Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

БОШ ПРОКУРАТУРАНИНГ АКАДЕМИЯСИДА АМЕРИКАЛИК ЭКСПЕРТЛАР БИЛАН УЧРАШУВ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Бош прокуратуранинг Академиясида “Минтақавий мулоқот” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали билан ҳамкорликда жорий йилнинг 19 июнь куни прокуратура органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курслари доирасида америкалик экспертлар - АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осие давлатлари ишлари бўйича маслаҳатчиси Роберт Брайден, АҚШ Адлия департаментининг жиноятлар бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Трейси Плауэлл ва АҚШ Адлия департаментининг электрон кузатув бўлими бошлиғи Джон Шниткер билан учрашув ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси тингловчилари, прокуратура органларининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги ходимлари ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ходимлари ҳамда Академиянинг профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.

Тадбир давомида америкалик экспертлар АҚШнинг адлия, прокуратура, суд идоралари, шунингдек, Давлат департаменти фаолиятининг хусусиятлари, уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари тўғрисида тўхталдилар.

Экспертлар порахўрлик жиноятларини аниқлаш, исботлаш, ушбу масалада жамоатчилик иштироки, процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, иқтисодий жиноятлар ва уюшган гуруҳлар таркибида содир этилган жиноятларни тергов қилиш, ушбу тоифадаги жиноятлар оқибатида етказилган зарарларни қоплаш ва шунга ўхшаш қатор масалалар хусусидаги саволларга батафсил жавоб бердилар.

Шунингдек, экспертлар тадбир иштирокчиларига юқорида қайд этилган тоифадаги жиноятларга қарши курашда АҚШда мавжуд бўлган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари хусусида ҳам маълумот бердилар.

DSC_3885.jpg

22.06.2018

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси