Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

МУЛОҚОТЛАР САМАРА БЕРМОҚДА

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам турли жабҳаларда кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар амалга оширилиб, улкан натижалар қўлга киритилмоқда. Саноат салоҳиятини янада юксалтириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида янгича иш тизимини жорий этиш, томорқалардан унумли фойдаланишни йўлга қўйишга қаратилган саъй-ҳаракатлар, айниқса, эътиборга молик.

Натижада аҳоли турмуш фаровонлиги изчил таъминланмоқда. Ана шу ютуқ ва натижаларга қарамасдан, жойларда ҳал этилиши лозим бўлган муаммо ва камчиликлар ҳам мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 август­даги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида прокуратура органлари томонидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Туман прокурорига бириктирилган секторда олиб борилган ўрганишлар жараёнида ҳудудда 967 нафар шахс чет давлатларга ишлаш учун чиқиб кетгани аниқланди. Айни кунларда улардан 450 нафари яшаш уйларига қайтган ва улар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган, 360 нафари ишга жойлаштирилган.

Ҳудудни бир маромда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш чораларини кўриш мақсадида туман прокурори раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, унга тумандаги турли соҳа вакилларидан 25 нафари бириктирилган. Улар уйма-уй, хонадонма-хонадон айланиб, аҳоли билан юзма-юз суҳбатлашаётгани ижобий самара бермоқда.

Ўрганишларда мавжуд 3089 та хонадоннинг 1737 тасида кадастр ҳужжатлари йўқлиги аниқланди. Ишчи гуруҳи аралашуви билан ҳозирда 250 та хонадонга кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилди. Ушбу ҳужжатларни расмийлаштириш учун 32 млн. сўм маблағ ундирилди, қолган хонадонлар бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Туман прокурори раҳбарлигида 2272 та хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилди ва бу тадбирлар давомида 839 тадан зиёд муаммолар аниқланди.

Шуни қайд этиш жоизки, ҳар бир хонадонга кириб аниқланган муаммолар секторда ташкил этилган штабдаги электрон базага киритилиб, чуқур таҳлил этилмоқда ва муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Булар асосан, ичимлик суви ва суюлтирилган газ баллони билан таъминлаш, электр энер­гия­си таъминотидаги узилишлар, ички йўлларни таъмирлаш, иш ҳақи ва нафақа пуллари билан таъминлаш каби муаммолардир.

Маҳаллаларда аниқланган муаммолар ҳар томонлама чуқур таҳлил этилиб, умумлаштириш асосида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш юзасидан «йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Хатлов жараёнида ҳудуддаги «Халқобод» МФЙ, «Шафтолизор» кўчасидаги 82 та хонадонда истиқомат қилаётган 467 нафар аҳоли ичимлик суви билан етарлича таъминланмагани, сувни 400-500 метр масофадан ташиб истеъмол қилишлари аниқланиб, кўчанинг 1,6 км. қисмига полиэтилен трубалар ётқизилди ва ичимлик тармоғи тортилди. Ҳозирда аҳоли ичимлик сувидан фойдаланмоқда.

Шу каби, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан «Нурафшон» МФЙ, Ҳуррият, Холис ва Ёрдам кўчаларида истиқомат қилувчи 530 та хонадонга бирма-бир кирилиб, уларнинг турмуш шароитлари ўрганилди, мавжуд муаммолар сектор штабида умумлаштирилди. Якуни бўйича аҳоли ҳамда мутасадди идора раҳбарларини таклиф этган ҳолда аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан учрашув ўтказилди. Мазкур очиқ мулоқотда сектор раҳбарига ушбу маҳалланинг Ёрдам кўчасида истиқомат қилаётган 100 та хонадонга хизмат қиладиган электр тармоғи симлари яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, электр қуввати паст­лиги муаммо сифатида кўтарилди. Ҳозирда кўчага 2000 метр электр тармоғи янгидан тортилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинларидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, ҳудудда 189 та кам таъминланган оила мавжуд бўлиб, мазкур маълумотларнинг ҳаққонийлиги туман прокурори иштирокида ишчи гуруҳ билан биргаликда ўрганилди. 84 та хонадон кам таъминланганлар рўйхатига нотўғ­ри киритилгани аниқланди. Маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши қарорлари асосида улар рўйхатдан чиқарилди. Бундан таш­қари, кам таъминланган оилалар вакилларидан 60 нафари ҳудуддаги турли корхона, ташкилот ва муассасаларга ишга жойлаштирилди ҳамда уларга меҳнат дафтарчалари очилди.

Шу каби, 6 та оилага 27,4 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб берилди, 21 тасига қонун талаблари асосида моддий ёрдам маблағлари тайинланди, 4 тасига 27,5 млн. сўм кредит олиб бериш учун ҳужжатлари банк муассасаларига топширилди.

Сектор раҳбари томонидан ҳудуддаги 105 та кам таъминланган оилаларнинг аҳволи ўрганилди. Уларни қийнаб келаётган муаммолар аниқланди. 130 тасига суюлтирилган газ баллонлари, 7 тасига электр ҳисоблагич ускунаси ва яна 9 тасига газ ҳисоблагич ускунаси олиб берилди. Бугунги кунга қадар ҳудуддаги 44 та тадбиркорлик субъект­ларининг мурожаатлари ҳал этилиб, уларнинг 32 тасига 748,8 млн. сўм кредит олишда кўмаклашилди ва яна 13 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Натижада, 42 та янги иш ўрни яратилди.

Ўрганишлар давомида ҳудуддаги фаолияти тўхтатилган "Озод шуъла плюс" хусусий корхонасига амалий ёрдам кўрсатилиб, унинг фаолияти тикланди.

Ишчи гуруҳ томонидан ҳудуддаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида таълим олаётган ўқувчи ҳамда тарбияланувчиларга яратилган шарт-шароитлар, бино ва иншоотлар аҳволи, иситиш тизими ва ичимлик суви билан таъминланиши, ошхона ҳамда тиббиёт хоналари ҳолати ҳам ўрганилди ва бир қатор камчиликлар аниқланди. Ҳудуддаги мавжуд 12 та муассасадан 2 тасининг ҳолати қониқарли бўлса, 10 таси таъмирталаб. Шунга кўра, сектор ҳудудидаги таъмирланиши талаб этилаётган 10-умум­таълим мактабига 1,2 млрд. сўм, 12-умумтаълим мактабига 2,2 млрд. сўм, 10-мактабгача таълим муассасасига 900 млн. сўм, 25-мактабгача таълим муассасасининг асосий ва филиал биноларини таъмирлашга 1,4 млрд. сўм, Шафтолизор кўчасидаги кўприкни таъмирлаш учун эса 500 млн. сўм маблағ талаб этилгани сабабли 2018 йилнинг Давлат дастурига киритиш ҳаракатлари бошланган.

Камолдин ПАРПИЕВ,
Бўз туман прокурори

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 52, 28.12.2017 йил

28.12.2017

Медиатека

711000, Андижон шаҳар, Навоий шоҳ кўчаси, 28.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси