Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, прокуратура органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди.

Халқаро коррупцияга қар­ши курашиш куни арафасида ўтказилган мазкур тадбир БМТнинг Тараққиёт дастури ҳамда жиноятчилик ва наркотик моддаларга қарши курашиш бош­қармаси вакиллари билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Тадбирда давлат муассасалари масъул ходимлари, халқаро ташкилотлар — Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик фонди (IRZ), Жаҳон банки, фуқаролик жамияти инс­титутлари — Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази, Демократия ва инсон ҳуқуқлари инс­титути, "Ижтимоий фикр" маркази, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, Адвокатлар ва Савдо-саноат палаталари, шунингдек, сиёсий партиялар ва илмий соҳа вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда БМТнинг Коррупцияга қарши конвен­ция­си 2003 йилнинг 9 декабрь куни Мерида шаҳрида (Мексика) ўз ишини бошлаган юқори даражадаги Сиёсий конференцияда 100 дан ортиқ давлат вакиллари томонидан имзоланганлиги таъкидланди. Ушбу кун БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни деб эълон қилинди.

Бугунги кунда 177 давлат мазкур Конвенцияга қўшилган. 2008 йилнинг 7 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қар­ши Конвенциясига (Нью-Йорк 2015 йил 31 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни имзоланди ва шу билан Ўзбекистон ушбу ғайриижтимоий ҳодисага қарши курашиш бўйича хал­қаро мажбуриятларни ўз зиммасига олди.

Меҳмонлар Бош прокуратура томонидан қонунчилик ташаббускорлиги ва бу соҳада амалга оширилган ташкилий ишлар билан танишиб чиқишди.

Тадбир давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, давлат хизматини "бир дарча" принципи асосида ташкиллаштириш, шунинг­дек, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тақдимоти бў­либ ўтди.

Ўтказилган тадбир давомида прокуратура органларининг ушбу соҳадаги фаолияти, шу жумладан, бош­қа давлат органлари ва муассасалар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижаси, шунингдек давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Бош прокуратура таркибида ташкил этилган Қонунчилик ижроси устидан назорат Бош бошқармаси ва Мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш маркази фаолияти ёритилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан юртимизда тадбиркорликни ишончли ҳи­моя қилиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, прокуратура органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, ижтимоий ҳамкорликни юксалтириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва хизмат кўрсатишни соддалаштиришга қаратилган кенг ҳажмли ишлар амалга оширилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Бош прокуратура 
Матбуот хизмати 

10.12.2015

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси