Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Асосли мурожаат ҳал этилиши керак

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш устидан назорат прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Прокуратура тўғрисида»ги қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилмоқда.

Андижон вилояти прокуратураси­ органлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза­ қилувчи идоралар билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида ҳуқуқий тар­ғибот тадбирларини ўтказаётгани, корхона, ташкилот ва муассасаларда­ мунтазам равишда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ижросини таҳлил этаётгани учун ҳам бу бора­да қонунийлик таъминланмоқда. Хусу­сан, 2016 йили вилоят прокуратураси органларига жисмоний ва юридик шахслардан ке­либ тушган мурожаатларнинг 10677 таси ҳал қилинди (шундан 2645 таси қаноат­лантирилди) ҳамда 2023 нафар жисмоний ва юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.­

Мурожаатларни кўриб чиқиш давомида аниқланган қонунбузилишлар бўйича 1155 та прокурор назорати ҳужжати қўлланди. Мансабдор шахслар томонидан етказилган 638,3 млн. сўмлик зарарнинг ихтиё­рий қопланишига эришилди, қўпол қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 344 та жиноят иши қўзғатилди.

Мисол учун, Андижон шаҳар ҳокимлиги ходимлари мурожаатларни кўриб чиқишнинг антиқа усулини­ ўйлаб топишган. Яъни «ҳокимлик бўлганимиз учун ҳам бизга ҳамма нарса мумкин» қабилида иш тутиш­ган. Жумладан, Н.Ҳошимованинг суд ижрочилари хатти-ҳаракатлари­дан, Ж.Салямованинг фуқаролик ишлари бўйича суд қароридан, О.Раҳмоновнинг ички ишлар органлари суриштирувидан, Г.Хўжаеванинг маҳалла фуқаролар йиғини раи­си маълумотнома ёзиб бериш учун пул олаётгани ва уни ҳақоратлаганидан норози бўлиб қилган ­мурожаатлари тегишли давлат ­органларига юборилмасдан, асоссиз равишда ҳокимлик томонидан кўриб чиқилган.

Андижон тумани ҳокимлиги мута­саддилари эса айрим мурожаатларга панжа ортидан қарашган. Х.Аҳме­дова ва С.Турғунованинг уй-жой ажратиш, Г.Қаюмованинг қишлокда­ мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш, А.Жабборов ва А.Валиевнинг ер ажратиш, Х.Ориповнинг уй-жой муаммосини бартараф қилиш, Б.Бозоровнинг маҳаллага йўл, болалар ўйингоҳи ва маҳалла гузари барпо этиш билан боғлиқ мурожаатларига ўз вақтида ёзма жавоб берилмаган.

Марҳамат тумани архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Э.Сидиқов эса мурожаатни ҳал этишда ҳу­қуқбузарликка йўл қўйган. У мурожаатни кўриб чиқишда сансалорликка йўл қўйиб, «Даромад плюс ҳамкор» МЧЖ таъсисчиси М.Бўтаевнинг аризасини ўрганмаган, муал­лифга жавоб хати юбормаган ва кўриб чиқиш муддатини ҳеч бир сабабсиз чўзиб юборган. Туман прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижасида мазкур мурожаат бўйича қонуний тўхтамга келиниб, Э.Сидиқовга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган ва суд муҳокамасига юборилган.

Бугун вилоят прокуратураси органлари томонидан тадбиркорларнинг мурожаатларини ҳал этиш орқали уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқ­да. Масалан, «ишонч телефони»га «Голден Хеппини Эпож Фарма» қўшма корхонаси раҳбари Н.Аҳмадалиеванинг қилган мурожаатини ўрганиш давомида АТБ «Микрокредитбанк» вилоят филиали томонидан тадбиркорга кредит ажратиш­ масаласи ҳал этилмаётгани аниқланиб, прокуратура аралашуви билан унга 960 млн. сўм кредит берилиши таъминланди.

2016 йилнинг 28 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармон барча даражадаги давлат органлари фаолиятида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойилни амалда­ қарор топтириш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этишга қаратилган. Ушбу фармоннинг ижро этилишини назо­рат қилиш прокуратура органлари зиммасига юклатилди.

Ўтган йили Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси (ҳозирги Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси) орқали вилоятдаги давлат органларига келиб тушган мурожаатларни ҳал этишда қонун талабларининг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан тизимли назорат ўрнатилиб, 918 та ҳолатда камчилик ва қонунбузилишга йўл қўйилгани аниқланди.

Хусусан, вилоят ДСБнинг масъуллари мурожаатларга «қўлдан ўтгунча, эгасига етгунча» қабилида ёндашган. Бўлмаса, З.Жўрабоевнинг Андижон шаҳар ДСИ ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаати қонунга зид равишда шикоят қилинаётган шаҳар­ ДСИга юборилармиди?!

Асака тумани ҳокимлиги, тумандаги ташкилот ва муассасаларда ҳам бу борада қонунбузарликларга йўл қўйилгани кўзга ташланди. Туман ҳокимлигининг Хотин-қизлар қўмитаси масъуллари ўз камчилигини яшириш учун кўзбўямачиликдан ҳам тойишмаган. Ҳисобот ва ҳужжатлар­да А.Сотволдиеванинг мурожаатини­ ўрганиш натижалари бўйича муаллифга жавоб хати жўнатилган деб кўрсатилган бўлса-да, муаллифга жавоб хати юборилмаган. Шундай кўзбўямачиликка туман архитектура­ ва қурилиш бўлими В.Ибрагимовнинг, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими Р.Абдужалилованинг, туман ободонлаштириш бошқармаси У.Рустамовнинг мурожаатларини кўриб чиқишда ҳам йўл қўйган.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди­ туман бўлими раиси М.Қурбонова­ ва туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси А.Абдураззақовнинг масъулиятсизлиги оқибатида бошқа муассасалар ваколатлари доирасида ҳал этилиши лозим бўлган мурожаатлар асоссиз равишда ҳокимлик томонидан кўриб чиқилишига йўл қўйилган.

Текширишда аниқланган қонунбузилишлар, уларнинг келиб чиқиш­ сабаблари ва бунга имкон бераётган­ шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда туман ҳокими биринчи ўринбосари С.Давронов, туман ҳокими ўринбосари Д.Саримсақов, туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Саттарова ва туман ҳокимлиги канцелярия бўлими мудири У.Қурбоновнинг интизомий жавобгарлик масаласини ҳал этиш бўйича туман ҳокимига тақдимнома киритилган. Шунингдек, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси М.Қурбоновага нисбатан туман прокурори томонидан интизомий жавобгарликка оид иш қўзғатилган.

Ўтган йили Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси (ҳозирги Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси) орқали вилоят­ прокуратурасига келиб тушган 793 та мурожаатдан 620 таси ҳал этилган (шундан 54 таси қаноатлантирилган) ҳамда 50 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Мисол учун, АТБ «Микрокредит­банк» вилоят филиали амалиёт бўлими мансабдор шахслари қонунга зид равишда ўзганинг маблағини талон-торож қилишган. Агар «УФҚ-95» фирмаси бош ҳисобчиси М.Ҳакимова бу ҳақда ўз вақтида хабар бериб, мурожаат қилмаганида, бу найранглар яна қанча давом этиши фақат банкирларга аён эди. Бу устамонлар «УФҚ-95» ва «Қурилиш эксклюзив» фирмаларининг банкдаги ҳисобрақамидан 237,7 млн. сўмни бошқа корхоналарнинг ҳисобрақамларига кўчириш орқали ўзлаштиришган. Мурожаат ўрганилиб, натижасига кўра банк мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд қарори билан айбдорларга жазо муқаррарлиги таъминланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган йили вилоят прокуратураси органлари томонидан 9787 нафар жисмоний шахс ва юридик шахслар вакиллари қабул қилинди. Шу билан бирга, белгилан­ган жадвал асосида ойнинг ҳар ҳаф­тасида бир маротаба шахсан вилоят­ прокурори ҳамда унинг ўринбосарлари томонидан жойларда жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг сайёр қабули ташкил этилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда қонун талабларига амал қилинишини қатъий­ назоратга олиш, халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, содда қилиб айтганда, эл-юрт ичига­ кириш, унинг дарди ва ташвиши билан яшаш прокуратура органларининг энг долзарб вазифаларидан бирига айланган. Вилоят прокуратураси органлари томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ҳам жисмоний ва юри­дик шахсларнинг ҳар бир муро­жаати эътиборсиз қолдирилмайди, мурожаатларда кўтарилган масалалар асосли бўлса, қонуний ҳал этиб борилади.

Музаффар ЭГАМБЕРДИЕВ
Андижон вилояти прокурори

Манба: huquqburch.uz

30.01.2017

Медиатека

711000, Андижон шаҳар, Навоий шоҳ кўчаси, 28.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси