирилди.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижро этилиши, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, бунинг учун ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ масалалар ҳам прокуратура органларининг диққат марказида бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майда қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг қоидаларини сўзсиз ижро этишгапрокуратура органлари томонидан алоҳида эътибор қаратилди.

Мажлисда таъкидланганидек, мазкур фармон, унга мувофиқ қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни сўнгги йилларда мазкур соҳада қабул қилинган энг муҳим норматив ҳужжатлар бўлиб қолмоқда. Ушбу қонун ҳужжатлари тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, бизнес олиб боришни ташкил этиш, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ мазкур субъектлар фаолиятининг деярли барча жиҳатларига тааллуқлидир.

Ушбу қонун ҳужжатларининг қоидаларини амалга ошириш мақсадида прокуратура органлари томонидантадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилишиустидан назоратни кучайтиришга, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузганлик учун назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ваколатли давлат органлари мансабдор шахслари жавобгарлигининг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган комплекс, тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда ҳамда рўёбга чиқарилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майда қабул қилинган фармонини ижро этиш мақсадида Бош прокуратура ҳузурида фуқароларнинг, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кечаю кундуз қабул қиладиган электрон тизим яратилди ва самарали фаолият кўрсатмоқда. Мурожаатларни кўриб чиқиш тезлигини таъминлаш мақсадида ушбу тизимга 34 та идора, прокуратура органларининг вилоят ва туман бўлинмалари уланди. Ҳар бир мурожаатнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши он-лайн режимда назорат қилинмоқда.

Бош прокуратуранинг Мурожаатларни кечаю кундуз қабул қилувчи маркази ташкил этилганидан буён (2015 йил 1 июль) марказ телефонларига 19 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. Улар бўйича прокурор томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилди. Ҳисобот даврида прокуратура органлари томонидан деярли 16 минг нафар тадбиркорлик субъектининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан уларга амалий ёрдам кўрсатилди. Тадбиркорларни ҳимоя қилишга қаратилган назорат тадбирлари натижасида уларнинг фойдасига 13 миллиард сўм ундириш тўғрисида судларга 764 та ариза киритилди, 6220 нафар тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди.

Муҳокама чоғида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш, таълим соҳасидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга доир таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.

Тадбиркорлар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни профилактика қилиш, кенг жамоатчиликни жиноятга қарши курашишга жалб қилиш, мамлакатимизда қонунийликни ва ҳуқуқ тартиботини таъминлашга доир прокуратура томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни кучайтириш тавсия этилди.

Шунингдек, фуқароларнинг, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини, ҳуқуқий онгини ошириш, қонунийликни таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бу соҳадаги фаолияти самарали мувофиқлаштирилишини ташкил этиш ҳам муҳим вазифадир.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқладилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисидаги АХБОРОТидан
кўчирма

“Халқ сўзи” газетаси
05.12.2015й., № 235 (6418)