Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИ – ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА

Маълумки, ёшларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмунини ташкил қилади.

Шундан келиб чиқиб, прокуратура органлари томонидан ушбу соҳадаги қонунчиликнинг аниқ ва бир хилда ижро этилишини таъминлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқий онги ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Андижон шаҳрида “Мамлакатимизда ёшлар сиёсатининг амалга оширилиши: ҳолати, муаммо ва истиқболлари” мавзусида ўтказилган илмий-амалий конференция мазкур соҳада олиб борилаётган тадбирларнинг самарадорлигини янада ошириш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш масалаларига бағишланди.

Анжуманда вилоят прокуратураси, адлия, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими, халқ таълими бошқармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” ва “Маҳалла” фондлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик журналлар таҳририятлари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунини амалга ошириш борасида соҳа мутахассислари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ўртасида ўзаро фикр алмашилди.

Анжуман доирасида ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг сабаблари ва содир этилишига замин яратувчи шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш масалаларига оид маърузалар тингланди.

Давра суҳбати якуни бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.


Бош прокуратуранинг Жамоатчилик
билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими

30.05.2017

Медиатека

711000, Андижон шаҳар, Навоий шоҳ кўчаси, 28.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси