Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Тадбирлар

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси билан “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш орқали коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш” мавзусига бағишланган илмий-амалий конференция ўтказилди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ҳамкорлигида мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий тараққиётига жиддий зиён етказаётган коррупцияга қарши кураш борасидаги тадбирлар мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Мазкур конференция коррупцияга қарши йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш бўйича амалий чоралар комплекс режаси ижроси юзасидан ташкил этилди.

Тадбирда Бош прокуратура, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Давлат солиқ, божхона қўмиталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази, Ички ишлар вазирлиги академияси, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуман доирасида республикамизда коррупцияга қарши курашнинг барқарор ташкилий-ҳуқуқий тизими яратилганлиги, жумладан, 2008 йил 7 июлда “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати тизимида коррупцияга қарши кураш бўйича махсус тузилмалар самарали фаолият олиб бораётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан коррупцияга қарши курашиш ва профилактика қилиш, бу борадаги парламент ва жамоатчилик назоратининг ўрни, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқий таълимнинг аҳамияти каби масалалар кенг муҳокама қилинди.

Қонун устуворлигини таъминлаш – коррупцияга қарши курашишнинг муҳим омили эканлиги конференция иштирокчилари томонидан таъкидлаб ўтилди.

Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Бош прокуратура 
Матбуот хизмати

02.06.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси