Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Тадбирлар

Одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилиш - самарали давлат бошқарувининг зарурий шартидир

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2016-2017 йилларга белгиланган чора-тадбирларни бажаришнинг амалий ҳаракатлари Комплекс режасини амалга ошириш доирасида БМТнинг Тараққиёт дастури минтақавий ваколатхонаси ва ЕХҲТнинг Лойиҳалар координатори офиси билан ҳамкорликда “Одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилиш - самарали давлат бошқарувининг зарурий шартидир” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари С.Артикова, БМТнинг Тараққиёт дастури бўйича Ўзбекистондаги доимий вакили С.Приснер, ЕХҲТнинг Лойиҳалар координатори в.б. Х.У.Им, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ҳамда Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва қўмиталарнинг, шунингдек вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимияти вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг мақсади Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сонли Қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларининг амалий бажарилиши ҳамда коррупция профилактикаси соҳасида амалга оширилаётган ишлар бўйича давлат ходимларининг хабардорлигини ошириш бўлди. 

Маърузачи сифатида иштирок этиш учун халқаро экспертлар - БМТнинг Тараққиёт дастури Штаб-квартираси Одоб-аҳлоқ масалалари бўйича бюроси ходими К.Уэйт, Малайзиянинг Коррупцияга қарши кураш бўйича комиссиясининг Департаменти бошлиғи А.Каса, Беларусь Республикаси Бош прокуратурасининг Қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш муаммолари илмий-амалий марказининг бўлими бошлиғи С.Сащеко ва бошқалар таклиф этилди.

Семинар-тренинг доирасида Одоб-аҳлоқ қоидаларини давлат хизмати соҳасига жорий этилишининг миллий ва халқаро тажрибаси кўриб чиқилди.

Семинар-тренинг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ходимлари томонидан иштирокчилар ўртасида уларнинг Одоб-аҳлоқ қоидалари бўйича назарий билимларини аниқлаш юзасидан тест синови ўтказилди ва якунида тегишли сертификатлар тақдим этилди.

Бош прокуратура Матбуот хизмати

09.09.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси