Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

“ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ” БЎЛИБ ЎТДИ

2017 йил 18 декабрда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан 9 декабрь – «Халқаро коррупцияга қарши кураш» кунига бағишланган «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди.

Тадбирда Бош прокуратура, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари ва масъул ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар – ЕХҲТ, БМТ НЖҚКБ, БМТ ТД, ЕИ, Жаҳон Банки ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси доирасида Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури фаол амалга оширилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ушбу дастурий ҳужжатларни амалга оширишда халқаро ва минтақавий ташкилотлар (БМТ НЖҚКБ, БМТ ТД, ИҲТТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ЕАГ ва бошқалар) билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлаш, шунингдек мамлакатда коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаларини халқаро ҳамжамиятга етказиш муҳим аҳамият касб этади.

«Очиқ эшиклар куни» доирасида бир қатор тадбирлар, шу жумладан «Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши ислоҳотлари: ютуқлар ва устувор вазифалар» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Конференция давомида Бош прокуратуранинг Ўзбекистон Республикасида 2017 йилда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида эришилган натижалар ҳақидаги ахбороти эшитилди. Тадбир иштирокчилари маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилиши, коррупцияга қарши чоралар самарадорлиги ва одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этилиши мониторинги натижалари, шунингдек ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорлик билан таништирилди.

Тадбир иштирокчиларига Бош прокуратура ва ЕХҲТ Ўзбекистондаги Лойиҳалар мувофиқлаштирувчисининг «Коррупцияга қарши курашиш тизимини ривожлантиришда кўмаклашиш» лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек БМТ НЖҚКБнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасида жаҳонда, минтақада, Ўзбекистонда тутган ўрни ҳақида маълумот берилди.

Бош прокуратура, ЕХҲТ, ЭОАВМА, МТРК ҳамкорлигида тайёрланган мавзуга оид ижтимоий видеороликлар намойиш этилди.

Шунингдек, «Очиқ эшиклар куни» доирасида «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши ислоҳотлар – 2017: ютуқлар ва устувор вазифалар» мавзусида Халқаро пресс-клубнинг Медиа-форуми ташкил этилиб, тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Бош прокуратура, ЕХҲТ Ўзбекистондаги Лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси, тегишли вазирликлар ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш мавзусида ўтказилган «Энг яхши расм» ва «Энг яхши иншо» танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, танлов ғолиб ва совриндорларининг иши ҳамда вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг давлат хизматчилари ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган информацион-тарғибот материаллари кўргазмаси ўтказилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан республикада коррупцияга қарши курашиш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги, бу борада халқаро ташкилотлар, давлат органлари ва фуқаролик жамиятлари институтлари ҳамкорлигини кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

19.12.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси