Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИНИНГ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КОНВЕНЦИЯСИГА (НЬЮ-ЙОРК, 2003 ЙИЛ 31 ОКТЯБРЬ) ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚЎШИЛИШИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами,
2008 й., 28-сон, 260-модда)

Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 24 июнда қабул қилинган
Сенат томонидан 2008 йил 27 июнда маъқулланган

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь) қуйидаги билдиришлар, баёнотлар ва шартлар билан қўшилинсин:
1) Конвенция 6-моддасининг 3-банди бўйича: «Ўзбекистон Республикаси шуни билдирадики, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Адлия вазирлиги коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда бошқа Иштирокчи-давлатларга ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган органлар сифатида белгиланган»;
2) Конвенция 42-моддасининг 1 ва 3-бандлари бўйича: «Ўзбекистон Республикаси шуни баён қиладики, 15—19, 21, 22-моддаларда, 23-модданинг 1-бандида, 24, 25, 27-моддаларда назарда тутилган қилмишлар миллий қонунчиликка мувофиқ жиноий жазоланадиган қилмишлардир ва уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг юрисдикцияси татбиқ этилади»;
3) Конвенция 44-моддасининг 6-банди бўйича: «Ўзбекистон Республикаси Конвенция 44-моддаси 6-бандининг «а» кичик бандига мувофиқ шуни билдирадики, у ушбу Конвенциядан коррупция жиноятлари содир этган шахсларни тутиб топшириш масалаларида ушбу Конвенциянинг бошқа Иштирокчи-давлатлари билан ўзаролик асосида ҳамкорлик қилиш учун ҳуқуқий асос сифатида фойдаланади»;
4) Конвенциянинг 46-моддаси бўйича:
а) 13-банд. «Ўзбекистон Республикаси шуни билдирадики, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосларни олиш ва бажариш ёки бундай илтимосларни бажариш учун Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларига юборишга жавобгар бўлган марказий органдир»;
б) 14-банд. «Ўзбекистон Республикаси шуни билдирадики, ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосларни юборишда ўзбек, рус ва инглиз тиллари мақбул тиллар сифатида белгиланган»;
5) Конвенциянинг 66-моддаси бўйича: «Ўзбекистон Республикаси Конвенция 66-моддасининг 3-бандига мувофиқ шуни баён қиладики, у ўзини Конвенция 66-моддаси 2-бандининг қоидаларига боғлиқ деб ҳисобламайди».


Ўзбекистон Республикасининг
Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,
2008 йил 7 июль,
ЎРҚ-158-сон

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси