Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Коррупцияга қарши Конвенция"си

БМТ Бош Ассамблеясининг
2003-йил 31-октябрдаги 58/4-сонли Қарори
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга
қарши Конвенцияси

Бош Ассамблея,
коррупцияга қарши самарали халқаро ҳужжатни ишлаб чиқиш учун махсус қўмитани таъсис этиш мақсадида қабул қилган ва унда Бош котибдан бундай ҳужжатни ишлаб чиқиш учун мандат лойиҳасини кўриб чиқиш ва тайёрлаш мақсадида очиқ таркибдаги ҳукуматлараро экспертлар гуруҳини чақиришни илтимос қилган ўзининг 2000 йил 4 декабрдаги 55/61-сонли қарорига, шунингдек, 55/61-сонли қарорига мувофиқ чақирилган очиқ таркибдаги халқаро экспертлар гуруҳига ноқонуний равишда маблағлар ўтказилиши ва бу маблағлар келиб чиққан мамлакатга репатриация қилиниши масаласини ўрганиб чиқиш учун таклифи ифодаланган 2000 йил 20 декабрдаги 55/188-сонли қарорига асосланиб,
шунингдек, коррупциянинг ва ноқонуний йўллар билан орттирилган маблағлар ўтказилишининг олдини олиш, ушбу иллатга қарши курашиш ва бундай маблағлар муомалага чиқарилган малакатларга қайтаришга қаратилган 2001-йил 56/186-сонли ҳамда 2002 йил 20 декабрдаги 57/244-сонли қарорларига таяниб,
коррупцияга қарши Конвенцияни ишлаб чиқиш бўйича махсус Қўмитадан ўз ишини 2003-йилнинг охиригача якунлашни илтимос қилгани ифодаланган 2002 йил 31 январдаги 56/260-сонли қарорига асосланиб,
конвенцияни имзолаш учун юқори даражадаги Сиёсий конференцияни Мексикада ўтказиш бўйича ушбу мамлакат ҳукуматининг таклифини миннатдорчилик билан қабул этган ва унда Бош котибдан бундай конференция уч кун давом этадиган этиб белгиланиши ва 2003-йилнинг охирига қадар ўтказилишини илтимос қилганлиги ифодаланган ўзининг 2002 йил 18 декабрдаги 57/169-сонли қарорига асосланиб,
шу билан бирга, “Келиб чиқиши ноқонуний бўлиб, коррупция йўли билан орттирилган маблағларни ўтказиш, шу жумладан легаллаштиришнинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда бундай маблағларни қайтариш мақсадида ҳалқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” деб номланган Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашнинг 2001 йил 24 июлдаги 2001/13-сонли қарорига таяниб,
2001 йил 4-7 декабрь кунлари Буэнос-Айресда коррупцияга қарши конвенцияни ишлаб чиқиш бўйича Махсус қўмитанинг норасмий тайёрлов кенгашини қабул қилувчи томон бўлиш таклифи билан чиққан Аргентина ҳукуматига ўз миннатдорчилигини билдириб,
Мексиканинг Монтеррей шаҳрида 2002 йил 18 мартдан 22 мартгача бўлиб ўтган ривожланишни молиялаштириш бўйича Халқаро конференцияда[1] қабул қилинган ва унда коррупцияга қарши барча даржаларда курашиш устувор вазифалардан бири эканлиги таъкидланган Монтеррей консенсусига, шунингдек, Жанубий Африканинг Йоханнесбург шаҳрида 2002 йил 26 августдан 4 сентябргача бўлиб ўтган барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги Жаҳон учрашувида[2] қабул қилинган, хусусан, унинг 19 бандида коррупция халқлар барқарор ривожланишига таҳдид солиши эълон қилинган барқарор ривожланиш бўйича Йоханнесбург декларациясига таяниб,
коррупция демократик институтлар ва қадриятлар, этник қадриятлар ва адолатга путур етказиб ҳамда барқарор ривожланиш ва ҳуқуқ-тартиботга зарар келтириб, жамиятнинг барқарорлиги ва хавфсизлиги учун вужудга келтирадиган муаммо ва таҳдидларнинг жиддийлиги юзасидан ташвишга тушган ҳолда,
1. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича Бошқармасининг Венадаги қароргоҳида ўз ишини олиб борган ва унда Махсус қўмита Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши конвенция лойиҳасининг якуний матнини кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун Бош Ассамблеяга тақдим этган ва коррупцияга қарши конвенцияни ишлаб чиқиш бўйича Махсус қўмитанинг маърузасини маълумот учун қабул қилади ва ушбу қўмита бажарган ишини юқори баҳолайди;
2. мазкур қарорга илова қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши Конвенциясини қабул қилади ва Конвенцияни имзолаш мақсадида 57/169-сонли қарорга мувофиқ 2003 йил 9-11 декабрь кунлари Мексиканинг Мериде шаҳрида ўтказиладиган юқори даражадаги Сиёсий конференцияда имзолаш учун Конвенцияни очади;
3. ушбу ҳужжат тезроқ кучга киришини таъминлаш учун барча давлатларни ва иқтисодий интеграция бўйича ваколатли минтақавий ташкилотларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши Конвенциясини имзолаш ва ратификация қилишга қатъий даъват этади;
4. Конвенцияга аъзо давлатлар Конференцияси томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши Конвенциясига мувофиқ таъсис этилаётган Конвенцияни қабул қилишдан олдин бошқа қарор қабул қилинишига қадар Конвенциянинг 62 бандида кўзда тутилган ҳисоб рақами Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов Фондининг доирасида юритилиши юзасидан қарор қабул қилади, ҳамда аъзо давлатларга мурожаат этиб, Конвенцияни ратификация қилиш ва амалга оширишга тайёрланиш учун ривожланаётган мамлакатларга ва иқтисодиёти ўтиш даврида бўлган мамлакатларга керак бўлиши мумкин бўлган техник ёрдамни тақдим этиш мақсадида юқорида айтиб ўтилган ҳисоб рақамга мувофиқ ихтиёрий бадаллар ўтказишни бошлашга чақиради;
5. шунингдек, Конвенциянинг биринчи сессиясида кўриб чиқиш учун Конвенцияга аъзо давлатлар Конференциясига тақдим этиладиган Конвенцияга аъзо давлатлар Конференциясининг таомиллари қоидалари ва Конвенциянинг 63 бандида кўрсатилган бошқа қоидалар матнларининг лойиҳаларини тайёрлаш мақсадида Конвенцияга аъзо давлатлар Конференциясининг биринчи сессиясини чақиришдан аввал кенгаш ўтказиш йўли билан коррупцияга қарши конвенцияни ишлаб чиқиш бўйича Махсус қўмита Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши Конвенциясини ишлаб чиқиш билан боғлиқ бўлган ўз вазифаларини якунлаши юзасидан қарор қабул қилади;
6. имтиёзлар ва иммунитетлар масаласи, шунингдек турдош масалалар ҳамда халқаро ташкилотлар юрисдикцияси ва роли масаласини инобатга олган ҳолда, Конвенцияга аъзо давлатлар Конференциясидан оммавий халқаро ташкилотлар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мансабдор шахсларига пора бериш ҳолатини криминаллаштириш масаласини, бошқа чоралар қатори, бу борада тегишли қарор қабул қилиш юзасидан тавсия бериш йўли билан, кўриб чиқишни илтимос қилади;
7. коррупция муаммосини ҳамда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда Конвенция роли англанишини чуқурлаштириш мақсадида 9 декабр Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни деб номланиши лозимлиги юзасидан қарор қабул қилади;
8. Бош котибдан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича Бошқармасига Конвенцияга аъзо давлатлар Конференциясининг котибияти вазифасини ижро этиш ва унинг топшириқларини бажариш юзасидан топшириқ беришни илтимос қилади;
9. шунингдек, Бош котибдан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича Бошқармасига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши Конвенцияси тезроқ кучга киришига самарали ёрдам бера олиши ҳамда Конвенцияга аъзо давлатлар Конференциясининг котибияти вазифасини ижро этиши ва 5 бандга мувофиқ, Махсус қўмитанинг ишини қўллаб-қувватлай олиши учун зарурий ресурсларни тақдим этишни илтимос қилади;
10. ва шу билан бирга, Бош котибдан БМТ Бош Ассамблеясининг 59-сессиясига тақдим этиш учун, 57/169 қарорига мувофиқ Мексиканинг Мериде шаҳрида Конвенцияни имзолаш мақсадида ўтказиладиган юқори даражадаги Сиёсий конференциянинг фаолияти ҳақида кенг қамровли маърузани тайёрлашни илтимос қилади.
Илова
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг
коррупцияга қарши Конвенцияси
Преамбула
Мазкур Конвенцияга аъзо давлатлар
коррупция демократик институтлар ва қадриятлар, этник қадриятлар ва адолатга путур етказиб ҳамда барқарор ривожланиш ва ҳуқуқ-тартиботга зарар келтириб, жамиятнинг барқарорлиги ва хавфсизлиги учун вужудга келтирадиган муаммо ва таҳдидларнинг жиддийлиги юзасидан ташвишга тушиб,
шунингдек, коррупция ва жиноятчиликнинг бошқа шакллари, хусусан, уюшган ва иқтисодий жиноятчилик ўртасидаги алоқалар, шу жумладан ноқонуний пул маблағларини легаллаштириш каби кўринишлардан хавотирланиб,
ҳамда давлатлар ресурсларининг катта улушини ташкил этиши мумкин бўлган ва ушбу давлатларнинг сиёсий барқарорлиги ва изчил ривожланишини таҳдид остида соладиган катта ҳажмдаги активлар билан боғлиқ бўлган коррупция ҳолатлари кузатилиши сабабли ҳаяжонга тушиб,
эндиликда коррупция локал муаммодан бутун жамият ва барча мамлакатлар иқтисодиётига дахл қиладиган ва бу билан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг жуда муҳим аҳамиятини белгилайдиган трансмиллий ҳодисага айланганлигига амин бўлиб,
шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши самарали курашиш учун кенг қамровли ва кўп тарафлама интизомий ёндашув зарур эканлигига ишонч билдириб,
ҳамда самарали равишда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида салоҳиятни кучайтириш ва институтларни яратиш йўли билан давлатлар имкониятларини кенгайтиришда техник ёрдам кўрсатилиши муҳим рол ўйнаши мумкинлигини тан олиб,
ва айни пайтда, ноқонуний йўл билан шахсий мол-мулк орттириш демократик институтлар, миллий иқтисодиёт ва ҳуқуқ-тартиботга жиддий путур етказиши мумкинлигига амин бўлиб,
ноқонуний орттирилган активлар халқаро тартибда ўтказилишини янада самарали олдини олиш, аниқлаш ва бунга барҳам бериш ҳамда активларни қайтаришга қаратилган чораларни кўришда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга дадиллик билан киришишга шай бўлиб,
мулкий ҳуқуқларни аниқлаш учун жиноий, фуқаролик ёки маъмурий иш юритиш жараёнида қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий чораларни қўллаш борасидаги энг асосий тамойилларни эътироф этиб,
коррупциянинг олдини олиш ва буткул барҳам бериш – бу барча давлатларнинг вазифаси ва бу соҳадаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини таъминлаш учун фуқаролик жамияти, ноҳукумат ташкилотлар ва жамоалар негизида фаолият юритаётган ташкилотлар каби оммавий сектор доирасидан ташқарида алоҳида шахслар ва гуруҳлар кўмаги ва иштирокида бир-бири билан ҳамкорлик қилишлари лозимлигини ҳисобга олиб,
ҳамда оммавий ишлар ва оммавий мол-мулкни тегишли даражада бошқариш, шунингдек адолат, масъулият ва қонун олдидаги тенглик, шунингдек, коррупцияни рад этадиган маданиятни шакллантиришга кўмаклашиш тамойилларини инобатга олиб,
жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов Комиссиясининг ҳамда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича Бошқармасининг ишига юқори баҳо бериб,
ушбу соҳада иш олиб бораётган бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шу жумладан Африка иттифоқи, Европа иттифоқи, Араб давлатлари лигаси, Америка давлатлари ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ҳамда Божхона ҳамкорлиги бўйича Кенгаш (шунингдек Жаҳон божхона ташкилоти деб юритилади) томонидан олиб борилаётган ишларни далил сифатида келтириб,
коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўп томонлама ҳужжатларни, ва хусусан, Америка давлатлари ташкилоти томонидан 1996 йил 29 март куни қабул қилинган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Америкааро конвенцияси[4], Европа иттифоқи Кенгаши томонидан 1997 йил 26 майда қабул қилинган Европа ҳамжамиятининг мансабдор шахсларига ёки Евро иттифоқига аъзо давлатларнинг мансабдор шахсларига дахл қилган коррупцияга қарши курашиш бўйича Конвенцияси[5], Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти томонидан 1997 йил 21 ноябрда қабул қилинган Халқаро тижорат амалиётларида хорижий мансабдор шахсларга пора беришга қарши курашиш бўйича Конвенцияси[6], Европа Кенгаши вазирлар Қўмитаси томонидан 1999 йил 27 январда қабул қилинган Коррупция учун жиноий жавобгарлик тўғрисидаги Конвенцияси[7], Европа Кенгаши вазирлар Қўмитаси томонидан 1999 йил 4 ноябрда қабул қилинган коррупция учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлиги тўғрисидаги Конвенцияси[8] ва Африка иттифоқига аъзо давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари томонидан 2003 йил 12 июлда қабул қилинган Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга доир Африка иттифоқи Конвенциясини миннатдорчилик билан инобатга олиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенцияси[9] 2003 йил 29 сентябрдан бошлаб кучга кирганлигини маъқуллаган ҳолда, қуйидагилар юзасидан келишиб олдилар:
I боб
Умумий қоидалар
1-модда. Мақсадлар
Мазкур Конвенциянинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

а) янада самарали ва таъсирчан равишда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирларни қабул қилиш ҳамда мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
b) коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда, шу жумладан активларни қайтариш борасида халқаро ҳамкорлик ҳамда техник ёрдам кўрсатилишини рағбатлантириш, осонлаштириш ва қўллаб-қувватлаш;
c) ҳалоллик ва содиқлик, масъулиятлилик ҳамда оммавий ишлар ва оммавий мол-мулкни талаб даражасида бошқаришни рағбатлантириш.

2-модда. Атамалар
Ушбу Конвенциянинг мақсадлари учун:

a) “оммавий мансабдор шахс” дегани қуйидагиларни англатади: i) шахснинг мансаб даражасидан қатъи назар, доимий ёки муваққат асосда, иш ҳақи учун ёки иш ҳақини олмасдан иштирокчи Давлатнинг қонунчилик, ижроия, маъмурий ёки суд органида бирон лавозимни эгаллаб турган ҳар қандай тайинланадиган ёки сайланадиган шахс; ii) шунингдек, оммавий муссаса ёки оммавий корхона учун бирон оммавий вазифани бажараётган ёки иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилигида белгиланган тартибда ва ушбу иштирокчи Давлатнинг ҳуқуқий тартибга солишнинг тегишли соҳасида қўлланиладиган тартибда бирон оммавий хизматни тақдим этаётган ҳар қандай бошқа шахс; iii) иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилигида “оммавий мансабдор шахс” сифатида белгиланадиган ҳар қандай бошқа шахс. Шундай бўлсада, мазкур Конвенциянинг II бобида кўзда тутилган айрим муайян чораларни кўриш мақсадида “оммавий мансабдор шахс” сифатида, иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилигида белгиланган тартибда ва ушбу иштирокчи Давлатнинг ҳуқуқий тартибга солишнинг тегишли соҳасида қўлланиладиган тартибда бирон оммавий вазифани бажараётган ёки бирон оммавий хизматни кўрсатаётган ҳар қандай шахс бўлиши мумкин;
b) “хорижий оммавий мансабдор шахс” деганда хорижий давлатнинг қонунчилик, ижроия, маъмурий ёки суд органида бирон лавозимни эгаллаб турган ҳар қандай тайинланадиган ёки сайланадиган шахс ва хорижий давлат учун, шу жумладан оммавий муассаса ёки оммавий корхона учун бирон оммавий вазифани бажарадиган шахс кўзда тутилади;
c) “оммавий халқаро ташкилотнинг мансабдор шахси” деганда халқаро фуқаро хизматчиси ёки бундай ташкилот томонидан унинг номидан иш юритиш ваколати берилган ҳар қандай шахс назарда тутилади;
d) “мол-мулк” деганда ҳар қандай моддий ёки номоддий, кўчмас ва кўчар активлар, буюмлар ёки ҳуқуқлар орқали ифодаланган активлар ҳамда бундай активларга мулкий ҳуқуқни ёҳуд уларга бўлган қизиқишни исботлайдиган юридик ҳужжатлар ёинки далолатномалар каби ҳар қандай активлар тушунилади;
e) “жиноий даромадлар” деганда бирон жиноятни содир этиш натижасида бевосита ёки билвосита, харид қилинган ёки қўлга киритилган ҳар қандай мол-мулк назарда тутилади;
f) “опеоацияларини тўхтатиб қўйиш (ишга солмай туриш)” ёки “хатлаш” дегани мол-мулкни топшириш, шаклини ўзгартириш, бегоналаштириш ёки кўчиришни тақиқлаш, ёки бундай мулкка вақтинча эгалик қилишга киришиш, ёки суд қарори ёхуд бошқа ваколатли органнинг қарорига мувофиқ вақтинча уни назорат қилиш назарда тутилади;
g) “мусодара” суд ёки бошқа ваколатли органнинг қарорига мувофиқ мол-мулкдан бутунлай маҳрум этишни англатади;
h) “асосий ҳуқуқбузарлик” деганда жиноят таркибини ташкил этадиган ва бундай ҳаракатлар натижасида олинган даромадларга нисбатан мазкур Конвенциянинг 23 моддасида келтирилган жазо чоралари қўлланиладиган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик кўзда тутилади;
i) “назорат остида етказиб бериш” деганда бирон жиноятни тергов қилиш ёки унда иштирок этган шахсларни аниқлаш мақсадида ваколатли органларнинг рухсати билан ва назорати остида ноқонуний ёки шубҳа уйғотадиган юклар туркумларини бир ёки бир неча давлатлар ҳудудларидан олиб чиқиш, ушбу ҳудудларга олиб ўтиш ёки олиб киришга йўл қўйиладиган услуб назарда тутилади.
3 - модда. Фойдаланиш доиралари

1. Мазкур Конвенция, унинг қоидаларига мувофиқ, коррупциянинг олдини олиш, тергов қилиш ва коррупция учун жиноий таъқиб қилиш ҳамда мазкур Конвенцияга мувофиқ жиноят йўли билан орттирилган, деб эътироф этилган даромадлар билан амалиётларни тўхтатиб қўйиш (ишга солмай туриш), хатлаш, мусодара қилиш ва қайтариш учун қўлланилади.
2. Мазкур Конвенцияни амалга ошириш мақсадида, агар унда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, айтиб ўтилган жиноятлар содир этилиши натижасида давлат мулкига зарар ёки талафот етказилиши мажбурий эмас.
4-модда. Суверенитетни ҳимоя қилиш

1. Иштирокчи давлатлар ўз мажбуриятларини мазкур Конвенцияга мувофиқ, суверен тенглик тамойиллари ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилига асосланиб амалга оширадилар.
2. Ушбу Конвенцияда ҳеч нарса иштирокчи Давлатларни бошқа давлатлар ҳудудида ушбу давлатларнинг ички қонунчилигига мувофиқ фақат шу давлатлар органларининг ваколатига кирадиган юрисдикция ва функцияларни амалга ошириш ҳуқуқини бермайди.

II боб
Коррупциянинг олдини олиш чоралари
5-модда. Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши
ҳаракат қилиш сиёсати ва амалиёти

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат, ўз ҳуқуқий тизимининг асосий тамойилларига мувофиқ, коррупцияга қарши ҳаракат қилиш борасида, жамият иштирокига ёрдам берадиган ҳамда ҳуқуқ-тартибот, оммавий ишлар ва оммавий мол-мулкни керакли даражада бошқариш, ҳалоллик ва содиқлик, ошкоралик ва масъулиятлилик тамойилларини акс эттирадиган самарали ва мувофиқлаштирилган сиёсатни ишлаб чиқади ва амалга оширади ёки олиб боради.
2. Ҳар бир иштирокчи Давлат коррупциянинг олдини олишга қаратилган самарали амалиёт турларини белгилаш ва рағбатлантиришга ҳаракат қилади.
3. Ҳар бир иштирокчи давлат коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш нуқтаи назаридан тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар ва маъмурий чораларнинг мувофиқлигини аниқлаш мақсадида уларни вақти-вақти билан баҳолашга ҳаракат қилади.
4. Иштирокчи давлатлар тегишли ҳолларда ва ўз ҳуқуқий тизимларининг асосий тамойилларига мувофиқ ушбу моддада келтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашишда бир-бири билан ҳамда тегишли халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик қиладилар. Ушбу ҳамкорлик коррупциянинг олдини олишга қаратилган халқаро дастур ва лойиҳаларда иштирок этишни қамраб олиши мумкин.

6-модда. Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши
ҳаракат қилиш органи ёки органлари

1. Ҳар бир иштирокчи давлат ўз ҳуқуқий тизимларининг асосий тамойилларига мувофиқ, қуйида кўрсатилган чоралар ёрдамида, коррупциянинг олдини олиш ишларини амалга оширадиган орган ёки, тегишли ҳолатларда, органлар мавжуд бўлишини таъминлайди:
a) мазкур Конвенциянинг 5 моддасида тилга олинган сиёсатни олиб бориш ва, тегишли ҳолларда, бундай сиёсат олиб борилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;
b) коррупциянинг олдини олиш масалалари бўйича билимларни кенгайтириш ва тарқатиш;
2. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур модданинг 1 бандида баён этилган орган ёки органларга, улар ҳар қандай номақбул таъсирдан холи шароитларда ўз вазифаларини самарали бажаришлари мумкин бўлиши учун, ўз ҳуқуқий тизимларининг асосий тамойилларига мувофиқ, зарурий мустақилликни таъминлайди. Уларга юклатилган функцияларни бажариш учун талаб этилиши мумкин бўлган керакли моддий ресурслар ва мутахассис ходимларни таъминлаш лозим.
3. Ҳар бир иштирокчи Давлат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда бошқа иштирокчи Давлатларга ёрдам бериши мумкин бўлган орган ёки органларнинг номи ва манзилини хабар қилади.

7-модда. Оммавий сектор

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат, тегишли ҳолларда ва ўз ҳуқуқий тизимларининг асосий тамойилларига мувофиқ, фуқаро хизматчиларни ва, тегишли вазиятларда, бошқа сайланмайдиган оммавий мансабдор шахсларни ишга қабул қилиш, ёллаш, хизматни ўташ, хизмат давомида мансабга эришиш ва истеъфога чиқишнинг қуйидагиларга асосланадиган тизимларини яратиш, қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлашга ҳаракат қилади:
a) самарадорлик ва ошкоралик тамойилларига ҳамда бенуқсон фаолият, адолат ва қобилият каби холисона мезонларга асосланади;
b) тегишли ҳолатларда коррупция ва, маълум ҳолатларда бундай лавозимлардаги тегишли кадрлар ротацияси нуқтаи назаридан, айниқса заиф ҳисобланган оммавий лавозимларни эгаллаш учун кадрлар танлаш ва тайёрлашнинг тегишли таомилларини ўзига киритади;
c) иштирокчи Давлатнинг иқтисодий ривожланганлик даражасини ҳисобга олган ҳолда, тегишли мукофот тўлаш ва адолатли маошларни белгилашга хизмат қилади;
d) бундай шахслар оммавий вазифаларни тўғри, виждонан ва тегишли даражада бажариш талабларига жавоб беришлари мумкин бўлиши учун маърифий ва ўқув дастурларни амалга оширишга кўмаклашадилар ҳамда коррупция билан ва ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлган хатарларни чуқурроқ англашлари мақсадида улар ихтисослашган ҳамда мувофиқ тайёргарликдан ўтишларини таъминлайдилар. Бу каби дастурларда кодексларга асосланишлар ёки амалий соҳалардаги ахлоқ стандартлари мавжуд бўлиши мумкин.
2. Шунингдек, оммавий лавозимларга номзодлар ва сайловларга татбиқан мезонларни белгилаш учун ҳар бир иштирокчи Давлат, мазкур Конвенциянинг мақсадларига қараб ва ўз ички қонунчилигининг асосий тамойилларига мувофиқ, тегишли қонунчилик ва маъмурий чоралар кўриш имкониятларини кўриб чиқади.
3. Шу билан бирга, сайланадиган оммавий лавозимларга номзодларни ва, мумкин бўлган вазиятларда, сиёсий партияларни молиялаштиришда ошкораликни кучайтириш учун ҳар бир иштирокчи Давлат, мазкур Конвенциянинг мақсадларига қараб ва ўз ички қонунчилигининг асосий тамойилларига мувофиқ, тегишли қонунчилик ва маъмурий чоралар кўриш имкониятларини кўриб чиқади.
4. Ҳар бир иштирокчи Давлат, ўз ички қонунчилигининг асосий тамойилларига мувофиқ, ошкораликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳамда манфаатлар тўқнашуви юзага келишининг олдини оладиган тизимларни яратиш, қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлашга ҳаракат қилади.

8-модда. Оммавий мансабдор шахсларнинг
ўзини тутиш кодекслари

1. Коррупцияга қарши курашиш мақсадида ҳар бир иштирокчи Давлат, ўз ҳуқуқий тизимининг асосий тамойилларига мувофиқ, бошқа фазилатлар қатори, ўзининг оммавий мансабдор шахсларининг поклиги, ҳалоллиги ва масъулиятлилигини рағбатлантиради.
2. Хусусан, оммавий функцияларни тўғри, виждонан ва тегишли даражада бажариш учун ҳар бир иштирокчи Давлат ўз институционал ва ҳуқуқий тизимлари доираларида ўзини тутиш кодекслари ёки стандартларни қўллашга интилади.
3. Мазкур модданинг қоидаларини амалга ошириш мақсадида ҳар бир иштирокчи Давлат, тегишли ҳолларда ва ўз ҳуқуқий тизимининг асосий тамойилларига мувофиқ, минтақавий, минтақалараро ва кўп тармоқли ташкилотларнинг тегишли ташаббусларини эътиборга олади, масалан, БМТ Бош Ассамблеясининг 1996 йил 12 декабрдаги 51/59-сонли қарорига иловада баён этилган давлат мансабдор шахслари ўзини тутишининг Халқаро кодекси.
4. Шунингдек, ҳар бир иштирокчи Давлат, ўз ички қонунчилигининг асосий тамойилларига мувофиқ, оммавий мансабдор шахслар ўз функцияларини бажариш вақтида уларга маълум бўлиб қолган коррупцион ҳаракатлар тўғрисида тегишли органларга хабар беришларига хизмат қиладиган чора ва тизимларни белгилаш имкониятларини кўриб чиқади.
5. Ҳар бир иштирокчи Давлат, тегишли ҳолларда ва ўз ички қонунчилигининг асосий тамойилларига мувофиқ, оммавий мансабдор шахсларни тегишли органларига, бошқа маълумотлар қатори, оммавий мансабдор шахслар сифатидаги функцияларида манфаатлар тўқнашувини юзага келтириши мумкин бўлган хизматдан ташқари фаолият, машғулотлар, инвестициялар, активлар ҳамда муҳим туҳфа ёки нафлар тўғрисида декларацияларни тақдим этишга мажбур қиладиган чора ва тизимларни белгилашга ҳаракат қилади.
6. Ҳар бир иштирокчи Давлат, ўз ички қонунчилигининг асосий тамойилларига асосан, мазкур моддага мувофиқ белгиланган кодекс ёки стандартларни бузадиган оммавий мансабдор шахсларга нисбатан интизомий ёки бошқа чораларни кўриш имкониятларини кўриб чиқади.

9-модда. Оммавий харидлар ва оммавий
маблағларни бошқариш

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат, ўз ҳуқуқий тизимининг асосий тамойилларига мувофиқ, бошқа хусусиятлар қатори коррупциянинг олдини олиш нуқтаи назаридан, ошкоралик, рақобат ва қарорларни қабул қилишнинг холисона мезонларига асосланадиган тегишли харид тизимларини яратиш учун зарурий чораларни кўради. Улардан фойдаланиш бўйича тегишли охирги кўрсаткичларни кўзда тутиши мумкин бўлган бундай тизимлар, бошқа жиҳатлар қатори, қуйидагиларга даҳлдор:
a) савдоларнинг салоҳиятли иштирокчиларига уларнинг тендер талабномаларини тайёрлаш ва тақдим этиш учун етарли вақт бериш мақсадида, харид қилиш таомиллари ва сотиб олиш контрактларига тегишли бўлган ахборотни, шу жумладан савдоларда иштирок этишга таклифлар ҳақидаги ахборотни ва контрактларни тузиш тўғрисидаги тегишли ёки ўринли ахборотни оммавий тарқатиш;
b) контрактларни тузиш тўғрисидаги танлаш ва қарорларни қабул қилиш мезонларини ҳамда савдоларни ўтказиш ва элон қилиш қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, иштирок этиш шартларини олдиндан белгилаш;
c) қоидалар ва таомиллар тўғри қўлланилаётганлигини келгусида текширишга кўмаклашиш мақсадида оммавий харидлар тўғрисида қабул қилинган қарорлар юзасидан олдиндан белгиланган ва холисона мезонлардан фойдаланиш;
d) мазкур бандга мувофиқ белгиланган қоидалар ёки таомилларга риоя қилмаган вазиятда ҳуқуқ учун курашиш ва ҳуқуқий ҳимоя бўйича юридик воситаларни таъминлаш учун самарали ички назорат тизими, шу жумладан норозилик шикоятини тақдим этишнинг самарали тизими;
e) тегишли ҳолатларда харидлар учун жавобгар бўлган ходимларга оид масалаларни тартибга солиш, масалан, муайян оммавий харидларга бўлган манфаатдорликни декларация қилиш тўғрисида талабнома, текшириш таомиллари ва профессионал тайёргарликка қўйиладиган талаблар.
2. Ҳар бир иштирокчи Давлат, ўз ҳуқуқий тизимининг асосий тамойилларига мувофиқ, оммавий маблағларни бошқаришда ошкоралик ва ҳисобдорликка кўмаклашиш бўйича тегишли чораларни кўради. Бундай чоралар, бошқа йўналишлар қатори, қуйидагиларни қамраб олади:
a) миллий бюджетни тасдиқлаш таомиллари;
b) тушумлар ва харажатлар тўғрисидаги ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиш;
c) бухгалтерия ҳисоботи ва аудит стандартлари тизими ва бу билан боғлиқ бўлган назорат;
d) хатарларни бошқариш ва ички назоратнинг самарали ва таъсирчан тизимлари; ва
e) тегишли ҳолларда, мазкур бандда белгиланган талабларга амал қилинмаганда мувофиқлаштириш.
3. Ҳар бир иштирокчи Давлат, оммавий харажатлар ва даромадларга тегишли бўлган бухгалтерия китоблари, ёзмалар, молиявий ҳужжатлар ёки бошқа ҳужжатлар бут сақланишини таъминлаш учун, унинг ички қонунчилигининг асосий тамойилларига мувофиқ талаб этилиши мумкин бўлган фуқаролик-ҳуқуқий ва маъмурий чораларни кўради.
10-модда. Оммавий ҳисобдорлик

Коррупцияга қарши курашиш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир иштирокчи Давлат, ўз ички қонунчилигининг асосий тамойилларига мувофиқ, унинг оммавий маъмуриятининг, шу жумладан уни ташкил этилиши, фаолияти ва, тегишли ҳолларда, қарорларни қабул қилиш жараёнларига татбиқан, ошкоралигини кучайтириш учун талаб этилиши мумкин бўлган чораларни кўради. Бундай чораларга, бошқа амаллар қатори, қуйидагиларни киритиши мумкин:
a) аҳолига, тегишли ҳолларда, оммавий маъмуриятни ташкил қилиш, унинг фаолият юритиши ва қарор қабул қилиши жараёнлари тўғрисидаги, ҳамда хусусий ҳаёт ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш заруратини англаган ҳолда, аҳоли манфаатларига дахлдор қарорлар ва юридик амаллар юзасидан ахборотга эга бўлишга имкон берадиган таомил ёки қоидаларни қабул қилиш;
b) тегишли ҳолларда, қарорларни қабул қилувчи ваколатли органлар ҳузурига киришда оммавий имконга эга бўлишни осонлаштириш учун маъмурий таомилларни соддалаштириш; ва
c) оммавий маъмуриятда коррупция хатари ҳақидаги даврий ҳисоботларни киритиши мумкин бўлган ахборотни эълон қилиш.

11-модда. Суд органлари ва прокуратура
органларига доир чоралар

1. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва у коррупцияга қарши курашишда ҳал қилувчи роль ўйнашини ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир иштирокчи Давлат, ўз ҳуқуқий тизимининг асосий тамойилларига мувофиқ ва суд органлари мустақиллигига путур етказмаган равишда, судьялар ва суд органлари ходимлари ҳалоллиги ва поклигини кучайтириш ҳамда улар орасида коррупция илдиз отишига ҳеч қандай имкон бермаслик чораларини кўради.
2. Мазкур модданинг 1 бандида баён этилганга ўхшаш чоралар прокуратура органлари суд ҳокимияти таркибига кирмайдиган, лекин суд органларида бўлгани каби мустақилликка эга бўлган иштирокчи Давлатларнинг прокуратура органларида қўлланилиши мумкин.

12-модда. Хусусий сектор

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат, ўз ички қонунчилигининг асосий тамойилларига мувофиқ, хусусий секторда коррупциянинг олдини олиш, бухгалтерия ҳисоботи ва аудити стандартларини кучайтириш ва, тегишли ҳолларда, бундай чораларга риоя қилинмаслиги учун самарали, мутаносиб ва тийиб турувчи таъсир кўрсатадиган фуқаролик-ҳуқуқий, маъмурий ёки жиноий жазоларни белгилаш чораларини кўради.
2. Бундай мақсадларга эришишга қаратилган чоралар, бошқалар қатори, қуйидагиларни қамраб олиши мумкин:
a) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тегишли хусусий ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликка кўмаклашиш;
b) тегишли хусусий ташкилотлар фаолиятида ҳалолликни таъминлаш учун мўлжалланган стандарт ва таомилларни, шу жумладан тадбиркорлар ва барча тегишли касб-ҳунарлар соҳиблари ўз фаолиятларини тўғри, виждонан ва тегишли даражада амалга оширишлари учун ва манфаатлар тўқнашуви юзага келишининг олдини олиш ҳамда тижорат корхоналар ўртасидаги муносабатларда ва бундай корхоналар ва давлат ўртасидаги муносабатларда ҳалол тижорат амалиёти қўлланилишини рағбатлантириш учун мўлжалланган стандарт ва таомилларни ишлаб чиқишда кўмаклашиш;
c) хусусий ташкилотлар фаолиятида ошкораликни таъминлашга кўмаклашиш, шу жумладан, тегишли ҳолларда, корпоратив ташкилотларни яратиш ва уларни бошқаришга дахлдор бўлган юридик ва жисмоний шахсларни солиштириш чораларини кўриш;
d) хусусий ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи, шу жумладан, оммавий органлар томонидан тижорат фаолиятини юритиш учун тақдим этиладиган субсидия ва лицензияларга оид таомиллар суиистеъмол қилинишининг олдини олиш;
e) собиқ оммавий мансабдор шахсларнинг профессионал фаолиятига нисбатан ёки бундай оммавий мансабдор шахслар хусусий сектордан истеъфога ёки пенсияга чиққанларидан кейин уларнинг ишига нисбатан (қачонки бу каби фаолият ёки иш шундай оммавий мансабдор шахслар ўз лавозимларини эгаллаб турганда ёки бундай ишлар устидан назорат олиб борганларида уларнинг функциялари билан бевосита боғлиқ бўлганда), тегишли вазиятларда ва оқилона муддатга чекловлар белгилаш йўли билан манфаатлар тўқнашуви юзага келишининг олдини олиш;
f) коррупцион ҳаракатларнинг олдини олиш ва аниқлашда ёрдам бериш ҳамда бундай хусусий ташкилотларнинг ҳисоб рақамлари ва керакли молиявий ҳужжатларини тегишли аудит ва сертификатлаштириш таомилларидан ўтказиш мумкин бўлиши учун хусусий ташкилотлар, уларнинг тузилиши ва катта-кичиклигини ҳисобга олган ҳолда, ички аудит назоратини юритиш учун етарли механизмларга эга бўлишларини таъминлаш.
3. Коррупциянинг олдини олиш мақсадида ҳар бир иштирокчи Давлат, ўз ички қонунчилиги ва бухгалтерия ҳисобини юритиш, молиявий ҳисоботлар ҳамда бухгалтерия ҳисоблари ва стандартларини тақдим этишни тартибга солувчи қоидаларга мувофиқ, қуйида кўрсатилган ва мазкур Конвенция билан эътироф этилган ҳар қандай жиноятни содир этиш учун қўлланиладиган ҳаракатларни тақиқлаш учун талаб этилиши мумкин бўлган чораларни кўради:
a) норасмий ҳисобдорликни ташкил этиш;
b) ҳисобга олинмаган ёки нотўғри рўйхатга олинган амалиётларни ўтказиш;
c) мавжуд бўлмаган харажатлар ҳисобини юритиш;
d) объекти нотўғри идентификация қилинган мажбуриятларни акс эттириш;
e) сохта ҳужжатлардан фойдаланиш; ва
f) бухгалтерия ҳужжатларини қонунчиликда белгиланган муддатлардан аввал атайлаб йўқ қилиш;
4. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур Конвенциянинг 15 ва 16 моддаларига мувофиқ жиноят таркибининг элементларидан бири бўлиб, порани ифодалайдиган харажатлар ва, тегишли ҳолларда, коррупцион ҳаракатларга кўмаклашиш мақсадида амалга оширилган бошқа харажатлар солиқ солинишидан озод этилишини рад этади.
13-модда. Жамият иштироки
1. Ҳар бир иштирокчи Давлат ўз имкониятлари доирасида ва ўз ички қонунчилигининг асосий тамойилларига мувофиқ, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда жамият коррупция мавжудлиги, унинг сабаблари, хавфли хусусиятлари ва юзага келтирувчи таҳдидларини янада чуқурроқ англаши учун фуқаролик жамият, ноҳукумат ташкилотлар ва жамоатлар негизида фаолият юритувчи ташкилотлар каби оммавий секторнинг ташқарисида алоҳида шахслар ва гуруҳларнинг фаол иштирокига кўмаклашиш учун тегишли чораларни кўради. Бу каби иштирокни қуйидаги чоралар ёрдамида мустаҳкамлаш лозим:
a) аҳолини қарорларни қабул қилиш жараёнларига жалб қилишга кўмаклашиш ва унинг ошкоралигини ошириш;
b) аҳоли учун ахборотга эга бўлишнинг самарали имкониятларини таъминлаш;
c) аҳолига коррупцияга нисбатан чидаб бўлмайдиган муҳит яратишга хизмат қилувчи ахборотни етказишга қаратилган тадбирларни ўтказиш ҳамда оммавий таълим дастурлари, шу жумладан мактаб ва университетларда ўқув дастурларни амалга ошириш;
d) коррупция тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш, эълон қилиш ва тарқатиш эркинлигини ҳурмат қилиш, рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш. Бундай эркинликнинг маълум чекловлари белгиланиши мумкин, лекин улар қонунчиликда назарда тутилган бўлади ва қуйидагилар учун зарур:
i) бошқа одамлар ҳуқуқлари ва обрўсини ҳурмат қилиш учун;
ii) аҳолининг миллий хавфсизлигини ёки оммавий тартибини, ёки соғлиғини сақлаш, ёҳуд ахлоқини ҳимоя қилиш учун.
2. Ҳар бир иштирокчи Давлат ушбу Конвенцияда тилга олинган коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли органлар аҳолига маълум бўлишларини таъминлаш учун маълум чораларни кўради ҳамда мазкур Конвенцияга мувофиқ шундай деб эътироф этилган биронта жиноятчилик сифатида қабул қилиниши мумкин бўлган ҳар қандай ҳоллар тўғрисида хабарларни, шу жумладан аноним тарзда, тақдим этиш учун бундай органлар ҳузурига кириш имкони билан таъминлайди.

14-модда. Пул маблағларини легаллаштиришнинг
олдини олиш бўйича тадбирлар
1. Ҳар бир иштирокчи Давлат:

a) банклар ва банкдан ташқари молия муассасаларига нисбатан, шу жумладан пул маблағлари ёки қимматликларни ўтказиш билан боғлиқ расмий ёки норасмий хизматларни тақдим этувчи жисмоний ёки юридик шахсларга нисбатан ҳамда, тегишли ҳолларда, пул маблағларини легаллаштириш нуқтаи назаридан, ўз ваколати доираларида, бундай маблағларни легаллаштиришнинг барча шаклларини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик мақсадида кенг қамровли ички тартибга солиш ва назорат қилиш режимини белгилайди, ва шу билан бирга бундай режим, биринчи навбатда, мижоз шахсини аниқлашга оид талабларга ва, тегишли ҳолларда, мулкдор-бенифициарни идентификация қилиш, ҳисоботни юритиш ва шубҳали операциялар тўғрисида хабарларни тақдим этишга асосланади;
b) мазкур Конвенциянинг 46 моддасига зарар етказмаган ҳолда, пул маблағларини легаллаштиришга қарши кураш олиб бораётган маъмурий, тартибга солувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа органлар (шу жумладан, бундай амал ички қонунчиликка мос келган ҳолатда, суд органлари ҳам) унинг ички қонунчилиги билан белгиланадиган шартларда, миллий ва халқаро даражаларда ҳамкорлик қилиш ва ахборот алмашишга қодир бўлишларини таъминлайди, ва шу мақсадларда кузатилиши мумкин бўлган пул маблағларини легаллаштириш ҳолатларига доир ахборотни йиғиш, таҳлил қилиш ва тарқатиш бўйича миллий марказ сифатида фаолият юритадиган молиявий тезкор ахборот бўлинмасини таъсис этиш ҳақидаги масалани кўриб чиқади.
2. Иштирокчи Давлатлар, ахборотдан тегишли даражада фойдаланишни таъминлашга қаратилган кафолатларга амал қилиш ҳамда қонуний капиталлар ҳаракатланишига ҳеч қандай тўсқинлик қилмаслик шарти билан, нақд пул маблағлари ва тегишли айланма маблағлар уларнинг чегараларидан ҳаракатланишини аниқлаш ва бундай ҳаракатланиш кетидан назорат олиб бориш бўйича амалда қўлланилиши мумкин бўлган чораларни кўриш масаласини кўриб чиқадилар. Бундай чоралар жисмоний шахслар ва тижорат корхоналар катта ҳажмдаги нақд пулларнинг трансчегаравий ўтказилиши ва тегишли миқдордаги айланма маблағлар топширилиши тўғрисида хабар беришлари лозимлиги бўйича талабни ўзига киритиши мумкин.
3. Иштирокчи Давлатлар молия муассасалари, шу жумладан пул маблағларини ўтказиш муассасалари қуйида кўрсатиб ўтилганларни амалга оширишлари юзасидан талаб белгилаш учун тегишли ва амалиётда қўллаш мумкин бўлган чоралардан фойдаланиш ҳақидаги масалани кўриб чиқадилар:
a) маблағларни электрон шаклда ўтказиш формулярларига ва улар билан боғлиқ хабарларга жўнатувчи тўғрисида аниқ ва мазмунли маълумот киритиш;
b) бундай ахборотни тўловни амалга оширишнинг бутун занжири бўйлаб сақлаб туриш;
c) жўнатувчи тўғрисида тўлиқ маълумотлар мавжуд бўлмаган вазиятда ўтказилган маблағларнинг чуқурлашган текширувини амалга ошириш.
4. Мазкур модданинг қоидаларига мувофиқ ва ушбу Ковенциянинг ҳар қандай бошқа моддасига зарар етказмаган ҳолда, тартибга солиш ва назорат қилишнинг ички режимини белгилашда иштирокчи Давлатларга минтақавий, минтақалараро ва кўп томонлама ташкилотларнинг пул маблағларини легаллаштиришга қарши курашишга қаратилган тегишли тавсияларига амал қилиш тавсия этилади.
5. Пул маблағларини легаллаштиришга қарши курашиш мақсадида иштирокчи Давлатлар суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда молиявий тартибга солиш органлари ўртасида глобал, минтақавий, субминтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва рағбатлантиришга интиладилар.

III боб
Жиноятчилик ва ҳуқуқни муҳофаза
қилиш фаолияти
15-модда. Миллий оммавий мансабдор
шахсларга пора бериш

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат қуйида кўрсатилган ҳаракатлар атайлаб содир этилганда буни жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат сифатида эътироф этиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чораларни кўради:
a) оммавий мансабдор шахсга шахсан ёки воситачилар орқали ушбу мансабдор шахснинг ўзи учун ёхуд бошқа жисмоний ёки юридик шахс учун, ушбу мансабдор шахс ўз лавозим вазифаларини бажариш вақтида бирон ҳаракатни амалга ошириши ёки ҳаракат қилмаслиги мақсадида, бирон ноқонуний афзалликни ваъда қилиш, таклиф этиш ёки тақдим этиш;
b) бирон мансабдор шахс ўз лавозим вазифаларини бажариш вақтида бирон бир ҳаракат ёки ҳаракатсизлик мақсадида мансабдор шахснинг ўзи учун ёхуд бошқа жисмоний ёки юридик шахс учун бирон ноқонуний афзалликни шахсан оммавий мансабдор шахс томонидан ёки воситачилар орқали талаб қилиб ёки қабул қилиб олиш.
16-модда. Хорижий оммавий мансабдор шахсларга ва оммавий халқаро ташкилотларнинг мансабдор шахсларига пора бериш
1. Ҳар бир иштирокчи Давлат хорижий оммавий мансабдор шахсга ёки оммавий халқаро ташкилотнинг мансабдор шахсига шахсан ёки воситачилар орқали мансабдор шахснинг ўзи учун ёхуд бошқа жисмоний ёки юридик шахс учун, ушбу мансабдор шахс халқаро ишларни юритиш юзасидан тижорат ёки бошқа ноқонуний афзалликка эга бўлиш учун ўз лавозим вазифаларини бажариш вақтида бирон ҳаракатни амалга ошириши ёки ҳаракат қилмаслиги мақсадида бирон афзалликни ваъда қилиш, таклиф этиш ёки тақдим этиш, қачонки улар атайин содир этилганда, буни жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат сифатида эътироф этиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чораларни кўради.
2. Ҳар бир иштирокчи Давлат хорижий оммавий мансабдор шахсга ёки оммавий халқаро ташкилотнинг мансабдор шахсига шахсан ёки воситачилар орқали мансабдор шахснинг ўзи учун ёхуд бошқа жисмоний ёки юридик шахс учун, ушбу мансабдор шахс ўз лавозим вазифаларини бажариш вақтида бирон ҳаракатни амалга ошириши ёки ҳаракат қилмаслиги мақсадида бирон афзалликни ваъда қилиш, таклиф этиш ёки тақдим этиш, қачонки улар атайин содир этилганда, буни жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат сифатида эътироф этиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чораларни кўриш имкониятини кўриб чиқади.

17-модда. Оммавий мансабдор шахс томонидан мол-мулк
талон-торож қилиниши, ноқонуний ўзлаштирилиши ёки
кўзда тутилмаган мақсадларда ишлатилиши

Ҳар бир иштирокчи Давлат мансабдор шахснинг ўзи ёхуд бошқа жисмоний ёки юридик шахс фойда олиши мақсадида хизмат мавқеига кўра ушбу оммавий мансабдор шахснинг қарамоғида бўлган бирон-бир мол-мулк, оммавий ёки хусусий маблағларни ёхуд қимматли қоғозлар ёки исталган бошқа қимматли предметни мансабдор шахс томонидан ўғирланишини, ноқонуний ўзлаштирилишини ёки кўзда тутилмаган бошқа мақсадларда ишлатилишини, қачонки улар атайин содир этилганда, буни жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат сифатида эътироф этиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чораларни кўради.

18-модда. Ғаразли мақсадларда мавқеидан
фойдаланиш

Ҳар бир иштирокчи Давлат қуйида кўрсатилган ҳаракатлар атайлаб содир этилганда буни жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат сифатида эътироф этиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чоралар кўриш имкониятини кўриб чиқади:
а) оммавий мансабдор шахсга ёки исталган бошқа шахсга шахсан ёки воситачилар орқали иштирокчи Давлатнинг маъмурияти ёки оммавий органидан ушбу ҳаракатларнинг биринчи ташаббускори ёки исталган бошқа шахс учун бирон ноқонуний афзалликларни олиб бериш мақсадида ушбу мансабдор шахс ёки бошқа шундай шахс ўзининг ҳақиқий ёки тахмин қилинган нуфузини суиистеъмол қилиши эвазига бирон ноқонуний афзалликларни ваъда қилиш, таклиф этиш ёки тақдим этиш;
b) оммавий мансабдор шахс томонидан ёки воситачилар орқали оммавий мансабдор шахс ёки бошқа шундай шахс иштирокчи Давлатнинг маъмурияти ёки оммавий органидан шахсан ўзи ёки бошқа шахс учун бирон ноқонуний афзалликларни олиб бериш мақсадида ушбу мансабдор шахс ёки бошқа шундай шахс ўзининг ҳақиқий ёки тахмин қилинган нуфузини суиистеъмол қилиши учун бирон ноқонуний афзалликларни талаб қилиб ёки қабул қилиб олиш.

19-модда. Хизмат лавозимининг суиистеъмол
қилиниши

Ҳар бир иштирокчи Давлат хизмат ваколатларидан фойдаланишни ёки хизмат лавозимини суиистъемол қилишни, яъни оммавий мансабдор шахс ўз лавозим вазифаларини бажариш вақтида қонунга хилоф равишда шахсан ўзи ёки бошқа юридик ёхуд жисмоний шахс учун бирон ноқонуний афзалликларни олиш мақсадида бирон ҳаракатни амалга ошириши ёки ҳаракат қилмаслигини, қачонки улар атайин содир этилганда, буни жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат сифатида эътироф этиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чораларни кўриш имкониятини кўриб чиқади.

20-модда. Ноқонуний тарзда бойлик
орттирилиши

Ҳар бир иштирокчи Давлат, ўз конституцияси ва ҳуқуқий тизимининг энг муҳим принципларига риоя қилиш шартида, ноқонуний тарзда бойлик орттилишини, яъни оммавий мансабдор шахс активлари унинг қонуний даромадларидан оқилона асосланиб берила олмайдиган даражада ошиб кетишини, қачонки улар атайин содир этилганда, буни жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат сифатида эътироф этиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чораларни кўриш имкониятини кўриб чиқади.
21-модда. Хусусий секторда пора бериш

Ҳар бир иштирокчи Давлат иқтисодий, молиявий ёки тижорат фаолиятида давомида қуйида кўрсатилган ҳаракатлар атайлаб содир этилганда буни жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат сифатида эътироф этиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чоралар кўриш имкониятини кўриб чиқади:
а) хусусий сектор ишини ташкил қилишга раҳбарлик қилаётган ёки ушбу ташкилотда исталган лавозимда ишлаётган шахснинг ўзига ёки бошқа шахсга, ушбу шахс ўз хизмат вазифаларига хилоф бўлган бирон ҳаракатни амалга ошириши ёки ҳаракат қилмаслиги эвазига шахсан ёки ёки воситачилар орқали бирон афзалликни ваъда қилиш, таклиф этиш ёки тақдим этиш;
b) хусусий сектор ишини ташкил қилишга раҳбарлик қилаётган ёки ушбу ташкилотда исталган лавозимда ишлаётган шахснинг ўзига ёки бошқа шахсга, ушбу шахс ўз хизмат вазифаларига хилоф бўлган бирон ҳаракатни амалга ошириши ёки ҳаракат қилмаслиги эвазига шахсан ёки ёки воситачилар орқали бирон ноқонуний афзалликни талаб қилиб ёки қабул қилиб олиш.
22-модда. Хусусий секторда мулкнинг
ўғирланиши

Ҳар бир иштирокчи Давлат иқтисодий, молиявий ва ёки тижорат фаолияти давомида хусусий сектор ишини ташкил қилишга раҳбарлик қилаётган ёки ушбу ташкилотда исталган лавозимда ишлаётган шахс томонидан хизмат лавозимига кўра ушбу шахснинг қарамоғида бўлган бирон-бир мол-мулк, хусусий маблағларни ёхуд қимматли қоғозлар ёки исталган бошқа қимматли предметнинг ўғирланишини, ноқонуний ўзлаштирилишини ёки кўзда тутилмаган бошқа мақсадларда ишлатилишини, қачонки улар атайин содир этилганда, буни жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат сифатида эътироф этиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чоралар кўриш имкониятини кўриб чиқади.
23-модда. Жиноий йўл билан топилган
даромадларни легаллаштириш

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат ўзининг ички ҳуқуқий тизимининг энг муҳим принципларига мувофиқ қуйида кўрсатилган ҳаракатлар атайлаб содир этилганда буни жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат сифатида эътироф этиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чораларни қабул қилади:
а) i) агар мол-мулк жиноий йўл билан топилгани аввалдан маълум бўлса ва уни жиноий манбасини яшириш ва сир тутиш мақсадида ёки асосий ҳуқуқбузарликни содир этишда иштирок этадиган исталган бошқа шахсга, у ўзининг жиноий ҳатти-ҳаракатлари учун жавобгарликдан бўйин товлашига ёрдам бериш мақсадида мол-мулкни конверсиялаш (ўзгартириш) ёки ўтказиш;
ii) агар мол-мулк жиноий йўл билан топилгани аввалдан маълум бўлса мол-мулкнинг ҳақиқий тавсифини, манбасини, тасарруф этиш усулини ёки унинг кимга тегишли эканини, жойини ўзгартиришни, мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни яшириш ва сир тутиш;
b) ўзининг ҳуқуқий тизимининг энг муҳим принципларига риоя қилиш шартида:
i) агар мол-мулкни олаётганда ушбу мол-мулк жиноий йўл билан топилгани аввалдан маълум бўлса ушбу мол-мулкни сотиб олиш, унга эгалик қилиш ёки ундан фойдаланиш;
ii) мазкур моддага мувофиқ жиноят деб тан олинган исталган ҳаракатларнинг бирида иштирок этиш, дахлдор бўлиш ёки ушбу жиноятни содир этиш мақсадида тил бириктириш, уни содир этишга уриниш, шунингдек уни содир этилишида шериклик қилиш, фитна уюштириш ва кўмак бериш.
2. Мазкур модданининг 1-бандини амалга ошириш
ёки қўллаш мақсадида:
а) ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур модданинг 1-бандини асосий ҳуқуқбузарликларнинг энг кенг доираси учун қўллашга интилади;
b) ҳар бир иштирокчи Давлат асосий ҳуқуқбузарликлар сирасига камида мазкур Ковенцияга мувофиқ жиноят деб тан олинган ҳаракатларнинг кенг қамровли доирасини киритади;
с) юқорида келтирилган (b) кичик банднинг мақсадлари учун асосий ҳуқуқбузарликлар сирасига тегишли иштирокчи Давлат юрисдикцияси доирасида ҳам, доирасидан ташқарида ҳам содир этилган жиноятлар киради. Лекин бирон иштирокчи Давлатнинг юрисдикцияси доирасидан ташқарида содир этилган жиноятлар фақат мазкур жиноий ҳаракат содир этилган давлатнинг ички қонунчилигига кўра жиноий жазога лойиқ деб топилса ва ушбу модда амалга оширилаётган ёки қўлланилаётган иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилигига кўра, агар бу жиноят айнан шу давлатда содир этилиб, жиноий жазога лойиқ деб тан олинсагина асосий ҳуқуқбузарликлар деб тан олинади.
d) ҳар бир иштирокчи Давлат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига мазкур моддадаги ҳолатлар амалга оширилишини таъминловчи ўз қонунларининг матнини, шунингдек ушбу қонунларга кейинчалик киритилган барча ўзгартишлар ёки уларнинг таърифланишларини тақдим этади:
е) агар иштирокчи Давлатдаги ички қонунчиликнинг энг муҳим принциплари буни талаб қилса, у ҳолда мазкур модданинг 1-моддасида кўрсатилган жиноятлар асосий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга тегишли бўлмаслигини кўзда тутиш мумкин бўлади.

24-модда. Жиноятни яшириш

Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур Конвенциянинг 23-моддасида келтирилган ҳолатлар учун зарар етказмаган ҳолда мазкур Конвенцияда жиноят деб топилган исталган жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин ушбу жиноятлар содир этилишида иштирок этмаган бўлсада, тегишли шахсга бу мол-мулк мазкур Конвенцияда жиноят деб топилган исталган жиноий ҳаракатлар содир этилиши натижасида орттирилган мол-мулкни яшириш ёки доимий равишда ушлаб туриш каби ҳаракатларни, қачонки улар атайин содир этилганда, буни жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат сифатида эътироф этиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чораларни кўриш имкониятини кўриб чиқади.
25-модда. Одил судловнинг амалга
оширилишига тўсқинлик қилиш
Ҳар бир иштирокчи Давлат қуйида кўрсатилган ҳаракатлар атайлаб содир этилганда буни жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат сифатида эътироф этиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чоралар кўради:
а) мазкур Конвенцияга мувофиқ жиноят деб тан олинган ҳаракатлар содир этилганлиги муносабати амалга оширилаётган жараён давомида сохта маълумотлар беришга мажбур қилиш ёки маълумотларни бериш ёхуд маълумотларни тақдим этиш жараёнига аралашиш мақсадида жисмоний куч ишлатиш, дўқ-пўписа қилиш ёки қўрқитиш ёхуд ваъда бериш ёки ноқонуний афзалликни таклиф қилиш ёки тақдим этиш;
b) мазкур Конвенцияга мувофиқ жиноят деб тан олинган ҳаракатлар содир этилганлиги муносабати амалга оширилаётган жараён давомида суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг мансабдор шахси томонидан ўзининг хизмат вазифаларини бажаришига аралашиш мақсадида жисмоний куч ишлатиш, дўқ-пўписа қилиш ёки қўрқитиш. Мазкур кичик банддаги ҳеч нарса иштирокчи Давлатларнинг оммавий мансабдор шахсларнинг бошқа тоифалари ҳимоя қилинишини таъминловчи қонунчликка эга бўлиш ҳуқуқига зарар етказмайди.
26-модда. Юридик шахсларнинг жавобгарлиги

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат, ўзининг ҳуқуқий принципларини ҳисобга олган ҳолда, мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳаракатларда иштироки учун юридик шахсларнинг жавобгарлигини аниқлаш учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради.
2. Юридик шахсларнинг жавобгарлиги, иштирокчи Давлатнинг ҳуқуқий принципларига риоя қилиш шартида, жиноий, фуқаролик-ҳуқуқий ёки маъмурий бўлиши керак.
3. Бундай жавобгарликнинг юклатилиши жиноят содир этган жисмоний шахсларнинг жиноий жавобгарлигига зарар етказмайди.
4. Ҳар бир иштирокчи Давлат, хусусан, ушбу моддага мувофиқ жавобгарликка тортилаётган юридик шахсларга нисбатан самарали, мутаносиб ва тўхтатувчи таъсирга эга бўлган жиноий ёки жиноий бўлмаган чоралар, шу жумладан пуллик жарималар қўлланилишини таъминлайди.

27-модда. Иштирок ва суиқасд

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган бирон-бир жиноий ҳаракатни содир этишда исталган сифатда, масалан, шерик, ёрдамчи ёки далолатчи сифатида қатнашишни ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат деб тан олинишини талаб қилиши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чораларни кўради.
2. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган бирон-бир жиноий ҳаракатни содир этишга суиқасд ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат деб тан олинишини талаб қилиши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чораларни кўради.
3. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган бирон-бир жиноий ҳаракатни содир этишга тайёргарликни ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат деб тан олинишини талаб қилиши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чораларни кўради.

28-модда. Англаш, мақсад ва қасд жиноятнинг
элементлари сифатида

Мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган бирон-бир жиноий ҳаракатнинг элементлари сифатида талаб этиладиган англаш, мақсад ва қасд ишнинг объектив асл ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда аниқланиши мумкин.
29-модда. Даъво муддати

Ҳар бир иштирокчи Давлат, тегишли ҳолатларда, ўзининг ички қонунчлигига мос равишда, мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган исталган жиноий ҳаракатларга нисбатан иш қўзғатилиши учун узоқ даъво муддатини белгилайди ва жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахс одил судловдан бўйин товлаётган ҳолларда даъво учун янада узоқ муддатни ёки даъво муддатини давом этишини тўхтатиш имкониятини белгилайди.

30-модда. Жиноий таъқиб, суд қарорларини
чиқариш ва санкция.

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган бирон-бир жиноий ҳаракатлар содир этилиши учун ушбу жиноятнинг хавфлилик даражасини ҳисобга олувчи жиноий жазолар қўлланилишини кўзда тутади.
2. Ҳар бир иштирокчи Давлат ўзининг ҳуқуқий тизими ва конституцион принципларига мувофиқ равишда оммавий мансабдор шахсларга ўзларининг вазифаларини бажаришлари муносабати билан тақдим этилган исталган иммунитетлар ёки юрисдикцион имтиёзлар ўртасидаги тегишли мувозанатлаштиришни белгилаши ёки таъминлаши ва зарурат туғилганида, мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган жиноий ҳатти-ҳаракатлар юзасидан самарали тергов ишларини олиб бориш ҳамда жиноий иш қўзғатиш ва суд қарорини чиқариш имкониятини талаб қилиши мумкин бўлган чораларни кўради.
3. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган жиноий ҳатти-ҳаракатларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш чоралар максимал даражада самарали бўлиши мақсадида ушбу жиноятларни содир этган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатишга тааллуқли ўзининг ички қонунчилигида кўзда тутилган исталган дискрецион ва юридик ваколатлардан фойдаланишни таъминлашга интилади ва заруратнинг лозим бўлган даражасида бу каби жиноятлар содир этилишига монелик кўрсатади.
4. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган жиноий ҳатти-ҳаракатларга нисбатан, ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ ва ҳимоя ҳуқуқларини лозим даражада ҳисобга олган ҳолда, судгача озод қилиш тўғрисидаги қарор ёки кассация (шикоят) аризаси ёки қатъий норозилик (протест) билдирилгунига қадар қабул қилинадиган қарор билан боғлиқ бўлган шартларни белгилашда кейинчалик юритиладиган жиноий иш жараёнида айбланувчи албатта бўлишини таъминлаш заруратини ҳисобга олишни таъминлаш мақсадида тегишли чоралар кўради.
5. Ҳар бир иштирокчи Давлат жиноят содир этган шахсларни муддатидан олдин ёки шартли равишда озод қилиш масаласини кўриб чиқишда этегишли жиноятларнинг хавфлилик даражасини ҳисобга олади.
6. Ҳар бир иштирокчи Давлат ўз ҳуқуқий тизимининг энг муҳим принципларига мувофиқ бўлган даражада мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган жиноий ҳатти-ҳаракатларни содир этишда айбланаётган оммавий мансабдор шахс, айбсизлик презумпцияси принципини ҳурмат қилиш заруратини ҳисобга олган ҳолда, тегишли ҳолатларда тегишли орган томонидан ўз хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча четлатилиши ёки бошқа лавозимга ўтказилишини белгилаб берувчи тартиботни ўрнатиш имкониятларини кўриб чиқади.
7. Ҳар бир иштирокчи Давлат ўз ҳуқуқий тизимининг энг муҳим принципларига мувофиқ бўлган даражада, агар жиноятнинг хавфлилик даржасини ҳисобга олганда ушбу ҳолат асосланган бўлса, мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган жиноий ҳатти-ҳаракатларни содир этишда айбланаётган шахсни суд қарори ёки бошқа тегишли чоралар ёрдамида ўзининг ички қонунчилигида белгиланган муайян муддатга қуйидаги ҳуқуқлардан махрум қилиш учун тартибот белгиланиши имкониятларини кўриб чиқади:
а) оммавий лавозимни эгаллаш; ва
b) тўлиқ ёки қисман давлат тасарруфида бўлган бирон корхонада лавозим эгаллаш.
8. Мазкур модданинг 1-банди ваколатли органлар томонидан фуқаро хизматчиларга нисбатан интизомий ваколатлар амалга оширилишига тўсқинлик қилмайди.
9. Мазкур Конвенциядаги ҳеч бир ҳолат ҳар бир иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилиги доирасидаги мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган жиноий ҳатти-ҳаракатларни белгиловчи ва қўлланиладиган юридик эътирозлар ёки ҳатти-ҳаракатларнинг қонунийлигини аниқлаб берувчи бошқа ҳуқуқий асосларга таянган принципларга таъсир қилмайди, бу каби жиноятларга нисбатан жиноий ишнинг қўзғатилиши ва белгиланиладиган жазо ушбу ички қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
10. Иштирокчи давлатлар мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган жиноий ҳатти-ҳаракатларни содир этгани учун жазоланган шахсларни жамиятга реинтеграция қилинишига кўмак беришга интиладилар.

31-модда. Амалиётларни тўхтатиб қўйиш
(ишга солмай туриш), хатлаш ва мусодара

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат ўзининг ички ҳуқуқий тизими доирасида мумкин бўлган максимал даражада қуйидагиларни мусодара қилиш имкониятини таъминлашни талаб қилиши мумкин бўлган чораларни кўради:
а) мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган жиноий ҳатти-ҳаракатлар йўли билан орттирилган даромадлар ёки қиймати ушбу даромадлар қийматига тенг бўлган мол-мулк;
b) мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган жиноий ҳатти-ҳаракатларни содир этишда фойдаланилган ёки фойдаланишга мўлжалланган мол-мулк, ускуналар;
2. Ҳар бир иштирокчи Давлат кейинчалик мусодара қилиш мақсадида мазкур модданинг 1-бандида санаб ўтилганларнинг исталганини аниқлаш, кузатиш, вақтинча ишга солмай туриш ёки хатлаш имкониятини таъминлаш учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради.
3. Ҳар бир иштирокчи Давлат ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ мазкур модданинг 1- ва 2-бандларида кўрсатилган вақтинчалик ишга солмай турилган, хатланган ёки мусодара қилинган мол-мулкни ваколатли органлар томонидан бошқарилишини тартибга солиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чораларни кўради.
4. Агар бу каби жиноий даромадлар қисман ёки тўлиқ ҳолда бошқа мол-мулкка айлантирилган ёки ўзгартирилган бўлса, у ҳолда мазкур моддада кўрсатилган чоралар ушбу мол-мулкка нисбатан қўлланади.
5. Агар бу каби жиноий даромадлар қонуний манбалардан олинган мол-мулкка қўшиб олинган бўлса, у ҳолда мол-мулкнинг қўшиб олинган даромадларнинг баҳоланган қийматига мувофиқ бўлган қисми вақтинчалик ишга солмаслик ёки хатлашга тааллуқли исталган ваколатлар учун зарар етказилмаган ҳолда мусодара қилинади.
6. Бу каби жиноий даромадлар туфайли, жиноий даромадларнинг бошқа мол-мулкка айлантирилгани ёки ўзгартирилгани туфайли ёхуд бу каби жиноий даромадларнинг мол-мулкка қўшиб олинганлиги туфайли олинган фойда ёки бошқа афзалликларга ҳам мазкур моддада кўрсатилган чоралар худди жиноий йўл билан орттирилган даромадларга бўлганидек ва худди шундай даражада кўрилади.
7. Мазкур модда ва мазкур Конвенциянинг 55-моддасининг мақсадлари учун ҳар бир иштирокчи Давлат ўзининг судлари ёки бошқа ваколатли органларига банк, молиявий ёки тижоратга оид ҳужжатларни тақдим этиш ёки ҳибсга олиш тўғрисидаги қарорларни чиқариш ваколатларини беради. Иштирокчи Давлат, банк сирини сақлаш заруратига ҳавола қилиб туриб, мазкур моддада келтирилган ҳолатларга мувофиқ чораларни кўришдан бош тортмайди.
8. Иштирокчи Давлатлар жиноят содир этган шахс мусодара қилиниши лозим бўлган бу каби жиноий йўл билан олинганлиги тахмин қилинаётган даромадлар ёки бошқа мол-мулкнинг қонуний эканлигини исбот қилишини ички қонунчиликларининг энг муҳим принципларига ҳамда судда ва бошқа маҳкамаларда муҳокама қилиниши хусусиятларига мувофиқ бўлган даражада талаб қилишни белгилаш имкониятини кўриб чиқишлари мумкин.
9. Мазкур модданинг ҳолатлари ҳалол учинчи шахсларнинг ҳуқуқларига зарар етказадиган ҳолда талқин этилмайди.
10. Мазкур моддаги ҳеч қандай ҳолат унда баён этилаётган чоралар иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилигидаги ҳолатларга мувофиқ, уларга риоя қилиниши шартида белгиланиши ва амалга оширилиши тўғрисидаги принципга дахл қилмайди.

32-модда. Гувоҳлар, экспертлар ва
жабрланувчиларнинг ҳимоя қилиниши

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат ўз қонунчилигининг ички тизимига мувофиқ ва ўз имкониятлари чегарасида мазкур Конвенцияда жиноят деб топилган жиноий ҳатти-ҳаракатлар муносабати билан кўрсатмалар бераётган гувоҳлар ва экспертларга нисбатан, тегишли ҳолатларда уларнинг қариндошлари ва уларга яқин бўлган бошқа одамларга нисбатан бўлиши эҳтимол тутилган ўч ёки дўқ-пўписалардан самарали ҳимоя қилишни таъминловчи тегишли чораларни кўради.
2. Мазкур модданинг 1-бандида кўзда тутилган чоралар, айбланувчининг ҳуқуқлари, шу жумладан тегишли муҳокама ва ишни кўриш ҳуқуқига зарар етказмаган ҳолда, ўз ичига қуйидагиларни олиши мумкин:
а) ушбу шахсларни жисмоний ҳимоя қилиш тартиботини белгилаш, масалан – зарур бўлган ва амалий жиҳатдан амалга оширилиши мумкин бўлган даражада – уларни бошқа жойга кўчириш учун ва тегишли вазиятларда мумкин бўлган шундай ҳолатларни қабул қилиш, ушбу шахсларга шахсан тааллуқли ва уларнинг жойлашган манзили билан боғлиқ маълумотларни ошкор этмаслик ёки маълумотларнинг бундай ошкор этилишига чеклов ўрнатиш;
b) гувоҳлар ва экспертларга, уларни хавфсизлигини таъминловчи тарзда кўрсатмалар беришларига имкон берувчи, масалан видео алоқа каби алоқа воситалари ёки бошқа мувофиқ алоқа воситалари ёрдамида кўрсатмалар беришга рухсат беришдек исботлаш қоидаларини қабул қилиш.
3. Иштирокчи Давлатлар мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган шахсларни бошқа жойга кўчирилиши хусусида бошқа давлатлар билан келишув ёки битим тузиш имкониятини кўриб чиқадилар.
4. Мазкур модданинг ҳолатлари жабрланувчиларга нисбатан ҳам, уларнинг гувоҳ деб саналувчидаражасида қўлланилади.
5. Ҳар бир иштирокчи Давлат, ўзининг ички қонунчилигига риоя қилиш шартида, жиноий иш кўриб чиқилишининг тегишли босқичларида жабрланувчиларнинг жиноят содир этган шахсларга нисбатан фикрлари ва хавфсирашларининг баён этилиши учун ҳимоя ҳуқуқларига зарар етказмайдиган тарзда имконият яратади.
33-модда. Маълумот берувчи шахсларни
ҳимоя қилиш
Ҳар бир иштирокчи Давлат ваколатли органларга мазкур Конвенцияда жиноят деб топилган жиноий ҳатти-ҳаракатлар хусусида исталган далиллар тўғрисида ҳалол ва оқилона асосларга таянган ҳолда хабар бераётган шахсларни ҳимоя қилишга қаратилган тегишли чораларни ўзининг ички ҳуқуқий тизимига киритиш имкониятларини кўриб чиқади.
34-модда. Коррупцион ҳаракатларнинг
оқибатлари

Ҳар бир иштирокчи Давлат, учинчи томонларнинг ҳалоллик билан қўлга киритган ҳуқуқларини тегишли тарзда ҳисобга олиб туриб, ўзининг ички қонунчилигининг энг муҳим принципларига мувофиқ тарзда коррупция оқибатлари хусусидаги масалани мувофиқлаштириш бўйича чоралар кўради. Иштирокчи Давлатлар бу контекстда коррупцияни, контрактларни бекор қилиш ёки кучдан қолдириш, концессияларни ёки шунга ўхшаш амалиётларни қайтариш ёки юзага келган ҳолатларни тўғрилашнинг бошқа чораларини амалга оширишда аҳамият касб этувчи омил сифатида кўришлари мумкин.

35-модда. Зарарни қоплаш (компенсация)

Ҳар бир иштирокчи Давлат ўзининг ички қонунчилигининг принципларига мувофиқ тарзда бирон коррупцион ҳаракат оқибатида зарар кўрган юридик ёки жисмоний шахслар кўрилган зарарни қоплаш (компенсация олиш) мақсадида ушбу зарар учун жавобгар бўлган шахсларга нисбатан иш қўзғатиш ҳуқуқига эга бўлишлари учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради.

36-модда. Ихтисослашган органлар

Ҳар бир иштирокчи Давлат ўзининг ички ҳуқуқий тизимининг асосий принципларига мувофиқ тарзда коррупция билан ҳуқуқбузарликларга қарши чора-тадбирлар ёрдамида курашишга ихтисослашган орган ёки органлар ёхуд шахслар бўлишини таъминлайди. Бундай орган ёки органлар ёхуд шахслар, иштирокчи Давлатнинг ички ҳуқуқий тизимининг асосий принципларига мувофиқ, ўз вазифаларини самарали ва бирон-бир ёки тегишли бўлмаган таъсирсиз бажаришлари учун зарур бўлган мустақиллик билан таъминланадилар. Бундай шахслар ёки бу каби органнинг ходимлари ўз вазифаларини бажаришлари учун тегишли малака ва ресурсларга эга бўлишлари лозим.
37-модда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи
органлар билан ҳамкорлик

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур конвенцияда жиноят деб тан олинган бирон жиноий ҳатти-ҳаракатларда иштирок этаётган ёки иштирок этган шахсларни ваколатли органлар учун тергов ишларини олиб бориш ва исботлаш мақсадида фойдали бўлган маълумотларни тақдим этишга ва жиноятчиларни жиноий даромадлардан махрум қилишга ва бу каби даромадларни қайтариш бўйича чоралар кўрилишига кўмаклашувчи амалий ва аниқ ёрдам беришга рағбатлантиришни кўзда тутувчи тегишли чораларни кўради.
2. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур конвенцияда жиноят деб тан олинган бирон жиноий ҳатти-ҳаракатлар билан боғлиқ тергов ишлари ёки жиноятни фош этиш давомида салмоқли даражада ҳамкорлик қилган айбланувчи шахсга нисбатан қўлланиладиган жазони юмшатиш имкониятини кўзда тутилиши тўғрисидаги масалани кўриб чиқади.
3. Ҳар бир иштирокчи Давлат, ўзининг ички қонунчилигининг энг муҳим принципларига мувофиқ, мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган бирон жиноий ҳатти-ҳаракатлар билан боғлиқ тергов ишлари ёки жиноятни фош этиш давомида сезиларли ва аҳамиятли даражада ҳамкорлик қилган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмаслиги имкониятини кўзда тутилиши тўғрисидаги масалани кўриб чиқади.
4. Бундай шахсларнинг ҳимояси, mutatis mutandis, мазкур Конвенциянинг 32-моддасида кўзда тутилган тартибда амалга оширилади.
5. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган шахс бир иштирокчи Давлат ҳудудида бўла туриб, иккинчи иштирокчи Давлатнинг ваколатли органлари билан аҳамиятли даражада ҳамкорлик қила олса, у ҳолда манфаатдор иштирокчи Давлатлар ўзларининг ички қонунчиликларига мувофиқ бундай шахс учун мазкур модданинг 2- ва 3- бандларида кўрсатилган режим тақдим этилиши мумкин эканлиги хусусида келишув ва битимлар тузиш имкониятини кўриб чиқишлари мумкин.

38-модда. Миллий органлар ўртасидаги
ҳамкорлик

Ҳар бир иштирокчи Давлат ички қонунчилигига мувофиқ бир томондан ўзининг оммавий органлари, шунингдек оммавий мансабдор шахслари ва иккинчи томондан, содир этилган жиноятлар бўйича тергов ишларини олиб боришга ва жиноятни фош этиш учун масъул бўлган органлар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш учун талаб этилиши мумкин бўлган чораларни кўради. Бу каби ҳамкорлик қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:
а) агар мазкур Конвенциянинг 15-, 21- ва 23-моддаларига мувофиқ жиноят деб тан олинган исталган ҳатти-ҳаракатлар содир этилганини эътироф этиш учун оқилона асослар мавжуд бўлса, бундай масъул органларга ўзининг шахсий ташаббуси билан маълумотлар тақдим этилиши; ёки
b) тегишли илтимосга кўра, бундай органларга барча зарур маълумотларнинг тақдим этилиши.

39-модда. Миллий органлар ва хусусий
сектор ўртасидаги ҳамкорлик

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ миллий тергов органлари ва прокуратура органлари ҳамда хусусий сектор ташкилотлари, хусусан молиявий муассасалар билан мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган жиноий ҳатти-ҳаракатларнинг содир этилиши билан боғлиқ масалалар бўйича ҳамкорликни рағбатлантириш учун талаб этилиши мумкин бўлган чораларни кўради.
2. Ҳар бир иштирокчи Давлат одатда ўзининг ҳудудида истиқомат қилувчи ўз фуқаролари ва бошқа шахслар миллий тергов органлари ва прокуратура органларига мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган жиноий ҳатти-ҳаракатларнинг содир этилгани тўғрисида хабар беришларини рағбатлантириш масаласини кўриб чиқадилар.
40-модда. Банк сири
Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган жиноий ҳатти-ҳаракатлар содир этилиши билан боғлиқ ички жиноий тергов ишлари олиб борилаётган ҳолатларда, банк сири тўғрисидаги қонунчилик ҳолатлари қўлланилиши натижасида юзага келувчи тўсиқларни енгиш учун, ўзининг ички ҳуқуқий тизими доирасида зарур тегишли механизмлар бўлишини таъминлайди.
41-модда. Судланганлик тўғрисидаги маълумотлар
Ҳар бир иштирокчи Давлат жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсга нисбатан бошқа давлатда илгари чиқарилган исталган айблов ҳукмини, мазкур Конвенцияда жиноят деб топилган жиноий ҳатти-ҳаракатлар билан боғлиқ жиноий тергов ишлар олиб борилишида ушбу маълумотдан фойдаланиш учун ўзи лозим деб топган шартлар ва мақсадларда ҳисобга олиши учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чоралар кўриши мумкин.
42-модда. Судловга таълуқлилик (Юрисдикция)
1. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур Конвенцияда жиноят деб топилган жиноий ҳатти-ҳаракатларга нисбатан ўзининг суд қилиш ҳуқуқини белгилаш учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради, қачонки:
а) жиноят ушбу иштирокчи Давлатнинг ҳудудида содир этилса, ёки
b) жиноят содир этилиши ушбу иштирокчи Давлатнинг байроғи остидаги кемада ёки жиноят содир этилиши вақтида ушбу иштирокчи Давлат қонунчилигига мувофиқ рўйхатдан ўтган ҳаво кемаси бортида рўй берса.
2. Иштирокчи Давлат, шунингдек, мазкур Конвенциянинг 4-моддасига риоя қилиш шартида, исталган жиноятга нисбатан суд қилиш ҳуқуқини белгилаши мумкин, қачонки:
а) жиноят ушбу иштирокчи Давлат фуқаросига нисбатан содир этилган бўлса, ёки
b) жиноят ушбу иштирокчи Давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган, одатда, унинг ҳудудида истиқомат қилувчи шахс томонидан содир этилган бўлса, ёки
с) жиноят мазкур Конвенциянинг 23-моддаси, 1(b)(ii) бандига мувофиқ тан олинган жиноятларнинг бири ҳисобланса ва ушбу иштирокчи Давлат ҳудудининг ташқарисида мазкур Конвенциянинг 23-моддаси, 1(а)(i) ёки (ii) ёки (b)(i) бандига мувофиқ жиноят деб топилган жиноий ҳатти-ҳаракатларни содир этиш мақсадида унинг ҳудудида амалга оширилган бўлса, ёки
d) жиноят ушбу иштирокчи Давлатга қарши содир этилган бўлса.
3. Мазкур Конвенциянинг 44-моддасининг мақсадлари учун ҳар бир иштирокчи Давлат жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахс унинг ҳудуди чегараларида бўлсада, лекин фақатгина ўзининг фуқароларидан бири бўлганлиги сабабли ушбу шахсни ушлаб бермаётган бўлса, у ҳолда мазкур Конвенцияда жиноят деб топилган жиноий ҳатти-ҳаракатларга нисбатан ўзининг суд қилиш ҳуқуқини белгилаш учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради.
4. Ҳар бир иштирокчи Давлат, шунингдек, жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахс унинг ҳудуди чегараларида бўлиб, у ушбу шахсни ушлаб бермаса, мазкур Конвенцияда жиноят деб топилган жиноий ҳатти-ҳаракатларга нисбатан ўзининг суд қилиш ҳуқуқини белгилаш учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни ҳам кўриши мумкин.
5. Агар ўзининг суд қилиш ҳуқуқини мазкур модданинг 1- ёки 2-моддасига кўра амалга оширувчи иштирокчи Давлат бошқа иштирокчи Давлатлар худди ўша ҳаракатлар хусусида текширув, жиноий иш ёки суд иши олиб бораётганлари ҳақида билдириш хати олса ёки бошқача тарзда бу ҳақда хабар топса, у ҳолда ушбу иштирокчи Давлатларнинг ваколатли органлари, тегишли ҳолатларда, ўз ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида бир-бирлари билан ўзаро маслаҳатлашадилар.
6. Мазкур Конвенция, умумий халқаро ҳуқуқ меъёрларига зарар етказмаган ҳолда, иштирокчи Давлат томонидан ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ белгиланган исталган жиноий суд ҳуқуқини амалга оширилишини истисно этмайди.

VI боб
Халқаро ҳамкорлик
43-модда. Халқаро ҳамкорлик

1. Иштирокчи Давлатлар мазкур Конвенциянинг 44-50-моддаларига мувофиқ жиноий-ҳуқуқий масалалар бўйича ҳамкорлик қиладилар. Иштирокчи Давлатлар, агар бу мақсадга мувофиқ бўлса ва ўзларининг ички қонунчилик тизимларига тўғри келса, коррупция билан боғлиқ бўлган фуқаролик-ҳуқуқий ва маъмурий ишларни текшириш ва амалга ошириш бўйича бир-бирларига кўмаклашиш имкониятини кўриб чиқадилар.
2. Агар халқаро ҳамкорлик масалалари билан боғлиқ ҳолатларда тегишли ҳаракатни жиноят деб икки томонлама тан олиш принципига риоя қилиниши талаб этилса, сўралаётган иштирокчи Давлатнинг қонунчилиги тегишли ҳаракатни жиноятлар тоифасига киритиш ёки киритмаслиги ёки сўров бераётган иштирокчи Давлат уни таърифлашда сўралаётган иштирокчи Давлат қўллайдиган атамалар каби атамалар билан таърифлаши ёки таърифламаслигидан қатъий назар, агар жиноят таркибини ташкил қилувчи ҳаракат иккала иштирокчи Давлатнинг қонунчилигига мувофиқ жиноий жазога лойиқ деб тан олинган бўлса, ушбу принципга амал қилинган ҳисобланади.

44-модда. Ушлаб бериш

1. Ушбу модда мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган жиноий ҳатти-ҳаракатларга нисбатан, агар ушлаб берилиши лозим бўлган шахс сўров берилган иштирокчи Давлат ҳудудида бўлса ва содир этилган ҳатти-ҳаракат сўров берилган иштирокчи Давлатда ҳам, сўров бераётган иштирокчи Давлатда ҳам жиноий жазога лойиқ деб топилиши шартида қўлланилади
2. Иштирокчи Давлат, мазкур модданинг 1-бандида келтирилган ҳолатлардан қатъий назар, ўзининг ички қонунчилигида жиноий жазога лойиқ деб топилмаган, лекин мазкур Ковенцияда кўзда тутилган бирон жиноят билан боғлиқ шахсни, агар унинг қонунчилиги бунга йўл қўйса, ушлаб беришга рухсат бериши мумкин.
3. Агар ушлаб бериш тўғрисидаги илтимос бир нечта алоҳида жиноятлар хусусида бўлса ва уларнинг ҳеч бўлмаганда биттаси мазкур моддага кўра ушлаб берилишга олиб келса, бошқалари эса жазо берилиши муддатлари бўйича ушлаб беришни истисно қилсаю, лекин мазкур Ковенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлар сирасига кирса, сўров берилаётган иштирокчи Давлат ушбу жиноятларга нисбатан ҳам мазкур моддани қўллаши мумкин.
4. Мазкур модда қўлланиладиган ва ушлаб берилишига олиб келадиган жиноятларнинг ҳар бири ушлаб бериш тўғрисида иштирокчи Давлатлар ўртасида тузилган исталган шартномага жиноят сифатида киритилган деб ҳисобланади. Иштирокчи Давлатлар, бу каби жиноятларни, ушлаб берилишига олиб келадиган жиноятлар сифатида ушлаб бериш тўғрисидаги ўзаро тузиладиган шартномаларга киритиш мажбуриятини оладилар. Иштирокчи Давлат, агар ушлаб бериш учун асос сифатида мазкур Ковенциядан фойдаланса, мазкур Ковенцияда жиноят деб топилган исталган жиноий ҳатти-ҳаракатларни, агар унинг қонунчилиги бунга йўл қўйса, сиёсий жиноят деб тан олмайди.
5. Агар иштирокчи Давлат ушлаб беришни шартнома мавжудлиги билан шартлаб берадиган бўлса, ушлаб бериш тўғрисида у билан шартнома тузмаган бошқа иштирокчи Давлатдан ушлаб бериш ҳақида илтимоснома олганида, у мазкур модда қўлланиладиган исталган жиноят билан боғлиқ ушлаб бериш учун мазкур Конвенцияни асос сифатида қўллаши мумкин.
6. Ушлаб беришни шартноманинг мавжудлиги билан шартлаб берувчи иштирокчи Давлат:
а) ўзининг ратификацион ёрлиғини ёки мазкур Конвенцияни қабул қилиши ёки тасдиқлаши ёхуд унга қўшилиши тўғрисидаги ҳужжатни сақлаш учун топшираётганида ушлаб бериш масалалари бўйича бошқа Давлатлар - мазкур Конвенциянинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорлик қилиш учун мазкур Ковенциядан ҳуқуқий асос сифатида фойдаланиши тўғрисида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига маълумот беради.
b) агар у ушлаб бериш масалалари бўйича мазкур Конвенциядан ҳуқуқий асос сифатида фойдаланмаса, у ҳолда мазкур моддани қўллаш мақсадида мазкур Конвенциянинг бошқа иштирокчи Давлатлари билан, тегишли ҳолатларда, ушлаб бериш тўғрисидаги шартномаларни тузишга интилади.
7. Ушлаб беришни шартноманинг мавжудлиги билан шартламайдиган иштирокчи Давлатлар бир-бирларининг ўртасидаги ўзаро муносабатларда мазкур модда қўлланиладиган жиноятларни ушлаб беришга олиб келадиган жиноий ҳатти-ҳаракатлар деб тан оладилар.
8. Ушлаб бериш сўралаётган иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилигида кўзда тутилган шартларга, шу жумладан, бошқа ҳолатлар билан бир қаторда, ушлаб беришга нисбатан минимал жазо белгиланиши талаблари билан боғлиқ шартларга ва сўралаётган иштирокчи Давлат ушлаб беришни рад этиши мумкин бўлган асосларга мувофиқ амалга оширилади.
9. Иштирокчи Давлатлар, мазкур модда қўлланиладиган исталган жиноятга нисбатан, ўзларининг ички қонунчиликларига риоя қилиш шартида, ушлаб бериш тартиботини тезлаштириш ва у билан боғлиқ бўлган исбот-далилларни тақдим этишни соддалаштириш учун барча имкониятларини ишга соладилар.
10. Иштирокчи Давлат юзага келган вазият шуни талаб қилишини ва кечиктириб бўлмайдиган эканлигига амин бўлиб ҳамда сўров бераётган иштирокчи Давлатнинг илтимосига кўра, ўзининг ички қонунчилигидаги ҳолатларга ва ушлаб бериш тўғрисидаги ўзи имзолаган шартномаларга риоя қилган ҳолда, ўзининг ҳудудида бўлган ва ушлаб берилиши сўралаётган шахсни ҳибсга олиши ёки ушлаб бериш тартиботи жараёнида унинг бўлиши учун бошқа тегишли чоралар кўриши мумкин.
11. Иштирокчи Давлат, ўзининг ҳудудида бўлган ва мазкур модда қўлланилаётган жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсни фақатгина ушбу шахс ўзининг фуқароси бўлгани сабабли ушлаб бермаётган бўлса, ушлаб беришни сўраётган иштирокчи Давлатнинг илтимосига кўра, тергов олиб бориш мақсадида, асосланмаган кечиктиришларсиз ишни ўзининг ваколатли органларига топшириши керак. Ушбу органлар ўз қарорларини қабул қиладилар ва мазкур иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилигига асосланган ҳолда хавфли тавсифга эга исталган бошқа жиноятларга нисбатан бўлгани каби тергов ишларини амалга оширадилар. Манфаатдор иштирокчи Давлатлар бу каби жиноий ишлар юзасидан олиб бориладиган тергов ишлари самарали кечишини таъминлаш мақсадида бир-бирлари билан, хусусан, процессуал масалалар ва исбот қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик қиладилар.
12. Иштирокчи Давлатга, унинг ички қонунчилигига кўра, ўз фуқароларининг бирини ушлаб беришга ёки бошқа йўл билан топширишга фақатгина, ушбу шахснинг ушлаб берилишини ёки топширилишини сўраш билан боғлиқ бўлган суд муҳокамаси ёки тергов ишлари натижасида чиқарилган жазони ўташ учун мазкур иштирокчи Давлатга қайтариб берилиши шартида рухсат берилган ва бу иштирокчи Давлат ҳамда ушбу шахсни ушлаб берилишини сўраётган иштирокчи Давлат бу каби тартибга ва улар мақбул деб ҳисоблаган бошқа шартларга рози бўлган барча ҳолатларда, ушбу шахснинг бундай шартли равишда ушлаб берилиши ёки топширилиши мазкур модданинг 11-бандида белиланган мажбурият бажарилиши учун етарли ҳисобланади.
13. Чиқарилган ҳукмни ижро этиш мақсадида сўралган ушлаб беришга қидирилаётган шахс сўров берилаётган иштирокчи Давлатнинг фуқароси бўлганлиги боис рад жавоби берилса, сўров берилаётган иштирокчи Давлат, агар унинг ички қонунчилиги бунга йўл қўйса ва бу ҳолат бундай қонунчиликнинг талабларига жавоб берса, сўров бераётган иштирокчи Давлатнинг мурожаатига биноан сўров бераётган иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилигига мувофиқ чиқарилган ҳукмни ёки ҳукмнинг қолган қисмини ижро этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади.
14. Мазкур модда қўлланиладиган исталган жиноятни содир этганлиги билан боғлиқ бўлган тергов ишлари борилаётган шахсга нисбатан тергов ишларининг барча босқичларида адолатли муносабатда бўлиниши, шу жумладан ушбу шахс жойлашган иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилигида кўзда тутилган барча ҳуқуқ ва кафолатларнинг амалга оширилиши кафолатланади.
15. Агар сўров берилаётган иштирокчи Давлатда ушлаб бериш тўғрисидаги илтимос бирон шахснинг жинси, ирқи, диний эътиқоди, этник келиб чиқиши ёки сиёсий қарашлари сабабли таъқиб қилиш ёки жазолаш мақсадида қилинаётгани ёки ушбу илтимоснинг қондирилиши юқорида санаб ўтилган сабаблар бўйича ушбу шахснинг ҳолатига зарар етказиши мумкинлиги ҳақида салмоқли ва етарли асослар бўлса, у ҳолда мазкур Конвенциянинг ҳеч бир ҳолати ушлаб бериш мажбуриятини белгилайдиган тарзда талқин қилинмайди.
16. Иштирокчи Давлатлар ушлаб бериш тўғрисидаги илтимосга фақат жиноят солиқ масалалари билан боғлиқ деб топилган ҳолатлардагина рад эта олмайдилар.
17. Сўров берилаётган иштирокчи Давлат, ушлаб беришга рад жавобини беришдан аввал, ўз фикрини баён этиши учун етарли имконият ва ушлаб бериш тўғрисидаги илтимосда баён этилган далиллар билан боғлиқ маълумотлар тақдим этилиши учун, тегишли ҳолатларда, сўров бераётган Давлат билан маслаҳатлар ўтказади.
18. Иштирокчи Давлатлар ушлаб беришни амалга ошириш ёки самарадорлигини ошириш мақсадида икки томонлама ва кўп томонлама битимлар ёки келишувлар тузишга интиладилар.

45-модда. Ҳукм этилган шахсларни
топшириш

Иштирокчи Давлатлар мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлари учун қамоқ жазосига ёки озодликдан махрум этишнинг бошқа турларига ҳукм қилинган шахсларни, улар жазо муддатини ўзларининг ҳудудида ўташларини таъминлаш мақсадида, топшириш тўғрисидаги икки томонлама ёки кўп томонлама келишув ва битимлар тузиш имкониятларини кўриб чиқишлари мумкин.

46-модда. Ўзаро ҳуқуқий ёрдам

1. Иштирокчи Давлатлар мазкур Конвенция билан қамраб олинган жиноятлар билан боғлиқ бўлган тергов ишлари, жиноий қидирув ишлари ва суд муҳокамаларида бир-бирларига энг кенг миқёсдаги ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатадилар.
2. Сўров бераётган иштирокчи Давлатда, мазкур Конвенциянинг 26-моддасига кўра, юридик шахс жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган жиноят билан боғлиқ тергов ишлари, жиноий қидирув ишлари ва суд муҳокамаси учун зарур бўлган ва тегишли қонунларга, халқаро шартномаларга ҳамда сўров берилаётган иштирокчи Давлатнинг келишув ва битимларига мувофиқ кўрсатилаётган ўзаро ҳуқуқий ёрдам имкон қадар максимал ҳажмда тақдим этилади.
3. Мазкур моддага мувофиқ тақдим этилаётган ўзаро ҳуқуқий ёрдам қуйидаги мақсадларнинг исталгани учун сўралиши мумкин:
а) айрим шахслардан гувоҳлик кўрсатмалари ёки аризаларни олиш;
b) суд ҳужжатларини топшириш;
с) тинтув ўтказиш ва хатлаш, шунингдек операцияларни тўхтатиб туриш (ишга солмай туриш);
d) объектлар ва ҳудуд участкаларини текширувдан ўтказиш;
е) маълумотларни, ашёвий далиллар ва экспертларнинг чиқарган хулосаларини тақдим этиш;
f) тегишли ҳужжат ва материаллар, шу жумладан ҳукумат, банк, молиявий, корпоратив ёки тижорат ҳужжатларининг асл нусхалари ва тасдиқланган нусхаларини тақдим этиш;
g) исботлаш мақсадларида жиноий даромадлар, мол-мулк, жиноят содир этиш воситалари ёки бошқа предметларни аниқлаш ёки кузатиш;
h) тегишли шахсларнинг сўров бераётган иштирокчи Давлатнинг органларига ихтиёрий равишда келишига кўмаклашиш;
i) сўров бераётган иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилигига зид бўлмаган исталган бошқа турдаги ёрдамни кўрсатиш;
j) мазкур Конвенциянинг V бобида келтирилган ҳолатларга мувофиқ жиноий даромадларни аниқлаш, ишга солмай туриш ва кузатиш;
k) мазкур Конвенциянинг V бобида келтирилган ҳолатларга мувофиқ активларни мусодара қилиш (муомаладан чиқариш).
4. Иштирокчи Давлатнинг ваколатли органлари, ички қонунчиликка зарар етказмаган ва зид бўлмаган ҳолда, жиноий-ҳуқуқий масалаларга тааллуқли маълумотларни бошқа иштирокчи Давлатнинг ваколатли органига, бундай маълумотлар ушбу органга тергов ишларини ва жиноий қидирув ишларини амалга оширишга ёки муваффақиятли якунлашга ёки ушбу иштирокчи Давлат томонидан мурожаатнома тузилишига олиб келишига ёрдам бериши мумкин деб ҳисобласалар, дастлабки мурожаатсиз топширишлари мумкин.
5. Мазкур модданинг 4-бандига мувофиқ маълумотнинг берилиши маълумотни тақдим этаётган давлатнинг ваколатли органлари тергов ишлари ва жиноий иш олиб борилишига зарар етказмаган ҳолда амалга оширилади. Маълумот олаётган ваколатли органлар ушбу маълумотнинг махфий хусусиятга эга жиҳатларини, ҳаттоки, вақтинчалик асосда сақлаш тўғрисидаги илтимосни бажарадилар ёки ундан фойдаланишга қўйилган чекловларга риоя қиладилар. Бироқ, бу ҳолат, маълумотни олган иштирокчи Давлатга ўзида олиб борилаётган иш давомида айбланувчини оқлайдиган маълумотларни аниқлашга тўсқинлик қилмайди. Бундай ҳолларда, маълумот олган иштирокчи Давлат, маълумотни ошкор қилишдан аввал, маълумотни тақдим этган иштирокчи Давлатга хабар беради ва, агар бу ҳақда мурожаат олинса, маълумот тақдим этган иштирокчи Давлат билан маслаҳатлашади. Агар, камдан-кам учрайдиган ҳолларда, аввалдан хабар беришнинг имкони бўлмаса, маълумот олаётган иштирокчи Давлат бу каби ошкор этилиш тўғрисида маълумот тақдим этаётган иштирокчи Давлатга хабар беради.
6. Мазкур модданинг ҳолатлари бирон бошқа, хоҳ икки томонлама, хоҳ кўп томонлама бўлишидан қатъий назар, ўзаро ҳуқуқий ёрдамни тўлиқ ёки қисман мувофиқлаштирувчи ёхуд мувофиқлаштирадиган шартнома бўйича мажбуриятларга тааллуқли эмас.
7. Мазкур модданинг 9-29 бандлари, агар тегишли иштирокчи Давлатлар ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги бирон-бир шартнома тузмаган бўлсалар, мазкур моддага асосан жўнатилган мурожаатларга нисбатан қўлланилади. Агар иштирокчи Давлатлар бу каби шартнома тузган бўлсалар ва иштирокчи Давлатлар ушбу шартноманинг тегишли ҳолатлари ўрнига мазкур модданинг 9-29 бандларини қўллашга рози бўлмасалар, у ҳолда шартноманинг айнан шу ҳолатлари қўлланилади. Иштирокчи Давлатларга, агар бу ҳамкорликка кўмак берадиган бўлса, айнан шу бандларни қўллаш тавсия қилинади.
8. Иштирокчи Давлатлар банк сирини махфий тутишга асосланган ҳолда, мазкур моддага кўра, ўзаро ҳуқуқий ёрдам тақдим этилишини рад этмайдилар.
9. а) Сўров берилаётган иштирокчи Давлат, агар тегишли ҳатти-ҳаракат жиноят деб иккала тарафлама тан олинмаган бўлса, мазкур моддага кўра ёрдам берилиши тўғрисида қилинган мурожаатга жавоб беришда мазкур Ковенциянинг 1-моддасида кўрсатилган мақсадларни эътиборга олади;
b) иштирокчи Давлатлар тегишли ҳатти-ҳаракат жиноят деб иккала тарафлама тан олинмаганига асосланган ҳолда мазкур моддага кўра ёрдам тақдим этилишидан бош тортишлари мумкин. Шу билан бирга, сўров берилаётган иштирокчи Давлат, ҳуқуқий тизимларининг асосий концепцияларига мувофиқ бўлиши шартида ва агар бундай ёрдам мажбурий чоралар кўрилиши билан боғлиқ бўлмаса, ёрдамни тақдим этади. Агар мурожаат de minimis хусусиятига эга бўлган масалалар билан боғлиқ бўлса ёки сўралаётган ҳамкорлик ёхуд ёрдам мазкур Конвенциянинг бошқа ҳолатига мувофиқ таъминланиши мумкин бўлса, бу каби ёрдамнинг кўрсатилишига рад жавоби берилиши мумкин;
с) ҳар бир иштирокчи Давлат тегишли ҳатти-ҳаракат жиноят деб икки тарафлама тан олинмаганида мазкур моддага биноан катта ҳажмда ёрдам кўрсатишга қодир бўлиши учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни қабул қилиш имкониятларини кўриб чиқиши мумкин.
10. Ҳибсга олинган ва бир иштирокчи Давлат ҳудудида қамоқ муддатини ўтаётган шахснинг мазкур Конвенцияда қамраб олинган жиноятлар билан боғлиқ бўлган шахсни аниқланиш, гувоҳлик бериш ёки тергов иши, кўрилаётган жиноий иш учун исбот-далиллар олиш мақсадларида бошқа иштирокчи Давлатда бўлиши талаб қилинаётган бўлса, у ҳолда қуйидаги талабларга риоя қилиш шартида ушбу шахс бошқа иштирокчи Давлатга топширилиши мумкин:
а) ушбу шахс бунга ўзининг онгли тарзда розилигини берса;
b) иккала иштирокчи Давлатнинг ваколатли органлари ушбу Давлатлар тегишли деб топишлари мумкин бўлган шартларда келишувга эришсалар.
11. Мазкур модданинг 10-банди мақсадлари учун:
а) топширилган шахсни қабул қилган иштирокчи Давлат, агар ушбу шахсни топширган иштирокчи Давлат бошқа чоралар қўлланилишини сўрамаган ёки рухсат бермаган бўлса, бу шахсни қамоқда сақлашга ҳақли ва қамоқда сақлаши лозим;
b) топширилаётган шахсни қабул қилиб олган иштирокчи Давлат ушбу шахсни топширган иштирокчи Давлатга қайтариб бериш бўйича ўз мажбуриятини аввалроқ келишиб олинганидек ёки иккала иштирокчи Давлатларнинг ваколатли органлари томонидан бошқача тарзда келишиб олинганидек зудлик билан бажаради;
с) топширилаётган шахсни қабул қилиб олган иштирокчи Давлат ушбу шахсни топширган иштирокчи Давлатдан топшириш ёки қайтариш тартиботини қўзғатишни талаб қилмайди;
d) топширилган шахснинг уни топширган давлатда ўтаётган қамоқ муддатига топширилган иштирокчи Давлатдаги унинг қамоқда бўлган муддати ҳам қўшилади.
12. Мазкур модданинг 10- ва 11-бандларига мувофиқ бирон шахсни топшириши лозим бўлган иштирокчи Давлатнинг розилигисиз, топширилаётган давлат ҳудудида ушбу шахснинг, фуқаролиги қандай бўлишидан қатъий назар, уни топширган давлат ҳудудидан кетишидан аввалги вақт оралиғига тааллуқли бўлган ҳаракатлар, бажарилмаган ҳаракатлар ёки ҳукм чиқарилиши билан боғлиқ бўлган таъқиб қилинишига, қамоққа олинишига, жазоланишига ёки шахсий озодлигининг бошқа чекланишларига йўл қўйилмайди.
13. Ҳар бир иштирокчи Давлат ўзаро ҳуқуқий ёрдам берилиши ҳақидаги мурожаатларни қабул қилишга ёки уларни бажаришга ёхуд уларни бажариш учун ваколатли органларгажўнатишга масъул ва тегишли ваколатларга эга бўлган марказий органни тайинлайди. Агар иштирокчи Давлатда ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг алоҳида тизимига эга махсус ҳудуд ёки минтақа бўлса, у ушбу ҳудуд ёки минтақада худди шундай вазифаларни бажарувчи алоҳида марказий органни тайинлаши мумкин. Марказий органлар қабул қилинган мурожаатларни тезкор ва тегишли тарзда бажарилиши ёки жўнатилишини таъминлайдилар. Агар марказий орган мурожаатни бажариш учун ваколатли органга жўнатаётган бўлса, ушбу мурожаат ваколатли орган томонидан тезкор ва тегишли равишда бажарилишига кўмаклашади. Ҳар бир иштирокчи Давлат ўзининг ратификацион ёрлиғини ёки мазкур Конвенцияни қабул қилиши ёки уни тасдиқлаши ёни унга қўшилиши тўғрисидаги ҳужжатини сақлаш учун топшираётганида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби ушуб мақсадларда тайинланган марказий орган ҳақида хабардор қилинади. Ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимослар ва уларга тааллуқли исталган хабарлар иштирокчи Давлатлар тайинлаган марказий органлар томонидан жўнатилади. Бу талаб иштирокчи Давлатнинг бундай мурожаатлар ва хабарларни дипломатик каналлар орқали ва фавқулодда вазиятларда, иштирокчи Давлатлар бу ҳақда аввалдан келишиб олган бўлсалар ва агар, бунинг имкони бўлса, Жиноий полициянинг халқаро ташкилоти орқали унга етказилишини талаб қилишдек ҳуқуқини чекламайди.
14. Мурожаатлар ёзма кўринишда ёки, агар бунинг имкони бўлса, сўров берилаётган иштирокчи Давлат учун мақбул бўлган тилда ёзма матн тузишнинг ва ушбу иштирокчиДавлатга унинг аслига тўғри эканлигини аниқлаш имкониятини берувчи шартларда исталган воситалар ёрдамида жўнатилади. Ратификацион ёрлиқ ёки мазкур Конвенцияни қабул қилиши ёки уни тасдиқлаши ёни унга қўшилиши тўғрисидаги ҳужжат сақлаш учун топширилаётганида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби ҳар бир иштирокчи Давлат учун мақбул бўлган тил ёки тиллар тўғрисида хабардор қилинади. Фавқулодда вазиятларда ва, агар иштирокчи Давлатлар томонидан бу ҳақда аввалдан келишиб олинган бўлса, мурожаатлар оғзаки кўринишда жўнатилиши мумкин, лекин бу оғзаки мурожаатлар зудлик билан ёзма равишда тасдиқланадилар.
15. Ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши тўғрисидаги мурожаатда қуйидагилар кўрсатилади:
а) илтмос билан мурожаат қилаётган органнинг номланиши;
b) масаланинг моҳияти ва мурожаатга тааллуқли текширув ишлари, қўзғатилган жиноий иш ёки суд муҳокамасининг тавсифи, шунингдек бу текширув ишлари, қўзғатилган жиноий иш ёки суд муҳокамасини амалга ошираётган органнинг номланиши ва вазифалари;
с) судга оид ҳужжатларни топшириш билан боғлиқ илтимосларни истисно қилганда, тегишли далилларнинг қисқача баёни;
d) сўралаётган ёрдамнинг таърифи ва сўров бераётган иштирокчи Давлат риоя қилиниши таъминланишини хоҳлаётган исталган аниқ тартибот тўғрисида батафсил маълумот;
е) имкон борича, исталган тегишли шахснинг жойлашган ери, фуқаролиги ва шахси тўғрисидаги маълумотлар; ва
f) далиллар, маълумот ёки чоралар сўралишидан мақсад.
16. Сўров берилаётган иштирокчи Давлат, агар бирон қўшимча маълумот унинг ички қонунчилигига мувофиқ илтимос бажарилиши учун ёки бундай илтимос бажарилишиниенгиллаштирадиган бўлса, зарур бўлган ҳолатларда ушбу қўшимча маълумотни сўраши мумкин.
17. Илтимос сўров берилаётган иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилигига мувофиқ ва сўров берилаётган иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилигига зид бўлмаган даражада, ваимкон қадар илтимосда кўрсатилган тартиботларга мувофиқ равишда бажарилади.
18. Агар бирон-бир шахс иштирокчи Давлат ҳудудида бўлса ва гувоҳ ёки эксперт сифатида бошқа иштирокчи Давлатнинг суд органларига гувоҳлик ёки кўрсатма бериши керакбўлиб ва тегишли шахснинг сўров бераётган иштирокчи Давлатнинг ҳудудида бўлишининг имкони бўлмаса ёки иштирокчи Давлатнинг ҳудудида бўлиши мақсадга мувофиқ бўлмаса,гувоҳлик ёки кўрсатма берилишини, имконият даражасида ва ички қонунчиликнинг энг муҳим принципларига мувофиқ ҳолда, биринчи иштирокчи Давлат бошқа иштирокчи Давлатнингилтимосига кўра видео алоқа ёрдамида амалга ошириши мумкин. Иштирокчи Давлатлар гувоҳлик ва кўрсатмалар берилишини сўров бераётган иштирокчи Давлатнинг суд органлари сўров берилаётган иштирокчи Давлатнинг суд органлари иштирокида ўтказиши тўғрисида келишиб олишлари мумкин.
19. Сўров бераётган иштирокчи Давлат сўров берилаётган иштирокчи Давлат томонидан тақдим этилган маълумот ва исбот-далиллардан, сўров берилаётган иштирокчиДавлатнинг аввалдан берган розилигисиз, мурожаатномада кўрсатилган тергов ишлари ёки суд муҳокамасидан бошқа тергов ишлари ёки суд муҳокамасида фойдаланмайди. Мазкур банддаги ҳеч қандай ҳолат сўров бераётган иштирокчи Давлат томонидан унинг ҳудудида ўтаётган тергов ва текширув ишлари жараёнида айбланувчини оқловчи маълумотлар ёки исбот-далилларни аниқланишига тўсқинлик қилмайди. Бундай ҳолатларда, сўров бераётган иштирокчи Давлат, маълумотлар ёки исбот-далилларни аниқлашдан аввал, сўров берилаётган иштирокчи Давлатни бу ҳақда хабардор қилади ва агар, маслаҳатлашиш тўғрисида илтимос қилинган бўлса, сўров берилаётган иштирокчи Давлат билан маслаҳатлар ўтказади. Агар, истисно қилинган ҳолатларда, аввалдан хабар беришнинг имкони бўлмаса, у ҳолда сўров бераётган иштирокчи Давлат бу каби оқловчи маълумотлар ёки исбот-далиллар аниқланганлиги ҳақида зудлик билан сўров берилаётган иштирокчи Давлатга хабар беради.
20. Сўров бераётган иштирокчи Давлат, мурожаатнинг бажарилиши учун зарур бўлган нарсаларни истисно қилганда, унинг мавжудлиги ва унинг моҳияти ошкора қилинмаслигинисўров берилаётган иштирокчи Давлатдан талаб қилиши мумкин. Агар сўров берилаётган Давлат ошкор қилинмаслик тўғрисидаги талабни бажара олмайдиган бўлса, у ҳолда сўров бераётган иштирокчи Давлатни дарҳол бу тўғрисида хабардор қилади.
21. Ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишига қуйидаги ҳолатларда рад этилиши мумкин:
а) агар мурожаат мазкур модданинг ҳолатларига мувофиқ бўлмаган тарзда берилса;
b) агар сўров берилаётган иштирокчи Давлат мурожаатнинг бажарилиши унинг суверенитети, хавфсизлиги, оммавий тартибига ёки бошқа ҳаётий муҳим манфаатларига зараретказади деб ҳисобласа;
с) агар сўров берилаётган иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилиги исталган бу каби жиноятга нисбатан, агар бундай жиноят унинг суд қилиш ҳуқуқлари чегарасида олиббориладиган текширув, тергов ишлари ёки суд муҳокамасининг предмети ҳисобланиб, сўралаётган чораларни амалга оширишни тақиқлайдиган бўлса;
d) агар мурожаатнинг бажарилиши сўров берилаётган Давлатнинг ҳуқуқий тизимидаги ўзаро ҳуқуқий ёрдам масалаларига тааллуқли қисмига зид бўлса.
22. Иштирокчи Давлатлар ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги мурожаатни, фақат, жиноят, шунингдек солиқ масалалари билан боғлиқ деб ҳисоблангани сабабли рад этишларимумкин эмас.
23. Ўзаро ҳуқуқий ёрдам тақдим этилишига нисбатан билдирилган рад жавобларининг барчаси асосланиб берилиши лозим.
24. Сўров берилаётган иштирокчи Давлат ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши ҳақидаги мурожаатни имкон қадар қисқа муддатларда бажаради ва сўров бераётган иштирокчиДавлат томонидан таклиф қилинаётган ва, биринчи навбатда, мурожаатнинг ўзида асосланиб берилган исталган энг қисқа муддатларни имкон борича тўлиқ ҳисобга олади. Сўров бераётган иштирокчи Давлат сўров берилаётган иштирокчи Давлат томонидан унинг илтимосини қондириш учун кўрилаётган чоралар мақоми ва илтимоснинг бажарилиши бўйича маълумотлар тақдим этилиши тўғрисидаги оқилона сўровлар билан мурожаат қилиши мумкин. Сўров бераётган иштирокчи Давлат сўралган ёрдам зарурати қолмаганлиги тўғрисида тезкор равишда сўров берилаётган иштирокчи Давлатни хабардор қилади.
25. Ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши, амалга оширилаётган текширув, жиноий тергов ишлари ёки суд муҳокамасига тўсқинлик қилиши мумкинлиги билан асосланган ҳолда,сўров берилаётган иштирокчи Давлат томонидан кечиктирилиши мумкин.
26. Мазкур модданинг 21-бандига асосан илтимосга рад жавобини беришдан ёки мазкур модданинг 25-бандига асосан илтимос бажарилишини кечиктиришдан аввал сўровберилаётган иштирокчи Давлат сўров бераётган иштирокчи Давлат томонидан зарур деб топилган шарт ва муддатларда ёрдам кўрсатилиши мумкинлигини аниқлаш мақсадида сўровбераётган иштирокчи Давлат билан маслаҳатлашади. Агар сўров бераётган иштирокчи Давлат бу каби шартларда ёрдам кўрсатилишига рози бўлса, у ҳолда бу шартларга риоя қилади.
27. Сўров бераётган иштирокчи Давлатнинг илтимосига кўра ушбу давлатнинг ҳудудида ўтказилаётган тергов ишларини амалга оширишда ёки суд муҳокамасида кўрсатмаларберишга розилик берган гувоҳ, эксперт ёки бошқа шахснинг, мазкур модданинг 12-банди қўлланилишига зарар етказмаган ҳолда, уни топширган давлат ҳудудидан кетишидан аввалгивақт оралиғига тааллуқли бўлган ҳаракатлар, бажарилмаган ҳаракатлар ёки ҳукм чиқарилиши билан боғлиқ бўлган таъқиб қилинишига, қамоққа олинишига, жазоланишига ёки шахсийозодлигининг бошқа чекланишларига йўл қўйилмайди. Агар гувоҳ, эксперт ёки бошқа шахс, унинг ушбу ҳудудда бўлиши суд органларига талаб қилинмаслиги ҳақида расмий равишда хабардор қилинган кундан бошлаб кетма-кет ўн беш кун давомида ёки иштирокчи Давлатлар ўзаро келишиб олган муддат давомида сўров бераётган иштирокчи Давлат ҳудудидан чиқиб кетиш имкониятига эга бўлсада, лекин ўз ихтиёри билан ушбу ҳудудда қолса ёки ўзининг хоҳишига кўра яна қайтиб келса, у ҳолда бундай шахсий хавфсизлик кафолатининг амал қилиши тугайди.
28. Мурожаатни бажариш билан боғлиқ одатдаги харажатлар, агар манфаатдор иштирокчи Давлатлар бошқа шартлар тўғрисида келишиб олмаган бўлсалар, сўров бераётгаништирокчи Давлат томонидан қопланадилар. Агар мурожаатнинг бажарилиши жиддий ва фавқулодда харажатларни талаб қиладиган бўлса, иштирокчи Давлатлар мурожаат қайси шартларда бажарилиши, шунингдек, харажатларни қоплаш тартиби хусусида маслаҳатлашиб оладилар.
29. Сўров берилаётган иштирокчи Давлат:
а) сўров бераётган иштирокчи Давлатга ўзида мавжуд бўлган ва ички қонунчилигига мувофиқ оммавий тарзда фойдаланишга рухсат берилган ҳукумат томонидан чиқарилганматериаллар, ҳужжатлар ёки маълумотларнинг нусхаларини тақдим этади;
b) ўзи лозим топган ҳолларда сўров бераётган иштирокчи Давлатга, ўзи тегишли деб топган шартларга риоя қилиш шартида ўзида мавжуд бўлган ва ички қонунчилигига мувофиқоммавий тарзда фойдаланишга рухсат этилмаган ҳукумат томонидан чиқарилган материаллар, ҳужжатлар ёки маълумотларнинг нусхаларини тўлиқ ёки қисман тақдим этади.
30. Иштирокчи Давлатлар, зарурат туғилишига қараб, ушбу модда мақсадларига жавоб берувчи, унинг амал қилишини таъминловчи ёки тутган ўрнини мустаҳкамловчи иккитомонлама ёки кўп томонлама келишувлар тузиш имкониятини кўриб чиқадилар.

47-модда. Жиноий иш юритувини топшириш

Иштирокчи Давлатлар мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлар муносабати билан юритилаётган текширув ишларини, бу каби ўзаро топширишлар одил судлов тегишли тарзда амалга оширилиши манфаатларига жавоб беради деб ҳисобланса, хусусан, агар жиноий ишларни бирлаштириш учун бир нечта юрисдикцияга мурожаат қилиниши лозим бўлса, ўзаро топшириш имкониятларини кўриб чиқадилар.

48-модда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар
ўртасидаги ҳамкорлик

1. Иштирокчи Давлатлар мазкур Конвенцияда қамраб олинган жиноятларга қарши курашиш учун қўлланиладиган қонуний чоралар самарадорлигини ошириш мақсадида, ўзларининг ички ҳуқуқий ва маъмурий тизимларига мувофиқ тарзда, бир-бирлари билан яқиндан ҳамкорлик қиладилар. Иштирокчи Давлатлар, хусусан, қуйидагиларга қаратилган самарали чораларни кўрадилар:
а) мазкур Конвенцияда қамраб олинган жиноятларнинг барча жиҳатлари тўғрисида, жумладан, агар иштирокчи Давлатлар буни зарур деб топсалар, жиноий фаолиятнинг бошқа турлари бўйича маълумотларнинг ишончли ва тезкор алмашинувини таъминлаш мақсадида иштирокчи Давлатларнинг ваколатли органлари, муассасалари ва хизматлари ўртасида алоқа каналларини мустаҳкамлаш ва зарур бўлган ҳолатларда бу каби алоқани ўрнатиш;
b) мазкур Конвенцияда қамраб олинган жиноятлар билан боғлиқ бўлган текширув ишларини олиб боришда қуйидагиларни аниқлаш мақсадида ҳамкорлик қилиш:
i) бу каби жиноятларни содир этишда гумон қилинаётганларнинг шахси, жойлашган ери ва фаолияти ёки бошқа алоқадор шахсларнинг жойлашган ери;
ii) бу каби жиноятлар содир этилиши натижасида орттирилган жиноий даромадлар ёки мол-мулкнинг кўчиши, жойини ўзгартириши;
iii) бу каби жиноятларни содир этишда фойдаланилган ёки фойдаланиш учун мўлжалланган мол-мулк, ускуналар ёки бошқа воситаларнинг жойдан жойга кўчиши.
с) лозим бўлган ҳолатларда таҳлил қилиш ёки текширув ўтказиш мақсадида зарур предметлар ёки зарур бўлган миқдорда моддаларни тақдим этиш;
d) зарур ҳолатларда бошқа иштирокчи Давлатлар билан мазкур Конвенцияда қамраб олинган жиноятларни содир этишда қўлланиладиган аниқ воситалар ва усуллар, жумладан қалбаки шахсий гувоҳномалар, қалбаки, ўзгартирилган ёки сохта ҳужжатлар ва фаолиятини яширишда қўлланиладиган бошқа воситалар тўғрисидаги маълумотлар билан алмашиш;
е) уларнинг ваколатли органлари, муассасалари ва хизматлари ўртасидаги самарали мувофиқлаштиришга кўмаклашиш ва ходимлар ҳамда бошқа экспертлар билан алмашиш, шу жумладан, манфаатдор иштирокчи Давлатлар томонидан икки томонли келишувлар ва битимлар тузилиши шартида алоқа бўйича ходимларни жўнатиш;
f) ахборот алмашинуви ва, лозим бўлган ҳолатларда, мазкур Конвенцияда қамраб олинган жиноятларни аввалдан аниқлаш мақсадида қўлланиладиган маъмурий ва бошқа чораларни мувофиқлаштириш.
2. Мазкур Конвенциянинг амалий қўлланилиши мақсадида иштирокчи Давлатлар ўзларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари бир-бирлари билан бевосита ҳамкорлик қилишлари тўғрисидаги икки томонлама ёки кўп томонлама келишув ва битимларни тузиш, агар бундай келишув ва битимлар мавжуд бўлган ҳолатларда эса уларга ўзгартишлар киритиш имкониятини кўриб чиқадилар. Манфаатдор иштирокчи давлатлар ўртасида бу каби келишув ва битимлар мавжуд бўлмаса, иштирокчилар мазкур Конвенцияни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мазкур Конвенция қамраб олган жиноятларга қарши курашдаги ўзаро ҳамкорлиги учун асос сифатида кўришлари мумкин. Иштирокчи Давлатлар, лозим бўлган ҳолатларда, ўзларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун келишув ва битимлардан, шу жумладан халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг механизмларидан тўлиқлигича фойдаланадилар.
3. Иштирокчи Давлатлар, ўз имкониятлари доирасида, мазкур Конвенцияда қамраб олинган ва замоновий технологияларни қўллаган ҳолда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш учун ҳамкорлик қилишга интиладилар.
49-модда. Биргаликдаги тергов ишлари
Иштирокчи Давлатлар битта ёки бир нечта давлатларда олиб борилаётган жиноий таъқиб ёки суд муҳокамаси учун умумий ҳисобланган жиноятлар бўйича биргаликдаги терговни олиб бориш бўйича органлар тузиш тўғрисидаги манфаатдор ваколатли органлар ўртасида икки томонлама ёки кўп томонлама келишув ёхуд битимларни тузиш имкониятларини кўриб чиқадилар. Бу каби келишув ёки битимлар бўлмаган тақдирда, биргаликдаги тергов ишлари ҳар бир алоҳида ҳолат учун тузилган келишув асосида олиб борилади. Тегишли иштирокчи Давлатлар, ҳудудида бундай текширув ва тергов ишлари олиб борилаётган иштирокчи Давлатнинг суверенитети тўлиқ ҳурмат қилинишини таъминлайдилар.
50-модда. Терговнинг махсус методлари
1. Коррупцияга қарши самарали курашиш мақсадида ҳар бир иштирокчи Давлат, ички ҳуқуқий тизимидаги энг муҳим принциплари йўл қўядиган даражада ва унинг ички қонунчилигида белгиланган шартларда, ўзининг ваколатли органлари томонидан тегишли тарзда назорат остида етказиб беришга ва ўзи лозим деб топган ҳолатларда эса, электрон кузатув ёки кузатувнинг бошқа шаклларини қўллашга, шунингдек ўзининг ҳудудида амалга ошириладиган агентура операциялари каби текширув ишларини олиб боришнинг махсус методларидан, ўз имкониятлари доирасида, тегишли тарзда фойдаланишга, шунингдек бу каби методлар ёрдамида тўпланган исбот-далиллар судга қўйилишига рухсат берилиши учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради.
2. Мазкур Конвенцияда қамраб олинган жиноятлар бўйича текширув олиб бориш мақсадида, зарурат мавжуд бўлган ҳолларда, текширувнинг бундай махсус методларидан халқаро миқёсда ҳамкорлик қилиш контекстида фойдаланиш учун иштирокчи Давлатлар томонидан икки томонлама ёки кўп томонлама келишув ёхуд битимлар тузиши рағбатлантирилади. Бундай келишув ёки битимлар давлатларнинг суверен тенгҳуқуқлик принципига тўла риоя қилган ҳолда тузилади ва амалга оширилади ҳамда ушбу келишув ёки битимларнинг шартларига қатъий амал қилган ҳолда қўлланилади.
3. 2-бандда кўрсатилган келишув ва битимлар мавжуд бўлмаганида текширувнинг бундай махсус методларидан халқаро миқёсда фойдаланиш тўғрисидаги қарор ҳар бир алоҳида ҳолат учун қабул қилиниши мумкин ва, зарурат туғилганида, молиявий келишувлар ҳамда суд қилиш ҳуқуқини амалга оширишда манфаатдор иштирокчи Давлатларнинг ҳамжиҳатлигини ҳисобга олади.
4. Назорат остида етказиб беришдан ҳалқаро миқёсда фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар, манфаатдор иштирокчи Давлатларнинг розилиги билан, юкларни ушлаб олиб қолиш ва уларга тегмасдан қолдириш ёки уларни тўлиқ ёхуд қисман муомаладан чиқариш ёки алмаштириш каби методларни ўз ичига олиши мумкин.
V боб
Активларни қайтариш бўйича чоралар
51-модда. Умумий қоидалар
Мазкур бобга асосан активларнинг қайтарилиши ўз моҳиятига кўра мазкур Конвенциянинг энг муҳим принципи ҳисобланади ва иштирокчи Давлатлар ушбу йўналишда бир-бирлари билан кенг миқёсда ва яқиндан ҳамкорлик қиладилар ҳамда бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар.
52-модда. Жиноий даромадлар бошқа жойга ўтказилишини
олдини олиш ва аниқлаш

Ҳар бир иштирокчи Давлат, мазкур Конвенциянинг 14-моддасига зарар етказмаган ҳолда, ўзининг юрисдикцияси дахл қилиши мумкин бўлган молия муассасаларидан мижозлар шахсини аниқлашни, катта ҳажмдаги маблағлар жамланган ҳисоб рақамларида депонентланган бенефицар маблағлар эгаларининг шахсини аниқлаш учун оқилона чораларни кўришни, катта миқёсдаги ва аҳамиятли оммавий ваколатларга бугунги кунда эга ёки аввалроқ эга бўлган шахслар, уларнинг оила аъзолари ва улар билан яқиндан алоқа қиладиган ҳамкорлар ёки юқорида санаб ўтилган шахслар номидан очилмоқчи бўлган ёки олиб борилаётган ҳисоб рақамларини янада кучлироқ назорат қилинишини талаб қилиш учун ушбу иштирокчи Давлатнинг ички қонунчилигига мувофиқ талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради. Бундай қатъий чоралар шубҳали операцияларни оқилона даражада аниқлаш учун қаратилган бўлиб, ваколатли органларга тегишли маълумотлар етказилиши учун мўлжалланган ва молия муассасаси исталган қонуний мижоз билан иш юритишига тўсқинлик қиладиган ёки тақиқлайдиган тарзда талқин этилмаслиги лозим.
2. Мазкур модданинг 1-бандида кўзда тутилган чоралар амалга оширилишига кўмаклашиш мақсадида ҳар бир иштирокчи Давлат, ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ ҳамда пул маблағларини ҳалоллаб олиш бўйича минтақавий, минтақалараро ва кўп томонлама ташкилотларнинг тегишли ташаббусларига таянган ҳолда:
а) ҳисоб рақамларига ўзининг юрисдикцияси дахл қиладиган молия муассасалари томонидан назоратнинг янада қатъийроқ чоралари кўрилиши кутилаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг тоифаларига, алоҳида эътибор берилиши лозим бўлган ҳисоб рақамлари ва операцияларнинг турларига, ҳамда ҳисоб рақамларини очиш ва юритиш бўйича тегишли чораларга, шунингдек шу каби ҳисоб рақамларига нисбатан қабул қилинувчи ҳисоб рақамлари бўйича олиб бориладиган ҳисобот ва молиявий ҳужжатларга нисбатан тавсиявий кўрсатмалар чиқаради, ва
b) тегишли ҳолатларда, ўзининг юрисдикцияси дахл қиладиган молия муассасаларини бошқа иштирокчи Давлатнинг илтимоси ёки ўзиинг ташаббусига кўра, бу каби молия муассасалари томонидан назоратнинг янада қатъийроқ чоралари кўрилиши кутилаётган ҳисоб рақамларига эга аниқ жисмоний ёки юридик шахслар тўғрисида, молия муассасаси томонидан бошқача тартибда аниқланиши мумкин бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларга қўшимча қилган ҳолда, хабардор қилади.
3. Ҳар бир иштирокчи Давлат, мазкур модданинг 2 (а)-банди контекстида ўзининг молия муассасалари, мазкур модданинг 1-бандида қайд этилган шахсларга дахлдор бўлган ҳисоб рақамлари ва операциялар тўғрисидаги ва таркибида камида мижознинг шахси, шунингдек, имкон қадар, бенефициар эгасига тааллуқли бўлган маълумотлари мавжуд молиявий ҳужжатлар ва ҳисоботлар тегишли муддат давомида сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган чораларни амалга оширади.
4. Мазкур Ковенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлар натижасида топилган жиноий даромадлар бошқа жойларга ўтказилишини олдини олиш ва аниқлаш мақсадида ҳар бир иштирокчи Давлат ўзининг тартибга солувчи ва назорат органлари, жисмоний иштироки бўлмаган ёки бирон мувофиқлаштириладиган молиявий гуруҳ билан аффиляция қилинмаган банк муассасалари ёрдамида тегишли ва амалий чораларни амалга оширади. Ундан ташқари, иштирокчи Давлатлар ўзларининг молия муассасаларига нисбатан бу каби молия муассасалари билан банк корреспондентлик муносабатларни ўрнатишни ёки бундай муносабатларни давом эттиришни рад қилиш, шунингдек жисмоний иштироки бўлмаган ёки бирон мувофиқлаштириладиган молиявий гуруҳ билан аффиляция қилинмаган банклар томонидан ҳисоб рақамларидан фойдаланишига рухсат берувчи хорижий молиявий муассасалар билан муносабатларни ўрнатишдан сақланиш каби талабларни ўрнатиш имкониятини кўриб чиқишлари мумкин.
5. Ҳар бир иштирокчи Давлат ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ тегишли оммавий мансабдор шахсларга тааллуқли молиявий маълумотларни ошкор қилиб беришни кўзда тутувчи самарали тизимларни ташкил қилиш имкониятларини кўриб чиқади ва ушбу талабларга риоя қилинмаслиги учун тегишли жазо чораларини белгилайди. Ҳар бир иштирокчи Давлат, шунингдек, мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлар орқали топилган жиноий даромадларни қайтариш мақсадида текширув олиб бориш, ҳуқуқларини баён қилиш ва тегишли чораларни кўриш учун зарур бўлган ҳолатларда ўзининг ваколатли органларига бошқа иштирокчи Давлатнинг ваколатли органлари билан бундай маълумотлар билан алмашишига рухсат бериш учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқади.
6. Ҳар бир иштирокчи Давлат бирон хорижий мамлакатдаги бирон-бир молиявий ҳисоб рақамга нисбатан манфаатга ёки имзо қўйиш ҳуқуқига ёхуд бошқа ваколатга эга бўлган оммавий мансабдор шахслар учун бу ҳақда тегишли органларга хабар бериш ва бу каби ҳисоб рақамларга тааллуқли ҳисобот олиб бориш талабини белгилаш учун ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқади. Бу каби чоралар, шунингдек, бундай талабларга риоя қилмаслик учун тегишли санкциялар қўлланилишини кўзда тутадилар.
53-модда. Мол-мулк бевосита қайтарилиши
учун чоралар

Ҳар бир иштирокчи Давлат, ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ:
а) бошқа иштирокчи Давлатга мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлар натижасида сотиб олинган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқий унвон ёки эгалик қилиш ҳуқуқини талаб қилиш юзасидан фуқаролик даъволарини ўзининг судларига тақдим этишига рухсат бериш учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради;
b) ўзларининг судларига мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатларни содир этган шахсларга бундай жиноят содир этилиши оқибатида бошқа иштирокчи Давлатга етказилган зарарни ўрнини тўлдириш ёки қоплаш тўғрисида фармойиш беришига рухсат берилиши учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради;
с) мусодара қилиш тўғрисидаги қарорларни чиқаришда мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлар натижасида сотиб олинган мол-мулкнинг қонуний эгаси сифатида бошқа иштирокчи Давлат томонидан қўйиладиган талабларни ўзларининг судлари ёки ваколатли органлари тан олинишига йўл қўйиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради.

54-модда. Мусодара қилиш ишлари бўйича халқаро ҳамкорлик
воситасида мол-мулкни муомаладан чиқариш

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлар натижасида сотиб олинган ёки бу каби жиноятларни содир этилишида фойдаланилган мол-мулкка тааллуқли ўзаро ҳуқуқий ёрдамни мазкур Конвенциянинг 55-моддасига асосан тақдим этиш мақсадида, ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ:
а) бошқа иштирокчи Давлат судлари томонидан мусодара қилиш тўғрисида чиқарилган қарорларни ўзининг ваколатли органлари ижро этишига рухсат берилиши учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради;
b) ўзининг ваколатли органларига, уларнинг юрисдикцияси доирасида, пул маблағларини легаллаштириш билан боғлиқ жиноятлар ёки унинг юрисдикциясига тааллуқли бўлиши мумкин бўлган бошқа жиноятлар юзасидан суд қарорини чиқаришда ёхуд ички қонунчилигида рухсат этилган бошқа тартиботлардан фойдаланишда келиб чиқиши хорижий бўлган бундай мол-мулк мусодара қилиниши тўғрисида қарор чиқаришларига рухсат бериш учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради; ва
с) вафот этганлиги, яширилганлиги ёки йўқлиги сабабли жиноятчи таъқиб этилишининг имкони бўлмаган ёхуд бошқа мувофиқ ҳолатларда кўрилаётган жиноий ишлар доирасида қарор чиқармасдан туриб бундай мол-мулкнинг мусодара қилинишига имконият яратиш учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни қабул қилиш бўйича масалани кўриб чиқади.
2. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур Конвенциянинг 55-моддаси, 2-бандига асосан жўнатилган илтимос бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдамни тақдим этиш мақсадида, ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ:
а) ўзининг ваколатли органларига сўров бераётган иштирокчи Давлатнинг суди ёки ваколатли органлари томонидан мол-мулкни муомаладан чиқариб ишга солмай қўйиш ёки ҳибсга олиш тўғрисида чиқарилган ва сўров берилаётган иштирокчи Давлатга бу каби чоралар кўрилиши учун етарли асослар мавжуд ва, якуний натижада, ушбу мол-мулкка нисбатан мазкур модданинг 1 (а)-банди мақсадлари учун мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқарилади деб ҳисоблашга имкон берувчи оқилона асослар баён этилган қарорга асосан мол-мулкни ишга солмай қўйишига ёки ҳибсга олишига рухсат бериш учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради;
b) ўзининг ваколатли органларига сўров берилаётган иштирокчи Давлатга бу каби чоралар кўрилиши учун етарли асослар мавжуд ва, якуний натижада, ушбу мол-мулкка нисбатан мазкур модданинг 1 (а)-банди мақсадлари учун мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқарилади деб ҳисоблашга имкон берувчи оқилона асослар баён этилган мурожаатга асосан мол-мулкни муомаладан чиқариб туриб ишга солмай қўйишига ёки ҳибсга олишига рухсат бериш учун талаб қилиниши мумкин бўлган чораларни кўради; ва
с) ўзининг ваколатли органларига мусодара қилиш мақсадларида мол-мулкни сақлаб қолишига, масалан, бу каби мол-мулкни сотиб олиниши муносабати билан хорижда чиқарилган ҳибсга олиш тўғрисидаги қарор ёки жиноий иш қўзғатилишига асосланган ҳолда, рухсат бериши учун қўшимча чораларни қабул қилиш масаласини кўриб чиқади.
55-модда. Мусодара қилиш мақсадларидаги
халқаро ҳамкорлик

1. Мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган бирон ҳатти-ҳаракат юрисдикциясига тааллуқли ҳисобланган иштирокчи Давлатдан мазкур Ковенциянинг 31-моддаси 1-бандида қайд этилган ва ўз ҳудудида жойлашган жиноий даромадларни, мол-мулкни, ускуналари ва жиноят содир этишнинг бошқа воситаларини мусодара қилиш тўғрисида мурожаатнома олган иштирокчи Давлат ўзининг ички қонунчилиги доирасида мумкин бўлган максимал даражада:
а) мусодара қилиш тўғрисидаги қарорни олиш мақсадида бу илтимосни ўзининг ваколатли органларига юборади ва шундай қарорни олган тақдирда уни ижро этади, ёки
b) ўзининг ваколатли органларига сўров бераётган иштирокчи Давлат ҳудудида мазкур Конвенциянинг 31-моддаси 1-банди ва 54-моддаси 1 (а)-бандига мувофиқ суд томонидан мусодара қилиш тўғрисидаги чиқарилган қарорни, мурожаатда кўрсатилган ҳажмда ва сўров берилаётган иштирокчи Давлати ҳудудидаги 31-модданинг 1-бандида қайд этилган жиноий даромадлар, мол-мулк, ускуна ёки жиноят содир этишнинг бошқа воситаларига тааллуқли бўлган даражада ижро этиш мақсадида юборади.
2. Сўров берилаётган иштирокчи Давлат Мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган бирон ҳатти-ҳаракат юрисдикциясига тааллуқли ҳисобланган иштирокчи Давлатдан мурожаатнома олганидан кейин, 31-модданинг 1-бандида қайд этилган жиноий даромадлар, мол-мулк, ускуна ёки жиноят содир этишнинг бошқа воситаларини аниқлаш, кузатиш, муомаладан чиқариб туриб ишга солмай қўйиш ёки ҳибсга олиш мақсадида ва кейинчалик, сўров бераётган иштирокчи Давлат томонидан чиқарилувчи қарорга ёки мазкур модданинг 1-бандига асосан қилинган мурожаатга мувофиқ, мусодара қилиш учун чоралар кўради.
3. Мазкур Конвенциянинг 46-моддасидаги ҳолатлар мазкур моддага нисбатан mutatis mutandis тарзда қўлланилади. Мазкур моддага мувофиқ юборилаётган илтимос таркибида 46-модданинг 15-бандида кўрсатилган маълумотларга қўшимча қилинган қуйидагилар баён этилади:
а) мазкур модданинг 1 (а)-бандида кўзда тутилган мурожаат қўлланишига – мусодара қилиниши лозим бўлган мол-мулкнинг таърифланиши, шу жумладан, имкон даражасида унинг жойлашган ери тўғрисидаги маълумотлар ва, агар бу ўринли бўлса, мол-мулкнинг баҳоланган қиймати ва сўров бераётган иштирокчи Давлат ҳавола қилаётган ва сўров берилаётган иштирокчи Давлат ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ қарор чиқариши учун чоралар кўришига етарли бўлган далиллар баён этилган ариза;
b) мазкур модданинг 1 (b)-бандида кўзда тутилган мурожаат қўлланишига - сўров бераётган иштирокчи Давлат мурожаатини асослаб берувчи ва у томондан берилган мусодара тўғрисидаги қарорнинг юридик жиҳатдан йўл қўйилиши мумкин бўлган нусхаси, даллилларнинг баёни келтирилган ариза ва қарор ижросининг сўралаётган ҳажми тўғрисидаги маълумот, сўров бераётган иштирокчи Давлат ҳалол учинчи томонларга тегишли хабарнома юбориши ва тегишли ҳуқуқий тартиботларга риоя қилинишини таъминлаш учун кўрилган чоралар кўрсатилган ариза ҳамда мусодара тўғрисидаги қарор қатъий эканлиги тўғрисидаги ариза;
с) мазкур модданинг 1-бандида кўзда тутилган мурожаат қўлланишига - сўров бераётган иштирокчи Давлат ҳавола қилаётган далиллар баён этилган ариза ва қўлланилаётган чораларнинг таърифланиши, шунингдек, агар мавжуд бўлса, мурожаатни асослаб берувчи қарорнинг юридик жиҳатдан йўл қўйилиши мумкин бўлган нусхаси.
4. Мазкур модданинг 1- ва 2-бандларида кўзда тутилган қарорлар ёки чоралар сўров берилаётган иштирокчи Давлат томонидан унинг ички қонунчилигидаги ҳолатларга ва унинг процессуал нормалари ёки исталган икки томонлама ёхуд сўров бераётган иштирокчи Давлат билан муносабатлари асносида боғлиқ бўлган кўп томонлама келишувлар ёки битимларга мувофиқ ва уларга риоя қилиш шартида қабул қилинади.
5. Ҳар бир иштирокчи Давлат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига мазкур моддадаги ҳолатлар амалга оширилишини таъминловчи қонун ва қоидаларининг матнларини, шунингдек ушбу қонунлар ва қоидаларга кейинчалик киритилган барча исталган ўзгартишларнинг матнлари ёки таърифланишларини тақдим этади.
6. Агар иштирокчи Давлат мазкур модданинг 1- ва 2-бандларида қайд этилган чоралар кўрилишини мувофиқ шартнома мавжуд бўлиши билан шартлашни хоҳласа, у ҳолда бу иштирокчи Давлат мазкур Конвенцияни зарур ва етарли бўлган шартномавий-ҳуқуқий асос сифатида кўради.
7. Агар сўров берилаётган иштирокчи Давлат ўз вақтида етарли исбот-далиллар олмаса ёки агар мол-мулк минимал қийматга эга бўлса мазкур моддага асосланган ҳамкорликка рад жавоби ҳам берилиши мумкин.
8. Мазкур моддага мувофиқ қабул қилинган исталган таъминловчи чоранинг бекор қилинишидан аввал сўров берилаётган иштирокчи Давлат, мумкин бўлган ҳолатларда, сўров бераётган иштирокчи Давлатга бундай чорани амалга оширишни давом эттириш фойдадан холи бўлмаслигини асослаб бериши учун имконият тақдим этади.
9. Мазкур модданинг ҳолатлари ҳалол учинчи томонларнинг ҳуқуқларига зарар етказадиган тарзда талқин қилинмайди.

56-модда. Махсус ҳамкорлик

Ҳар бир иштирокчи Давлат, ўзининг ички қонунчилигига зарар етказамаган ҳолда, мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлар орқали орттирилган даромадлар тўғрисидаги маълумотларни ўзининг текширув ишларига, кўрилаётган жиноий ишларига ёки суд муҳокамасига зарар етказмасдан туриб, агар бу каби маълумотларнинг ошкора қилиниши уни олаётган иштирокчи Давлатга жиноий ишни қўзғатиш ёки текширув ишларини ёки суд муҳокамасини ўтказишига кўмак беради ёхуд ушбу иштирокчи Давлат томонидан бу илтимосномани Конвенциянинг мазкур моддасига мувофиқлаштиришига йўналтиради деб ҳисобласа, бошқа иштирокчи Давлатга аввалдан илтимоснома қилинмаган ҳолларда ҳам жўнатиш имкониятини берувчи чоралар кўришга интилади.

57-модда. Активларни қайтариш ва
уларни тасарруф қилиш

1. Иштирокчи Давлат томонидан мазкур Конвенциянинг 31-моддасига ёки 55-моддасига асосан мусодара қилинган мол-мулкни, жумладан мазкур модданинг 3-бандига кўра аввалги қонуний эгаларига қайтарилган мол-мулкни иштирокчи Давлат мазкур Конвенциянинг ҳолатлари ва ўзининг ички қонунчилигига мувофиқ тасарруф қилади.
2. Ҳар бир иштирокчи Давлат, ички қонунчилигининг энг муҳим принципларига мувофиқ, ўзининг ваколатли органларига, улар бошқа иштирокчи Давлат томонидан юборилган илтимоснома бўйича иш тутаётганларида, мусодара қилинган мол-мулкни, ҳалол учинчи томонларнинг ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда, мазкур Конвенцияга мувофиқ қайтариб беришларига рухсат бериш учун талаб қилиниши мумкин бўлган қонуний ва бошқа чоралар кўради.
3. Иштирокчи Давлат мазкур Конвенциянинг 46- ва 55-моддаларига ва мазкур модданинг 1- ва 2-бандларига мувофиқ:
а) мазкур Конвенциянинг 17- ва 33-моддаларида қайд этилганидек, оммавий маблағлар ўғирланганида ёки оммавий маблағлар ҳаллоллаштирилганида, агар мусодара 55-моддага мувофиқ ва сўров берилаётган иштирокчи Давлат томонидан чиқарилган якуний қарор асосида амалга оширилган бўлса, ва айнан шу талаб сўров берилаётган иштирокчи Давлат томонидан бекор қилиниши мумкинлигини эътиборга олган ҳолда, мусодара қилинган мол-мулкни сўров бераётган иштирокчи Давлатга қайтариб беради;
b) мазкур Конвенцияда қамраб олинган исталган жиноят орқали даромад топилганида, агар мусодара 55-моддага мувофиқ ва сўров берилаётган иштирокчи Давлат томонидан чиқарилган якуний қарор асосида амалга оширилган бўлса, ва айнан шу талаб сўров берилаётган иштирокчи Давлат томонидан бекор қилиниши мумкинлигини эътиборга олган ҳолда, агар сўров берилаётган иштирокчи Давлат сўров бераётган иштирокчи Давлатга ушбу мусодара қилинган мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи аввалдан бор бўлганини оқилона исботлаб берса ёки сўров берилаётган иштирокчи Давлат сўров бераётган Давлатга етказилган зарарни мусодара қилинган мол-мулкни қайтариб бериш учун асос сифатида тан олса, мусодара қилинган мол-мулкни сўров бераётган иштирокчи Давлатга қайтариб беради;
с) барча бошқа ҳолатларда, биринчи навбатда, мусодара қилинган мол-мулкни сўров бераётган иштирокчи Давлатга, бундай мол-мулкни унинг аввалги қонуний эгаларига қайтарилиши ёки жиноятдан жабр кўрганларга компенсация тўланиши масаласи кўради.
4. Сўров берилаётган иштирокчи Давлат тегишли ҳолатларда, агар фақат иштирокчи Давлатлар бошқа қарорни қабул қилмасалар, сўров берилаётган иштирокчи Давлат мусодара қилинган мол-мулк қайтарилишига ёки мазкур моддага мувофиқ тасарруф қилинишига олиб келган тергов ишлари, кўрилган жиноий иш ёки суд муҳокамаси вақтида сарфланган оқилона харажатларни олиб қолиши мумкин.
5. Иштирокчи Давлатлар тегишли ҳолатларда мусодара қилинган мол-мулкни узил-кесил тасарруф қилиниши хусусида келишувлар ёки томонлар учун бирдек мақбул бўлган битимлар тузиш имкониятини ҳар бир алоҳида ҳолат учун кўриб чиқишлари мумкин.

58-модда. Тезкор молиявий маълумотларни
йиғиш учун бўлинмалар

Иштирокчи давлатлар мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлар орқали топилган жиноий даромадларнинг жойдан жойга кўчирилишини олдини олиш ва уларга қарши курашиш, шунингдек бундай даромадларни муомаладан чиқариш мақсадларида бир-бирлари билан ҳамкорлик қиладилар ва шу мақсадларда шубҳали молиявий операциялар тўғрисида маълумотлар олиш, уларни таҳлил қилиш ва ваколатли органларга жўнатиш учун масъул бўлган тезкор молиявий маълумот йиғиш бўйича бўлинмаларни ташкил қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқадилар.

59-модда. Икки томонлама ва кўп томонлама
келишувлар ҳамда битимлар

Иштирокчи давлатлар Конвенциянинг мазкур бобига асосан амалга ошириладиган халқаро ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш учун икки томонлама ёки кўп томонлама келишувлар ва битимлар тузиш имкониятларини кўриб чиқадилар.

VI боб
Техник ёрдам ва маълумот алмашинуви
60-модда. Кадрларни тайёрлаш ва техник ёрдам

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кураш учун масъул бўлган ўз ходимларини тайёрлаш бўйича, лозим деб топилган даражада, дастурларни ишлаб чиқади, амалга оширади ёки такомиллаштиради. Кадрларни тайёрлаш бўйича бундай дастурлар, бошқалари билан бир қаторда, қуйидаги соҳаларга тегишли бўлиши мумкин:
а) коррупцияга оид ҳаракатларни олдини олиш, аниқлаш ва текшириш, шунингдек улар учун жазолаш, жумладан исбот-далиллар тўплаш ва текширув методлари бўйича самарали чоралар;
b) коррупцияга қарши кураш бўйича стратегик сиёсатни ишлаб чиқиш ва режалаштириш соҳасида потенциал яратиш;
с) мазкур Конвенция талабларига жавоб берадиган ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосномаларни тузиш масалалари бўйича ваколатли органларнинг ходимларини тайёрлаш;
d) оммавий хизмат муассасалари, бошқармаларини ва оммавий молиявий маблағлар, шу жумладан оммавий харидлар ва хусусий сектор бошқармаларини баҳолаш ва мустаҳкамлаш;
е) мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлар орқали орттирилган жиноий даромадларнинг жойдан-жойга кўчирилишини аниқлаш, шунингдек бундай даромадларни муомаладан чиқариш;
f) мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлар орқали орттирилган жиноий даромадларнинг жойдан-жойга кўчириш бўйича операцияларни аниқлаш ва тўхтатиш;
g) мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлар орқали орттирилган жиноий даромадларнинг жойдан-жойга кўчирилишини ва жойдан-жойга кўчириш, яшириш ва беркитиш методларини кузатиш;
h) мазкур Конвенцияда жиноят деб тан олинган ҳатти-ҳаракатлар орқали орттирилган жиноий даромадларни муомаладан чиқаришга ёрдам берувчи тегишли ва самарали ҳуқуқий ҳамда маъмурий механизмлар ва методлар;
i) жабрланувчилар ва суд органлари билан ҳамкорлик қиладиган гувоҳларни ҳимоя қилишда фойдаланиладиган методлар;
j) миллий ва халқаро қоидаларга, шунингдек тилларни ўрганишга тааллуқли масалалар бўйича ходимларни тайёрлаш.
2. Иштирокчи Давлатлар, ўз имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, бир-бирларига кенг миқёсда, айниқса, ривожланаётган мамлакатлар манфаатлари учун, уларнинг коррупцияга қарши кураш бўйича мувофиқ режалари ва дастурлари муносабати билан тегишли техник ёрдам бериш, жумладан моддий қўллаб-қувватлаш ва мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган соҳаларда кадрларни тайёрлаш, шунингдек иштирокчи Давлатлар ўртасидаги халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш имкониятини яратадиган кадрларни тайёрлаш ва ёрдам кўрсатиш ҳамда тегишли тажриба ва махсус билимларни алмашиш масаласини кўриб чиқадилар.
3. Иштирокчи Давлатлар, қанчалик лозим бўлса, халқаро ва минтақавий ташкилотлардаги ҳамда тегишли икки томонлама ва кўп томонлама келишувлар ва битимлар доирасидаги амалий ва ўқув тадбирлар самарадорлигини максимал оширишга қаратилган ҳаракатларини фаоллаштирадилар.
5. Иштирокчи давлатлар ваколатли органлар ва жамият иштирокида коррупцияга қарши кураш бўйича стратегиялар ва режалар ишлаб чиқиш мақсадида ўз мамлакатларидаги коррупциянинг турлари, сабаблари, оқибатлари ва зарарлари билан боғлиқ бўлган баҳолашлар, тадқиқотлар ва ишланмаларни ўтказиш учун, ўзаро илтимосномаларга асосан, бир-бирларига ёрдам бериш имкониятларини кўриб чиқадилар.
5. Мазкур Конвенцияда жиноят деб топилган ҳатти-ҳаракатлар орқали орттирилган жиноий даромадларни муомаладан чиқаришга ёрдам бериш учун иштирокчи Давлатлар ушбу мақсадга эришишда ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган экспертлар номларини бир-бирларига тақдим этишда ҳамкорлик қилишлари мумкин.
6. Иштирокчи давлатлар ҳамкорлик ва техник ёрдамга кўмаклашиш ҳамда ўзаро манфаатли муаммолар, шу жумладан ўтиш иқтисодиётига эга бўлган ривожланаётган мамлакатларнинг алоҳида муаммолари ва талабларини муҳокама қилишни рағбатлантириш учун субминтақавий, минтақавий ва халқаро конференция ва семинарлардан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқадилар.
7. Иштирокчи давлатлар ривожланаётган мамлакатлар ва ўтиш иқтисодиётига эга бўлган мамлакатларнинг техник ёрдам соҳасидаги дастур ва лойиҳалар воситасида мазкур Конвенцияни қўллаш бўйича амалга ошираётган ҳаракатларига молиявий ёрдам бериш мақсадида ихтиёрий механизмлар яратиш имкониятини кўриб чиқадилар.
8. Ҳар бир иштирокчи Давлат ривожланаётган мамлакатларда мазкур Конвенцияни қўллаш учун Бошқарма орқали дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам бериш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг наркотиклар ва жиноятлар бўйича Бошқармаси эҳтиёжлари учун ихтиёрий бадаллар киритиш имониятини кўриб чиқади.
61-модда. Коррупция тўғрисидаги маълумотларни тўплаш,
таҳлил қилиш ва маълумотларни алмашиш

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат экспертлар билан маслаҳатлашиш, масаҳатлар ўтказиш, ўз ҳудудидаги коррупция соҳасидаги тенденцияларни, шунингдек коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этиладиган шарт-шароитларни таҳлил қилиш имкониятларини кўриб чиқади.
2. Иштирокчи Давлатлар, мумкин бўлган қадар, умумий таърифланишлар, стандартлар ва методологияларни ишлаб чиқиш мақсадида коррупцияга оид статистик маълумотларни, таҳлилий билимларни ва шу жумладан, коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш ишида амалиётнинг оптимал турлари ҳақидаги маълумотларни кенгайтириш ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар воситасида ушбу маълумотларни алмашиш имкониятини кўриб чиқадилар.
3. Ҳар бир иштирокчи Давлат ўзининг коррупцияга қарши сиёсати ва кураши бўйича профилактик чора-тадбирлари устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек уларнинг самарадорлиги ва таъсирчанлигини баҳолаш имкониятларини кўриб чиқади.
62-модда. Бошқа чоралар: мазкур Конвенцияни иқтисодий
ривожланиш ва техник ёрдам асосида амалга ошириш
1. Иштирокчи Давлатлар жамият учун умуман, жумладан барқарор ривожланиш учун коррупциянинг салбий оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, мумкин бўлган қадар, ҳалқаро ҳамкорлик воситасида мазкур Конвенцияни оптимал амалга оширилишига ёрдам берувчи чораларни кўрадилар.
2. Иштирокчи Давлатлар, мумкин бўлган қадар ҳамда бир-бирлари, шунингдек халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан мувофиқлаштирилган тарзда қуйидагиларга эришиш учун аниқ чора-тадбирларни кўради:
а) ривожланаётган мамлакатларнинг коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида имкониятларини мустаҳкамлаш мақсадида улар билан турли даражаларда ҳамкорликни фаоллаштириш;
b) ривожланаётган мамлакатларнинг коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида молиявий ва техник ёрдамни кенгайтириш ва улар мазкур Конвенцияни муваффақиятли амалга оширишлари учун амалий ёрдам кўрсатиш;
с) ривожланаётган ва ўтиш иқтисодиётига эга бўлган мамлакатларга, уларнинг мазкур Конвенцияни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган эҳтиёжларини қондиришга кўмаклашиш мақсадида техник ёрдам кўрсатиш. Бунинг учун иштирокчи Давлатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан аниқ ушбу мақсадлар учун ташкил қилинган молиялаштириш механизмининг ҳисоб рақамига мунтазам равишда етарли миқдорда ихтиёрий бадаллар киритишга интиладилар. Иштирокчи Давлатлар, шунингдек, ўзларининг ички қонунчилигига ва мазкур Конвенциянинг ҳолатларига мувофиқ, мазкур Конвенциянинг ҳолатларига мувофиқ мусодара қилинган пул маблағлари ёки жиноий даромадлар ёки мол-мулкнинг тегишли қийматининг муайян қисмини юқорида қайд этилган ҳисоб рақамига ўтказиш имкониятини алоҳида кўриб чиқишлари мумкин.
d) бошқа давлатлар ва молиявий муассасаларни, тегишли ҳолатларда, мазкур моддага мувофиқ амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга қўшилишга, шу жумладан ривожланаётган мамлакатлар мазкур Конвенциянинг мақсадларига эришиши учун уларга кадрларни тайёрлаш бўйича дастурларни ва замонавий ускуналарни каттароқ ҳажмларда тақдим этилишини таъминлаш йўли билан рағбатлантириш ва кўндириш.
3. Бу чора-тадбирлар, мумкин бўлган қадар, хорижий ёрдам ёки икки томонлама, минтақавий ёки халқаро миқёсдаги молиявий ҳамкорлик тўғрисида тузилган бошқа битимларга тааллуқли мавжуд мажбуриятларга зарар етказмайди.
4. Иштирокчи Давлатлар, мазкур Конвенцияда кўзда тутилган халқаро ҳамкорликнинг самарадорлигини таъминлаш, шунингдек коррупцияни олдини олиш ва аниқлаш, унга қарши курашиш учун зарур бўлган молиявий битимларни эътиборга олган ҳолда, моддий-техник ёрдам тўғрисидаги икки томонлама ёки кўп томонлама келишувлар ёхуд битимлар тузишлари мумкин.
VII боб. Амалга ошириш механизмлари
63-модда. Конвенцияда иштирок этадиган
Давлатлар конференцияси

1. Мазкур Конвенцияда белгиланган мақсадларга етишиш учун иштирокчи Давлатлар имкониятларини ва улар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, мазкур Конвенцияни амалга оширишга ёрдам бериш ва уни амалга оширилишини кузатиш мақсадида Конвенцияда иштирок этадиган Давлатларнинг Конференцияси таъсис этилади.
2. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби иштирокчи Давлатлар Конференциясини мазкур Конвенция кучга кирган кундан кейин бир йилдан кечиктирмай чақиради. Кеинчалик, иштирокчи Давлатлар Конференцияси томонидан қабул қилинган тартиботларга мувофиқ, Конференциянинг навбатдаги кенгашлари ўтказилади.
3. Иштирокчи Давлатлар Конференцияси мазкур моддада кўрсатилган фаолият турлари амалга оширилишини тартибга солувчи тартибот ва қоидаларни, жумладан кузатувчиларга рухсат берилиши ва уларнинг иштироки ҳамда ушбу фаолият турларини амалга оширишда сарфланган харажатларни тўлаш билан боғлиқ қоидаларни қабул қилади.
4. Иштирокчи Давлатлар Конференцияси мазкур модданинг 1-бандида баён этилган мақсадларга эришиш учун фаолият турлари, тартиботлар ва ишлаш методларини келишитиради, шу жумладан:
а) иштирокчи Давлатлар фаолиятига мазкур Конвенциянинг 60- ва 62-моддалари ва II–V бобларига асосан кўмаклашиш, шу жумладан ихтиёрий бадаллар сафарбарлигини рағбатлантириш йўли билан ҳам;
b) иштирокчи Давлатлар ўртасида коррупциянинг шакллари ва бу соҳадаги тенденциялар тўғрисидаги, шунингдек коррупцияни олдини олиш, унга қарши курашиш жиноий даромадларни қайтариш тўғрисидаги маълумотлар алмашинувига кўмаклашиш, бошқалари билан бир қаторда мазкур моддада қайд этилган маълумотларни чоп этиш;
с) тегишли халқаро ва минтақавий ташкилотлар ва механизмлар, шунингдек нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;
d) коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида бошқа халқаро ва минтқавий ташкилотлар тайёрлаган мувофиқ маълумотлардан, ишларнинг такрорланишини олдини олиш учун тегишли тарзда фойдаланиш;
е) иштирокчи Давлатлар томонидан мазкур Ковенциянинг амалга оширилиши тўғрисидаги масалани даврий равишда кўриб чиқиш;
f) мазкур Конвенцияни такомиллаштириш ва амалга оширилишига тааллуқли бўлган тавсияларни бериш;
g) мазкур Конвенциянинг амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган техник ёрдамга эҳтиёжларни ҳисобга олиш ва шу муносабат билан мазкур Конвенция зарур деб топган исталган ҳаракатларга нисбатан тавсияларни бериш;
5. Мазкур модданинг 4-банди мақсадлари учун иштирокчи Давлатлар Конференцияси мазкур Конвенция амалга оширилишида иштирокчи Давлатлар томонидан кўрилган чоралар ва бунда улар дуч келган қийинчиликлар тўғрисида уларга тақдим этилган маълумотлар асосида ва кузатув олиб боришнинг иштирокчи Давлатлар Конференцияси томонидан ташкил қилиниши мумкин бўлган қўшимча механизмлар орқали зарур бўлган маълумотларни олади.
6. Ҳар бир иштирокчи Давлат иштирокчи Давлатлар Конференциясига ўзининг дастурлари, режалари ва амалиёти, шунингдек мазкур Конвенцияни амалга оширишга қаратилган қонунчий ва маъмурий чоралари ҳақида иштирокчи Давлатлар Конференцияси талаб қилган кўринишда маълумот тақдим этади. Иштирокчи Давлатлар Коференцияси бу каби маълумотларни, ва шу жумладан, бошқалари билан бир қаторда, иштирокчи Давлатлар ва ваколатли халқаро ташкилотлардан олинган маълумотларни олишнинг энг самарали йўллари ва мувофиқ қарорлар асосида қабул қилиш тўғрисидаги масалани ўрганиб чиқади. Шунингдек, иштирокчи Давлатлар Конференциясининг қарори билан тасдиқланган тартиботларга асосан тегишли тарзда аккредитация қилинган нодавлат ташкилотлардан олинган материаллар ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
7. Иштирокчи Давлатлар Конференцияси, мазкур модданинг 4-6 бандларига асосан, агар буни лозим деб топса, Конвенцияни самарали амалга оширишга кўмаклашиш учун исталган мувофиқ механизм ёки орган таъсис этади.

64-модда. Котибият
1. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби иштирокчи Давлатлар Конференциясини зарур бўлган секретариат хизмати билан таъминлайди.

2. Котибият:
а) иштирокчи Давлатлар Конференциясига мазкур Конвенциянинг 63-моддасида сўз юритилган фаолиятни амалга оширишда ёрдам беради, шунингдек иштирокчи Давлатлар Конференциясининг сессияларини ташкил қилади ва уларни зарур бўлган хизмат кўрсатиш билан таъминлайди.
b) иштирокчи Давлатларнинг илтимосига кўра, мазкур Конвенциянинг 63-моддаси 5- ва 6-бандаларида кўзда тутилганидек, иштирокчи Давлатлар Конференциясига уларнинг маълумотларини тақдим этишда ёрдам беради.
с) бошқа тегишли халқаро ва минтақавий ташкилотларининг секретариатлари билан зарур бўлган ўзаро мувофиқлаштиришни таъминлайди.

VIII боб.
Якунловчи ҳолатлар
65-модда. Конвенциянинг амалга оширилиши

1. Ҳар бир иштирокчи Давлат, қонунчилигининг энг муҳим тамойилларига мувофиқ, мазкур Конвенцияга асосан ўзининг мажбуриятларини амалга оширилишини таъминлаш учун зарур бўлган чораларни, жумладан қонуний ва маъмурий чораларни кўради.
2. Ҳар бир иштирокчи Давлат коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш учун мазкур Конвенцияда кўзда тутилган чораларга қараганда янада қатъий ва қаттиқ бўлган чораларни кўриши мумкин.

66-модда. Низоларни ҳал қилиш

1. Иштирокчи Давлатлар мазкур Конвенциянинг талқин қилиниши ва қўлланилиши бўйича юзага келадиган низоларни музокаралар йўли билан ҳал қилишга интиладилар.
2. Икки ёки ундан ортиқ иштирокчи Давлатлар ўртасида мазкур Конвенциянинг талқин қилиниши ёки қўлланилиши бўйича юзага келган ва оқилона муддат давомида мувофиқлаштирила олмаган исталган низо, ушбу иштирокчи Давлатларнинг бирини илтимосига кўра арбитраж муҳокамасига топширилади. Агар арбитраж тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилинганидан кейин олти ой давомида иштирокчи Давлатлар уни ташкил қилиш бўйича келиша олмасалар, ушбу исталган иштирокчи Давлат Суд Статутига мувофиқ ариза билан мурожаат қилиб низони Халқаро Судга топшириши мумкин.
3. Ҳар бир иштирокчи Давлат мазкур Конвенцияни имзолашда, ратификация қилишда, қабул қилиш ёки тасдиқлашда ёҳуд унга қўшилишда мазкур модданинг 2-бандидаги ҳолатлар билан боғламанганлиги ҳақида эълон қилиши мумкин. Бошқа иштирокчи Давлатлар шундай қўшимча шарт қўйган исталган иштирокчи Давлатга нисбатан мазкур модданинг 2-бандидаги ҳолатлар билан боғламанган бўлади.
4. Мазкур модданинг 3-бандига мувофиқ қўшимча шарт қўйган иштирокчи исталган вақтда ушбу қўшимча шартни Давлат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига билдиришнома юбориш йўли билан бекор қилиши мумкин.

67-модда. Имзолаш, ратификация, қабул қилиш,
тасдиқлаш ва қўшилиш

1. Мазкур Конвенция барча давлатлар имзолаши учун 2003 йилнинг 9 декабридан 11 декабригача Мерида (Мексика)да шаҳрида, кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги марказий муассасаларида 2005 йилнинг 9 декабригача очиқ.
2. Мазкур Конвенция, шунингдек, иқтисодий интеграциянинг минтақавий ташкилотлари томонидан, ушбу ташкилотга аъзо давлатларнинг камида биттаси мазкур Конвенцияни мазкур модданинг 1-бандига мувофиқ имзолаган бўлиши шартида, имзоланиши учун очиқ.
3. Мазкур Конвенция ратификация қилиниши, қабул қилиниши ёки тасдиқланиши лозим. Қабул қилиниши ёки тасдиқланиши ҳақидаги ратификацион ёрлиқлар ёхуд ҳужжатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига сақлаш учун топширилади. Иқтисодий интеграциянинг минтақавий ташкилоти ўзининг рактификацион ёрлиғини ёки қабул қилгани ёхуд тасдиқлагани ҳақидаги ҳужжатини, агар ташкилотга аъзо давлатларнинг камида биттаси худди шундай йўл тутган бўлса, сақлашга топшириши мумкин. Бундай рактификацион ёрлиқ ёки қабул қилгани ёхуд тасдиқлагани ҳақидаги ҳужжатда ташкилот мазкур Ковенция мувофиқлаштирувчи масалалар бўйича ўзининг ваколат доиралари ҳақида эълон қилади.
4. Мазкур Конвенция қўшилиш учун исталган давлат ёки аъзо давлатларининг ҳеч бўлмаганда биттаси мазкур Конвенциянинг иштирокчиси ҳисобланган исталган иқтисодий интеграциянинг минтақавий ташкилоти учун очиқ. Қўшилиши ҳақидаги ҳужжатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига сақлаш учун топширилади. Иқтисодий интеграциянинг минтақавий ташкилоти қўшилганида мазкур Ковенция мувофиқлаштирувчи масалалар бўйича ўзининг ваколат доиралари ҳақида эълон қилади. Бундай ташкилот, шунингдек, ўз ваколатлари доирасининг исталган мувофиқ ўзгариши ҳақида депозитарийга хабар беради.
68-модда. Кучга кириши

1. Мазкур Конвенция ўттизинчи ратификацион ёрлиқ ёки қабул қилгани, тасдиқлагани ёхуд қўшилгани ҳақидаги ҳужжатлар топширилганидан кейин 90 кун кучга киради. Мазкур банднинг мақсади учун иқтисодий интеграциянинг минтақавий ташкилоти томонидан сақлашга топширилган исталган шундай ёрлиқ ёки ҳужжат, ушбу ташкилотнинг аъзолари томонидан сақлашга топширилган ёрлиқ ёки ҳужжатларга қўшимча қилинган деб кўрилмайди.
2. Мазкур Конвенцияни ратификация қиладиган, қабул қиладиган ёки тасдиқлайдиган ёҳуд унга қўшиладиган ҳар бир давлат ёки иқтисодий интеграциянинг минтақавий ташкилоти учун мазкур Конвенция ўттизинчи ратификацион ёрлиқ ёки бу каби ҳаракат тўғрисидаги ҳужжат сақлашга топширилганидан кейин, бундай давлат ёки ташкилот томонидан мувофиқ ёрлиқ ёки ҳужжат топширилгани санадан кейинги ўттизинчи кунда ёхуд мазкур модданинг 1-бандига мувофиқ Конвенциянинг кучга кириши санасида, кечроқ кучга киришига боғлиқ равишда кучга киради.

69-модда. Тузатишлар

1. Мазкур Конвенция кучга кирганидан кейин 5 йил ўтиб иштирокчи Давлат тузатиш киритишни таклиф қилиши ва уни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига юбориши мумкин, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби таклиф қилинаётган тузатишни кўриб чиқиш ва унинг юзасидан қарор чиқариш мақсадида таклифни иштирокчи Давлатлар ва иштирокчи Давлатлар Конференциясига жўнатади. Иштирокчи Давлатлар Конференцияси ҳар бир тузатиш бўйича консенсусга эришиш учун барча чораларни ишга солади. Агар консенсусга эришиш бўйича барча чоралар қўлланилсада, лекин келишувга эришилмаса, у ҳолда тузатишни қабул қилиш учун иштирокчи Давлатлар Конференцияси мажлисида бўлган ва овоз беришда иштирок этаётган иштирокчи Давлатларнинг учдан икки қисми овози талаб қилинади.
2. Иқтисодий интеграциянинг минтақавий ташкилоти ўз ваколатлари доирасига кирадиган масалаларда овоз бериш ҳуқуқларини мазкур моддага биноан, мазкур Конвенцияга иштирокчи ҳисобланган ўзларининг ташкилотларига аъзо давлатлар сонига тенг овозга эга бўлган ҳолда амалга оширадилар. Бундай ташкилотлар, агар уларга аъзо давлатлар ўзларига тегишли овоз бериш ҳуқуқларини амалга ошираётган бўлсалар, у ҳолда ўзларининг овоз бериш ҳуқуқларидан фойдаланмайдилар ва аксинча.
3. Мазкур модданинг 1-бандига мувофиқ қабул қилинган тузатиш иштирокчи Давлатлар томонидан ратификация қилиниши, қабул қилиниши ёки тасдиқланиши лозим.
4. Мазкур модданинг1-бандига мувофиқ қабул қилинган тузатиш, иштирокчи Давлатга нисбатан, у томондан ушбу тузатиш қабул қилингани ҳақидаги ратификацион ёрлиқ ёхуд ёки тасдиқлангани тўғрисидаги ҳужжат сақлаш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига топширилганидан кейин 90 кун ўтиб кучга киради.
5. Тузатиш кучга кирганидан кейин у билан боғлиқ бўлишга розилик берган иштирокчи Давлатлар учун ушбу тузатиш мажбурий бўлади. Бошқа иштирокчи Давлатлар мазкур Конвенциянинг ҳолатлари ва улар томондан аввалроқ ратификация қилинган, қабул қилинган ёки тасдиқланган тузатишлар билан боғланиб қолаверадилар.
70-модда. Денонсация (бекор қилиш)

1. Иштирокчи Давлат мазкур Конвенцияни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига ёзма билдиришнома юбориш йўли билан денонсация (бекор) қилиши мумкин. Бундай денонсация Бош котиб билдиришнома олгани кундан бошлаб бир йил ўтганидан кейин кучга киради.
2. Иқтисодий интеграциянинг минтақавий ташкилоти, агар унинг барча аъзо давлатлари мазкур Конвенцияни денонсация қилсалар мазкур Конвенциянинг иштирокчиси эмас деб ҳисобланади.

71-модда. Депозитарий ва тиллар
1. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби мазкур Конвенцияга депозитарий қилиб тайинланади.
2. Инглиз, араб, испан, хитой, рус ва француз тилларида ёзилган матнлари аслига тўғри бўлган Мазкур Конвенциянинг асл нусхаси сақлаш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига топширилади.
ЮҚОРИДАГИЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ УЧУН ҳукуматлари томонидан ушбу мақсадларда лозим даражада ваколат берилган қуйида имзо қўйган ваколатли вакиллар мазкур Конвенцияни имзоладилар.

[1] Ривожланишни молиялаштириш бўйича Халқаро конференциянинг маърузаси, Монтеррей шаҳри, Мексика, 2002 йил 18-22 март (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нашри, сотувда R.02.II.A.7-сони остида), I боб, I қарор, илова.
[2] Барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги Жаҳон учрашувидаги маъруза, Йоханнесбург, Жанубий Африка, 2002 йил 26 август – 4 сентябр (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нашри, сотувда R.03.II.A.1-сони остида), I боб, I қарор, илова.
[3] А/58/422 ва Add.1.
[4] Е/1996/99 ҳужжатини кўринг.
[5] Official Journal of the European Communities, C 195, 25 June 1997.
[6] Corruption and Integrity Improvement Initiatives in Developing Countries
(United Nations publication, Sales No. E.98.III.B.18) ни кўринг.
[7] Council of Europe, European Treaty Series, No. 173.
[8] Ibid., No. 174.
[9] БМТ Бош Ассамблеясининг 55/25 қарори, 1-иловани кўринг.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси