Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ СОҲАСИДАГИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА

Бош прокуратура томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.

Амалга оширилаётган тадбирлар доирасида Бош прокуратура делегацияси Париж шаҳрида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги раҳбарлар учун “Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларида коррупцияга қарши ислоҳотларнинг таъсирини ошириш” мавзусидаги учрашувда, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларининг коррупцияга қарши курашиш тармоғи (ИҲРТ Тармоғи) Раҳбарлар гуруҳининг 20-йиғилишида, шунингдек, иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олиш масалалари юзасидан ИҲРТ штаб-квартирасида ўтказилган Форумда иштирок этди.

Мазкур тадбирларда Истанбул ҳаракат режасининг иштирокчи-давлатлари, ИҲРТ Тармоғи, ЕИ, ЕК аъзо-давлатлари, шунингдек, Жаҳон банки, БМТ НЖБ, БМТТД, ГРЕКО ва бошқа халқаро ташкилотларнинг вакиллари қатнашди.

Тадбир давомида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига коррупцияга қарши стандартларни жорий этиш, уларнинг ишида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашда раҳбарлар масъулиятини ошириш ҳамда бизнес юритишнинг аҳлоқий талабларига доимий амал қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, ИҲРТ Тармоғининг 2012-2015 йиллар мобайнидаги фаолияти якунлари ва ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Бош прокуратура делегацияси Тяньцзин шаҳрида (Хитой Халқ Республикаси) Халқаро коррупцияга қарши органлар ассоциациясининг “Коррупцияга қарши органларнинг келажаги: ўрганилган тажриба ва истиқболдаги йўналишларни режалаштириш” мавзусида ўтказилган 9-чи ҳар йиллик анжуман ишида иштирок этди.

Анжуманда 78 та давлатларнинг (Хитой, Корея, Россия, Япония ва бошқалар) коррупцияга қарши кураш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш учун масъул органларининг 250 та вакиллари, шунингдек, халқаро ва нодавлат ташкилотлар экспертлари қатнашди.

Тадбир давомида 40 дан ортиқ давлатларнинг коррупцияга қарши органлари вакилларининг маърузалари эшитилди, ўзаро ҳамкорлик, коррупцияга қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш ва бу борада истиқболдаги йўналишларни режалаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуманда мавжуд ва ишлаб чиқилаётган коррупцияга қарши халқаро стандартлар, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва давлат бошқаруви соҳасидаги суиистеъмолчиликларга муросасизликни таъминлашнинг турли амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати

13.06.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси