Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Тадбирлар

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ИШЛАРИ БЎЙИЧА КОМИССИЯНИНГ НАВБАТДАГИ МАЖЛИСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, диний ақидапарастликнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таълим муассасалари ва маънавият тарғиботи бўлимларида, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятида бажарилишини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашга доир кенг миқёсли дастурлар доирасида вояга етмаганларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, улар ўртасида диний экстремизм ва ақидапарастликнинг олдини олиш борасида тизимли равишда тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар томонидан таълим муассасалари, прокуратура ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг таъсирчанлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Бугунги кунда мамлакатимизда чет тилларни ўқитишнинг комплекс тизими яратилган бўлиб, чет тилларини ўқитиш барча умумтаълим мактаблари биринчи синф ўқув дастурларига жорий этилган. Ёш ўғил-қизларимизнинг чет тилларни ўрганиш мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига янада интеграциялашувига хизмат қилади.

Кун тартибидаги масала юзасидан халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълими вазирлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар ва Сурхондарё вилояти ҳокимларининг ҳисоботлари эшитилиб, фаолиятда йўл қўйилган айрим камчиликлар танқид остига олинди.

Йиғилишда вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий комиссиялар зиммасига вояга етмаганлар ўртасида маънавий-ахлоқий тарбияни янада кучайтириш, диний экстремизм ва ақидапарастлик ғояларининг олдини олиш борасида кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш, шунингдек, ушбу йўналишда идоравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан вазифалар юклатилди.

Кўрилган масала юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шунингдек, мажлисда “Йилнинг энг яхши масъул котиби” танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (янги таҳрир) ҳамда комиссиянинг 2016 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.

Комиссия йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.Баситханова иштирок этди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги вояга 
етмаганлар ишлари бўйича комиссия

29.12.2015

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси