Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА

Бозор муносабатларининг бугунги ривожи ҳамда тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш зарурати иқтисодий жиноятларга қарши курашиш, “хуфёна иқтисодиёт”нинг шаклланиш механизмларини, чет эл валютасининг назоратсиз чиқиб кетиш каналларини ўз вақтида аниқлашнинг шакл ва усулларини тубдан қайта кўриб чиқишни, шунингдек, импортни оптималлаштириш ва миллий товарлар экспортини рағбатлантириш бўйича тизимли ишларни кучайтиришни тақозо этмоқда.

Шу муносабат билан, фаолияти иқтисодиёт ривожи, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашишнинг замонавий воқеликка тўлиқ жавоб бермаётган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг вазифалари, функциялари ва ваколатларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келди.

Бизнесни юритиш ва инвестицияларни жалб этиш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва улардан самарасиз фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.05.2018 йилдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №ПФ-5446-сонли Фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти этиб қайта ташкил қилинди.

Мазкур Фармонга кўра Департамент органларига янги вазифалар юкланди, шу жумладан:

инсофли тадбиркорлар, чет эл инвесторларини улар фаолиятига давлат органлари ва ташкилотларининг ноқонуний аралашувидан ҳимоя қилиш, бизнесни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи сунъий бюрократик тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, импортни оптималлаштиришга ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш;

бюджет тизими бюджетлари маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш, давлат харидларида нархларни ошириб юбориш, давлат органлари ва ташкилотларида дебитор ҳамда кредитор қарздорликнинг асоссиз ортиши ҳолатларини аниқлаш, етказилган зарарни қоплаш бўйича чоралар кўриш;

ёқилғи-энергетика комплексида, банк-молия, солиқ, транспорт, қурилиш ва ижтимоий соҳаларда иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг самарали ижро этилишини таъминлаш.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши иқтисодиётни янада ривожланишига, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга, импортни мақбулаштириш ва миллий ишлаб чиқаришни кенгайтиришга янги туртки бўлиб хизмат қилади.

24.05.2018

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси