Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси билан Олий суд, Олий хўжалик суди ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари” мавзусига бағишланган илмий-амалий конференция ўтказилди.

Тадбирда Адлия вазирлиги, Давлат солиқ, Божхона, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмиталари, Марказий банк ва тижорат банклари, UZINFOCOM маркази, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, олимлар иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантиришда республика Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва ушбу фармон асосида қабул қилинган қонун ҳужжатлари муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди.

Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўрни ва масъулиятини ошириш чора-тадбирларига бағишланган семинар-конференциялар уюшқоқлик билан ўтказилганлиги алоҳида қайд қилинди.

Қабул қилинган нормаларни амалиётга жорий этиш устидан назоратни таъминлаш мақсадида 2015 йил 19 октябрда Бош прокуратура ва тегишли идоралар билан ҳамкорликда “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш бўйича” қўшма кўрсатма тасдиқланди.

Анжуман доирасида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш масалалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда банк тизимининг ўрни, тадбиркорлик субъектларига интерактив давлат хизматларининг имкониятлари, тадбиркорликка тўсқинлик қилганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришга оид қонунчилик ижросини таъминлашда прокуратура органларининг вазифалари, мамлакатда экспортчилар учун яратилаётган имкониятлар, тадбиркорлик субъектларига солиқ соҳасида берилган имтиёзлар ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Конференция якунида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қонунчилик ижросини таъминлашга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати

18.12.2015

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси