Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ЭТИШ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНДИ

Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган давлат дастури ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида “Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг аҳамияти ва долзарблиги” мавзусида навбатдаги семинар ўтказилди.

Тадбирда молия, бандлик ва меҳнат муносабатлари, иқтисодиёт, ташқи ишлар, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Давлат статистика, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш, туризмни ривожлантириш, архитектура ва қурилиш давлат қўмиталари, темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш, парвозларнинг хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциялари, автомобил ва дарё транспорти агентлиги, Марказий банкнинг кадрлар ва юридик хизмат бўйича масъул ходимлари ҳамда давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари масалалари бўйича идоравий комиссиялари раҳбарларининг ўринбосарлари иштирок этдилар.

Мазкур семинарларни ўтказишдан мақсад давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишининг энг муҳим масалаларини муҳокама қилиш учун қулай муҳит яратишдан иборат.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 30 июнь куни қабул қилинган 2-сонли баённомаси асосида давлат органлари ходимлари ўртасида одоб-ахлоқ нормалари ва талабларини тушунтириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича амалга оширилаётган ишлар, жумладан, Одоб-ахлоқ намунавий қоидалари талабларини давлат органлари раҳбарлари ва ходимларига етказиш, уларнинг хабардорлигини ошириш мақсадида Бош прокуратура, адлия, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ходимлари ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг Эксперт гуруҳи аъзолари тадбирда маърузалар билан иштирок этишди.

Семинар иштирокчиларига одоб-ахлоқ қоидалари ва асосий принциплари, манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш механизмлари, одоб-ахлоқ қоидалари талабларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари, давлат органлари ходимлари одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишлари устидан мониторинг ўтказиш хусусиятлари ва соҳанинг бошқа муҳим жиҳатлари ҳақида маълумотлар берилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан ўтказилган семинар давлат хизматчилари ўртасида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини олдини олиш, бу борада фикр ва тажриба алмашиш учун муҳим аҳамият касб этганлиги эътироф этилди.

Бундан ташқари, тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида шу каби тадбирлар ҳудудий идоралараро комиссиялар томонидан юқоридаги давлат идораларининг жойлардаги тузилмалари ходимлари учун ҳам ўтказилади.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича
республика идоралараро комиссияси

25.09.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси