Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ФАОЛИЯТ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

Юртимизда амалга оширилаётган демо­кратик ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш ҳамда бунинг учун етарли ҳуқуқий кафолат яратишдан иборатдир.

Давлатимиз раҳбари нинг яқинда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги Фармонида бешта устувор йўналиш белгиланган бўлиб, давлат дастурининг иккинчи йўналиши қонун устуворлигини ва суднинг чинакам мустақиллигини таъминлаш чора-тадбирларини назарда тутади. Унда жиноятчиликка қар­ши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш масаласи долзарб вазифа сифатида қўйилмоқда. Шу ўринда Юртбошимизнинг ички ишлар органлари фаолиятига бағишланган видеоселектр йиғилишида кейинги йилларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳи­моя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароитлари ва омилларини ўрганиш масаласига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги белгилаб берилди.

Андижон вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш йўналишидаги ишлар кўлами таҳлил қилинганда, айнан қасддан тан жароҳати етказиш жиноятларининг кўрсаткичлари аввалги йилларга нисбатан бироз ошганлиги аён бўлмоқда. Бундан кўриниб турибдики, тинчлик-осойишталикни яна­да мустаҳкамлаш, ҳар бир оила, ҳар бир инсон, ҳар бир маҳалла хавфсизлигини таъминлашдек мураккаб жараёнда мазкур иллатларга бефарқ бўлмаслик тақозо этилади. Айниқса, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларини содир этган шахслар таркиби ўрганилганида улар орасида аёллар ва вояга етмаганларнинг борлиги жиддий ташвиш уйғотади.

Избоскан тумани, Пойтуғ шаҳридаги Шифокорлар кўчасида яшовчи Феруза Аҳмадалиева ҳамда Покиза Турсунматовалар Наргиза Каримова билан жанжаллашиб қолишади. Муштлашув оқибатида Н.Каримовага оғир тан жароҳати етказишади. Жабрланувчи узоқ муддат соғлиғини тиклашга мажбур бўлди. Андижон тумани Оқёр қишлоғининг Матбуотчи маҳалласида яшовчи Шаҳноза Ҳайдарова эса турмуш ўртоғи Бахтиёр Ҳайдаров билан оилавий масалада уришиб қолади. Маълум бўлишича, эр хотини билан ажрашиб, бошқа аёлга уйланган. Лекин Ш.Ҳайдарова қонуний никоҳни бекор қи­лишга рози бўлмаган. Катта кўчада рўй берган жанжал чоғида аёл хўжалик пичоғи билан турмуш ўртоғи Б.Ҳайдаровнинг курагига уриб, оғир шикаст етказади.

Андижон туманида яшовчи Мансур Насирдинов муқаддам судланган. Бироқ тавбасига таянмаган бу кимса турмуш ўртоғи М.Мамадалиева билан оилавий келишмовчилик юзасидан жиққамушт бўлади. Хотинининг бошига уриб, оғир аҳволга солиши оқибатида М.Мамадалиева касалхонага ётқизилади. Ҳомиладор аёлнинг чақалоғи жарроҳлик йўли билан олинса-да, гўдак нобуд бўлади. Эртаси куни она ҳам ҳаётдан кўз юмади.

Шунингдек, Шаҳрихон тумани, Янгийўл қишлоғининг Найман маҳалласида қариндошининг уйига меҳмон бўлиб келган Абдураҳмон Абдуллаев кўчада А.Юнусов ва С.Асадуллаев билан айтишиб, уларнинг қорнига ёнида олиб юрадиган пичоқчасини санчиб олади.

Шу ўринда айрим мулоҳазаларни айтиб ўтиш зарур. Ёни­да пичоқ олиб юриш қа­димдан одат тусига кириб қолган бўл­са-да, эрмак воситаси эмас. Жаҳл чиққанда фойдаланилса, ҳамла ашёсига, яъни совуқ қуролга айланади. Ваҳоланки, тинчлик-осойишталик барқарор бўлган юртда айрим кимсаларнинг "Ўзимни ҳимоя қи­лиш учун ёнимда пичоқ олиб юраман", дея важ-карсон кўр­сатишлари ақлга сиғмайди.

Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятлари қаерларда кўпроқ рўй беради, деган саволга ҳам таҳлиллардан жавоб топиш мумкин. Чойхона, кафе, бар сингари умумий овқатланиш ва кўнгилочар жойларда, спиртли ичимлик сотиладиган нуқталарда аянч­ли ҳолатлар учрамоқда. Бир мисол, Андижон шаҳрининг Бозор кўчасида жойлашган Карвонсарой чойхонасида М.Атабоев таниши А.Бердиев билан тортишиб қолади ва унга хўжалик пичоғи билан тан жароҳати етказади. Бу эса чойхонада спиртли ичимликлар бемалол истеъмол қилиниши учун шароитлар муҳайё­лигидан далолат.

Аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва улар билан яқиндан мулоқот қилиш, ёшларни ҳаёт синовларига бардошли этиб тар­бия­лашга барча бирдек масъул эканлиги айрим ҳолларда унутиб қўйилаяпти. Таҳлилларда аён бўлдики, баъзи ҳудудларимизда содир бўлаётган мазкур турдаги жиноятларнинг асосий сабаблари, биринчидан, айрим маҳаллалардаги фаоллар оилаларда доимий равишда рўй бераётган жанжалларнинг илдизларини ўз вақтида ўрганмаяпти ва таъсир чораларини суст даражада олиб бораяптилар. Иккинчидан, ишсиз юрган фуқаролар ўзини ўзи бошқариш ор­ганлари ҳамда бандлик марказлари томонидан қатъий ҳисобга олиниб, уларни ҳамкор ташкилотлар ёрдамида ишга жойлаштириш масаласида оқсоқлик кўзга ташлан­япти. Учинчидан, спиртли ичим­ликлар сотиладиган дў­кон, ошхона, чойхона, кафе, бар ва бошқа кўнгилочар жойлар қачон очилиб, қачон ёпил­япти, мутасаддилар шуни эътибордан четда қолдираяпти. Тўр­тинчидан, муқаддам судланган шахслар билан ҳудудий профилактика инспекторлари, МФЙ фаоллари якка тартибда иш олиб бориш тизимини қатъий йўлга қўя олмаётгани, айниқса, фойдали меҳнат билан банд қилиш борасида нуқсонларга йўл қўйилиши уларнинг яна жиноят кўчасига кириб кетишига олиб келаяпти.

Маҳалла идоралари, хотин-қизлар, нуронийлар, ёшлар ташкилотлари ҳамда ички ишлар органлари билан узвий ҳамкорликни йўлга қў­йиш, тар­ғибот-ташвиқот тад­бирларини ўтказиш, аҳоли билан мулоқот олиб бориш, муаммоларни тинглаш ва ечим топиш турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишга кўмаклашади.

Муҳтарам Юртбошимиз прокуратура органлари ходимлари билан учрашувда жиноятчиликнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бундай фаолият тегишли даражадаги вакиллик ҳокимияти органларининг назорати остида, жамоат ташкилотларининг бевосита иштирокида амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бў­лади. Дар­ҳақиқат, бирон-бир жиноят содир этилгач, жиноятчини, ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг сабаб ва омилларини аниқлаш, жазо тайинлаш қатъий тизим асосида амалга оширилади. Энди профилактик меъёрларга алоҳида урғу берилаётган экан, бу борада одамларнинг муаммоларини, дардини эшитиш, халқ билан очиқ мулоқотга киришиш асосий мезон бўлмоғи даркор. Биронта ҳам мурожаат эътибордан четда қолмаслиги зарур, деган тамойил кун тартибига чиқди. Халқ билан ҳамнафас бўлиб яшаш, инсон манфаатларини ҳимоя қилишдек улуғвор вазифани бажариш учун билим ва салоҳиятимизни сафарбар этмоғимиз лозим.

Шерзод ТЎХТАБОЕВ,
Андижон вилоят прокурорининг 
биринчи ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 11-сони, 16.03.2017 йил

17.03.2017

Медиатека

711000, Андижон шаҳар, Навоий шоҳ кўчаси, 28.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси