Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Идоралараро йиғилиш бўлиб ўтди

Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 03.12.2015 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарорининг ижросига бағишланган идоралараро йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенатининг аъзолари, Президент Девони, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят судлари, Адлия, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, Солиқ ва Божхона қўмиталари, Прокуратура ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъул ходимлари, шунингдек, Республика «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мазкур тадбирнинг асосий мақсади, ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, амнистия актини қўллаш жараёнида очиқ-ошкоралик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш, амалиётда хатоликларга йўл қўймаслик, шунингдек, ходимларнинг масъулияти ва малакасини оширишдир.

Тадбир давомида амнистия акти ижросини аниқ ва бир хилда таъминлаш, мазкур жараёнда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди идоралар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, амнистия тўғрисидаги қарорни тўла ва сифатли бажарилишини таъминлаш ҳамда унинг ижросига масъул бўлган идоралар ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ташкиллаштириб, ўтказиб борилиши лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш натижасига кўра, мутасадди идоралар томонидан амнистия акти ижросини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари томонидан эса уни кенг ёритиш борасидаги ишларни ўз вақтида, самарали ва уюшқоқлик билан олиб бориш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати 

21.12.2015

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси