Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

МАЛАКАЛИ ЮРИДИК КАДРЛАРНИ САМАРАЛИ ТАЙЁРЛАШ МАСАЛАСИГА БАҒИШЛАНГАН УЧРАШУВ

Бош прокуратура Академиясида Бельгия Судьяларни тайёрлаш институти директори ўринбосари Аксель Киттель, Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар академияси проректори Роза Досымбекова, Қозоғистон Республикаси Олий суди қошидаги Одил судлов академияси ректори Толеш Каудыров, Россия давлат Одил судлов университети ректорининг маслаҳатчиси Людмила Король, Олма-Ота шаҳри Адвокатлар коллегияси ўқув марказининг раҳбари Гульнар Байгазина таркибидаги хорижий делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Бош прокуратура Академияси раҳбарияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 8 майдаги ПФ-5438-сонли “Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қоидаларининг тақдимоти намойиш этилди, малакали юридик кадрларни самарали тайёрлаш бўйича тарафлар ўртасида фикр алмашилди.

Делегация аъзоларига Бош прокуратура Академиясининг ўқув аудиториялари, кабинетлари ва моддий-техник таъминоти билан танишиш имконияти тақдим этилди.

Бундан ташқари, ҳамкорлик истиқболлари, ўқув ва илмий соҳаларда самарали халқаро ҳамкорлик режалари муҳокама этилди.

24.05.2018

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси