Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИДА ЎТКАЗИЛГАН ХАЛҚАРО СЕМИНАР ҲАҚИДА

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Давлат божхона қўмитаси вакилларидан ташкил топган Ўзбекистон Республикаси делегацияси Пекин шаҳрида ўтказилган «Пул ва қимматли бойликлар ўтказмалари хизматидан ноқонуний фойдаланиш» мавзусидаги халқаро семинарда иштирок этди.

Тадбирда, шунингдек, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари ҳам қатнашдилар.

Семинарни ўтказишдан асосий мақсад – иштирокчи мутахассис ва экспертларни пул ва қимматли бойликлар ўтказмалари хизматидан фойдаланишдаги суиистеъмолчиликлар хатарини камайтириш борасида билим ва малакаларини ошириш, ушбу турдаги жиноятларга қарши курашиш бўйича экспертлар тармоғини тузиш, молиявий ҳуқуқбузарликларга ва трансмиллий уюшган жиноий гуруҳларга қарши курашиш услубларини ўргатиш, шунингдек, мазкур соҳадаги таҳдидлар ҳақида ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этишдан иборат.

Ўқув курси дастурига мувофиқ, 14 та ўқув сессиялари ва амалий машғулотлар ўтказилиб, улар давомида молиявий текширувлар ўтказиш, жиноий даромадларни легаллаштириш босқичлари, пул оқимини кузатиш, кузатув ва тинтув усуллари, далилларни баҳолаш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Афғонистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлатлари молиявий разведка бўлинмалари ўртасида учрашув ташкил этилди.

Мазкур учрашув давомида бир қатор масалалар, шу жумладан шубҳали молиявий операциялар тўғрисида ахборот алмашинувини амалга ошириш, жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси вакилларининг ушбу семинардаги иштироки самарали ва фойдали бўлди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент

12.08.2017

Медиатека

100047, Тошкент шаҳар, Я.Ғуломов
кўчаси, 39а.  

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси