Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

БОШ ПРОКУРАТУРАДА ВИДЕОСЕЛЕКТОР ЙИҒИЛИШИ

22 май куни Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги «Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3532-сон Қарори ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раислигида ўтган мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Қосимов, Бош вазир ўринбосари Қ.Акмалов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси К.Рафиков, соҳага алоқадор вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, шунингдек уларнинг қуйи тузилма ва тармоқлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш, фармацевтика эркин иқтисодий зоналари фаолиятини ташкил этиш, аҳолини арзон, сифатли ҳамда зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар билан кафолатли таъминлаш, ижтимоий дорихоналарни ташкил қилиш борасидаги вазифалар ижроси танқидий муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, амалга оширилган кенг қамровли ишлар билан бир қаторда, тиббиёт муассасаларига фармацевтика воситаларини етказиб бериш, дорихоналарни ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, дори воситалари ва тиббий буюмлар нархларининг барқарорлигини сақлаш борасида камчиликларга йўл қўйилган.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, «Узмедимпекс» давлат унитар корхонаси, «Дори-дармон» акциядорлик жамияти ҳамда бошқа идоралар ва ҳудудий прокуратура органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Мутасадди вазирлик ва идораларнинг раҳбарларига белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўйганликлари кўрсатиб ўтилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этмаган тақдирда қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилдилар.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу соҳага доир қарорларида кўрсатилган топшириқларнинг тўлиқ ва қатъий бажарилишини таъминлашга қаратилган қўшимча вазифалар белгилаб берилди.

23.05.2018

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси