Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ТЎЛОВ ИНТИЗОМИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЯНГИ ТИЗИМ АСОСИДА ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ

Президентимизнинг жорий йил 29 майда қабул қилинган "Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ва мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 30 май куни имзоланган "Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори кўпчиликни ўйлантираётган масалаларнинг ҳал этилиши учун асос бўлади.

Бугунги ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожланган паллада ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш сифатини янада яхшилаш юрт фаровонлигини оширишнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам 2017-2021 йиллар давомида мамлакатимизда электр тармоқларини модернизация қилиш, истеъмолчиларнинг энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 835,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, соҳада юзага келган аҳвол ва қонунийлик ҳолатининг таҳлили ўз ечимини кутаётган жиддий муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Шартнома мажбуриятларини бажармаётган истеъмолчиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилмаётгани, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишда оқсаётгани дебитор қарздорлик кескин ортишини, талон-тарожликлар ва истеъмол қилинган энергия учун тўловлардан бўйин товлаш ҳолатларини юзага келтираётир.

Ушбу камчиликларни бартараф этишнинг комплекс чора-тадбирларини назорат қилиш учун Президентимиз Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Мазкур бюрога энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги, ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш ваколати берилди. Истеъмолчилар – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банк ҳисоб рақамларидан қарздорлик сўзсиз ундирилади.

Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочиларига суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини, давлат инспекторларига эса етказиб берилган энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундиришни амалга ошириш юклатилди.

Фармонга мувофиқ 2017 йил 1 июлдан бошлаб, истеъмолчи - жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасига қадар ўтган ойда фойдаланган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт. Тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганда истеъмолчи тармоқдан мажбурий тарзда узилади. Қайта уланиш учун жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари, юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробари миқдорида тўлов ундирилади.

Ҳисоб-китобларга қараганда вилоятимизда шу йилнинг 1 июнига қадар электр энергиясидан қарздорлик 145 миллиард 251 миллион 800 минг сўмни, шундан аҳолининг қарздорлиги 130 миллиард 675 миллион 700 минг сўмни ташкил этган. Газ таъминоти бўйича қарздорлик 212 миллиард 644 миллион 700 минг сўм бўлиб, аҳолиники 199 миллиард 115 миллион сўмдан иборат. Ҳар бир шахс, у корхона, ташкилот раҳбари бўладими, хонадон соҳиби ёки соҳибасими, ўз зиммасидаги мажбуриятга масъулият билан қараши зарур. Фармонда энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Прокуратура органларига ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига сўзсиз риоя этилиши устидан назорат самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Ушбу Фармон ва Қарорнинг изчил бажарилиши истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилиши билан бирга, турли йўналишларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга, жамиятда қонунийликни мустаҳкамлашга омил бўлади.

Камолиддин ЙЎЛБАРСОВ,
вилоят прокурорининг ўринбосари

Манба: “Андижоннома” газетаси, 10.06.2017 йил

15.06.2017

Медиатека

711000, Андижон шаҳар, Навоий шоҳ кўчаси, 28.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси