Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш Харакатлар стратегиясининг асосий мақсадидир

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистан Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида муҳим вазифалар ўз ифодасини топган. Эътиборли жиҳати, мазкур ҳужжатда инсон манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ жиҳатлар ҳар бир йўналишда биринчи галдаги мажбурият сифатида назарда тутилади.

Стратегиянинг иккинчи йўналишида қонун устуворлигини таъминлаш чора-тадбирлари белгиланган. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимига, жиноятчиликка қарши курашишга оид фаолиятни тубдан такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонунийликка эришиш самарадорлигини ошириш зарур. Вилоят прокуратураси томонидан барча назорат фаолияти йўналишида ўтган йили 18 мингдан зиёд прокурор назорати ҳужжатлари кўлланиб, қарийб 7 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Прокурор протестлари асосида қонунга зид деб топилган 1 минг 114 та ҳуқуқий ҳужжат бекор қилинди.

Андижон шаҳридаги ”Уфқ-95” фирмаси бош ҳисобчиси М.Ҳакимова "Микрокредитбанк” АТБ вилоят бошқармаси амалиёт бў­лими мансабдорлари томонидан фирманинг банкдаги ҳисоб рақамида турган 237,7 мил­лион сўм пул ўзлаштирилганлиги ҳақида мурожаат қилди. Қинғирлик қилган шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисмига биноан иш қўзғатилди.

Маҳаллий ҳокимликлар, давлат бошқаруви ва назорат-текширув идоралари томони­дан қабул қилинган 28 мингдан ортиқ ҳуқуий ҳужжатларнинг қонуқийлиги ўрганилди. Андижон шаҳри ҳокимининг ”Зиёд-2000” хусусий кўптармоқли ишлаб чиқариш фирмасига ажратиб берилган ер майдонидан Андижон давлат тиббиёт институти клиникасига авто­гараж қуриб бериш мажбурияти юклатилганлиги тўғрисидаги қарори шаҳар прокурорининг протести билан бекор қилинган. Марҳамат тумани ҳокимининг ”Ойдин йўл”, "Муҳам­мад Юсуф юрти” фермер хўжаликлари ер майдонларини туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олиш тўғрисидаги қарори қонунга зид деб топилди.

Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларининг тезкор ва тўлақонли ҳимоя қилиниши юзасидан прокуратура органлари тизимида жорий этилган Ишонч телефонларига тушган 245 та мурожаат кўриб чиқилди. Уларнинг 239 таси ҳал этилиб, 61 таси тўла қаноатлантирилди.

Бир мисол: Фуқаро Б.Норбоев АТ «Халқ банки»нинг Булоқбоши филиали ходимлари билан жиноий тил бириктирган. Якка тартибдаги тадбиркор У.Исоқовага паррандачиликни ривожлантириш учун ажратилган 20 миллион сўм кредит маблағини ”Оятулло келажаги” МЧЖ ҳисобига ўтказиб, олинган 1 минг 100 дона товуқни 16 миллион сўмга сотиб юборган. Туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорлар тегишли жазоларини олдилар.

Тизим ходимлари томонидан ўтказилаётган учрашувлар жараёнида 24 та тадбиркорлик субъектига 10,8 миллиард сўм кредит ажратилди ва 130 та иш ўрни яратилди.

Андижон шаҳрининг Чўлпон шоҳ кўчасида жойлашган, собиқ ”Болалар дунёси” савдо дўкони бино-иншоотлари режага кўра бу­зилган. Бироқ мулкдор "АЛФАФА” МЧЖга компенсация тўлови ҳамда ер майдони ажратиш масаласи ҳал этилмаган. Андижон шаҳар ҳокимлигига масалани кўриб чиқиш маж­бурияти юкланди ва вилоят хўжалик судига даъво аризаси киритилди. Шунингдек, ”Олтин кишмиш” МЧЖнинг мурожаати ўрганилганида, суд ижрочилари Жалақудуқ тумани бўлимининг бино-иншоотлар хусусидаги қарори асоссиз деб топилди ва эгасига қайтарилди.

Бундан кўриниб турибдики, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат, давлат ҳамда хўжа­лик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқотини йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги мурожаатларни ўз вақтида кў­риб чиқиш, аҳолининг одилона сиёсатга нис­батан ишончини мустаҳкамлайди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг XVII сессиясида вилоят прокурорининг ҳисоботи тингланди. Бу жараён Ўзбекистан Республикасининг "Прокуратура тўғрисида”ги қонунига асосан ошкораликни таъминлаш тамойили қатъий йўлга қўйилаётганлигидан далолатдир.

Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини аҳолига ўз вақти­да етказиш борасида ҳам тизим ходимларининг хизмати салмоқли. Жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, фуқароларни қонунга ҳурмат ва қонунбузилишларига муросасизлик рухида тарбиялашда очиқ мулоқотлар муҳим ўрин тутяпти.

Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизни кейинги беш йилда ислоҳ қилишнинг «Йўл харитаси»га айланади, десак муболаға бўлмайди. Зеро, соҳамиз ходимларининг зиммасидаги вазифаларни бажаришга катта масъулият билан ёндашиши, ишларни қонуний муддатларда кўриб чиқиб, адолатли ва асосли қарорлар қабул қилиши бугунги кун талабидир.

Авазбек Қўчқоров,
вилоят прокуратураси ташкилий
назорат ва тахлилот булими бошлиғи

Манба: “Андижоннома” газетаси, 4.03.2017 йил.

03.04.2017

Медиатека

711000, Андижон шаҳар, Навоий шоҳ кўчаси, 28.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси