Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Ҳар бир оила манфаати - эътиборда

Тарих саҳифаларига муҳрланган 2017 йил Ўзбекистон ҳаётида жуда муҳим воқеалар юз берган, тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилган йил сифатида ёдимизда қолади. Боиси, ушбу йил тўла маънода улкан ўзгаришлар даври бўлганига, Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган мамлакатимизни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш, эл-юрт фаровонлигини таъминлаш йўлида дастлабки муҳим қадамлар ташланганига гувоҳ бўлдик.

Поёнига етган йилда инсонни эъзозлаш, одамлар қалбига йўл топиш халқ билан мулоқот тизимининг асоси этиб белгиланди. "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак", деган ғоя ҳаётимиздан чуқур жой олди.

Давлат идоралари ходимлари, аввало, биринчи раҳбарлар фақат кабинетда ўтирмасдан, жойларга бориб, аҳолини безовта қилаётган энг долзарб муаммоларнинг амалий ечимига киришди. Шу маънода 2017 йил - халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, инсонларнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлди.

Бу тизимнинг асоси бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ўзига хос демократик институтига, халқимизнинг нажот қўрғонига айланди. Қисқа муддатда ана шу қабулхоналарга бир ярим миллиондан зиёд фуқаро мурожаат қилгани ва қанчадан-қанча одамларнинг йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолари ижобий ечим топгани Ўзбекистонда халқ ҳокимияти номига эмас, амалда жорий этилаётганини кўрсатмоқда. Жойларда йўл қўйилган хато ва камчиликларни тезлик билан бартараф этиш юзасидан раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги кучайгани мазкур тизимнинг муҳим натижаси бўлди.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ, Қашқадарё вилоятининг туман ва шаҳарларида ҳам ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва Давлат солиқ идораларининг ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилигида тузилган секторлар самарали фаолият юритмоқда.

Ҳудудларни комплекс иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича секторлар ишини ташкил этиш Низоми ҳамда "Маҳалла-туман (шаҳар) - вилоят-республика" тамойили асосида фаолият юритаётган янги тизимга аҳолининг энг муҳим муаммо ва масалаларини ечиш юзасидан кенг ваколатлар берилиб, катта масъулият ва жавобгарлик юклатилган.

Ҳар бир туман ва шаҳарнинг ихтисослашуви чуқур таҳлил қилинган ҳолда, вилоят ҳудуди тўрт секторга бўлинган. Секторлар штаби аҳолининг келиб-кетиши қулай бўлган жойларда ташкил этилган. Штаблар компьютер жамланмалари, алоқа воситалари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ётоқхоналар ажратилиб, ходимларнинг нав­батчилиги йўлга қўйилган. Жойларда ўрганилаётган муаммолар, амалга оширилаётган ишлар штабларда умумлаштирилиб, аксариятига ечим топилмоқда. Ҳудудларда уйма-уй юрилиб, аҳолининг яшаш шароити ва муаммолари ўрганилмоқда. Аниқланган камчилигу муаммолар жойида бартараф этилмоқда. Фуқаролар мурожаатлари асосан йўл ва кўприкларнинг таъмирталаблиги, айрим жойларда ичимлик суви етишмаслиги, уй-жой, электр энергияси ва газ таъминоти, баъзи ҳудудларда мактаб, мактабгача таълим муассасасига зарурат борлиги каби масалаларга тааллуқли.

Вилоят прокурори раҳбарлигидаги секторга Нишон, Касби ва Муборак туманлари бириктирилган. Мазкур туманларда уйма-уй юрилиб, 75101 та хонадон ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар давомида учта туман ҳудудида 1646 та муаммо аниқланиб, уларнинг 1524 таси ёки 92,6 фоизи жойида бартараф этилди. Жойида ҳал этиш имкони бўлмаган муаммолар қўшимча маблағ, вақт ва ўрганишларни талаб қилганлиги сабабли ҳар бир туман (шаҳар) кесимида уларнинг ечими бўйича муддати ва ижроси учун масъуллар белгиланиб, "йўл харитаси"га киритилди.

Эҳтиёжманд оилаларга 17 та уй-жой - 8 та кам таъминланган ва 9 та ногироннинг оиласига олиб берилди. 14 та уй-жой таъмирланди. 6 та уй-жой эса кам таъминланган оилаларга топшириш учун таъмирланмоқда. Хусусан, Муборак туманидаги "Пахтакор" маҳалласида яшовчи Ёқуб Мўминов ва Касби туманидаги "Пандирон" маҳалла фуқаролар йиғини Худ­ён қишлоғида яшовчи Дилнора Расулованинг уй-жойи ҳомийлар жалб қилинган ҳолда таъмирлаб берилди.

Прокуратура ходимлари ҳар бир ҳудудда бўлиб, оддий одамларнинг дарду ташвишлари билан қизиқаётгани, муаммоларимизни имкон қадар жойида ҳал қилишга интилаётгани бизни жуда қувонтирди, - дейди Дилнора Расулова. - Уйим хароба аҳволда бўлиб, қор ёки ёмғир ёғса, ҳамма жойи­дан чакки ўтарди. Вилоят прокуратураси раҳбариятининг саъй-ҳаракати билан ҳовли-жойим бекаму кўст таъмирлаб берилди. Прокуратура ходимларидан ва айниқса бундай эзгу ишларнинг ташаббускори ва раҳнамоси бўлган Президентимиздан миннатдорман.

Жами 2585 нафар ишсиз, жумладан, Нишон туманида - 717, Касбида - 910 ва Муборак туманида 958 киши ишга жойлаштирилди.

Нишон, Касби ва Муборак туманида жами 39 нафар чин етим истиқомат қилади. Улардан 4 нафари коллеж битирувчиси бўлиб, ҳар бирининг плас­тик карточкасига 2,5 миллион сўмдан, олий ўқув юртларида таълим олаётган 4 нафарининг ҳар бирига ўқиши учун 2,6 миллион сўмдан, яна 2 нафарига эса 3,3 миллион сўмдан контракт пуллари тў­лаб берилди. 21 нафар чин етимнинг ҳар бирига 859 минг сўмлик кийим-бош ва ўқув қуроллари олиб берилди.

Кам таъминланган оилалар учун Нишон туманида - 22 та, Касбида - 26 та ва Муборакда - 66 та арзон уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Вилоят прокуратурасининг назорати остида уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан Нишонда - 22 та, Касбида - 26 та ва Муборакда - 57 та кўп қаватли уйларнинг том ва ертўласи, фасад ва кириш йўлаклари таъмирланиб, ноқонуний қурилмалар олиб ташланди. Нишонда 13 километр, Касбида 15 ва Муборакда 12 километр ички йўллар жорий таъмирланди. 3,3 километр ичимлик сув қувурлари, 700 метр газ қувурлари ўтказилиб, фойдаланишга топширилди. Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 167,4 километр узунликдаги электр симлари, 162 та трансформатор жорий таъмирланди ва янгидан ўрнатилди. Аҳолига 3970,2 тонна суюлтирилган газ, 5803 тонна кўмир ва кўмир брикети етказиб берилди.

Бугун оддий одамларнинг, умуман, халқнинг ҳаёти сифат жиҳатдан тубдан ўзгармоқда. Уларнинг кундалик ҳаётида ташвиш ва муаммолар, етишмовчиликлар ҳам бор. Лекин улар ҳар қандай хазинадан ҳам азиз ва қадрли бўлган бойликка - "шу юртнинг эгаси - мен", "бизга суянч ва таянч бўладиган, ҳар қандай ша­роит­да ҳам қўллаб-қувватлайдиган Президентимиз бор", деган ишонч билан яшаш имконига эга бўлдилар.

Бугун нореал рақамлар ортидан қувиш, хом хаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этишдек номаъқул иш услуби ҳукмронлик қиладиган муҳитга қайтишни халқнинг ўзи ҳам истамайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида бизни айнан шундан огоҳлантирди: "Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз...".

2018 йил мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинди. Бу - жорий йилда фаоллик, шижоат, дадил ташаббуслар янада рағбатлантирилади, инновацион фикрлаш, инновацион ёндашув ва фаолият ҳаётимиз асосига айланади, деганидир. Ўтаётган ҳар бир йил - Ватанга садоқат билан хизмат қи­лиш учун бизга берилган имконият. Ҳар йилнинг номи - миллий ғоямизнинг ўша йилдаги энг устувор вазифаси. Чунки, шу ном остида бизни бош мақсадга элтувчи муҳим муаммолар ҳал этилади.

Биз ҳам хизмат вазифамизни шараф билан бажариш билан бирга, сектор ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли талаб ва эҳтиёжларини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида ҳар бир маҳалла, қишлоқ ва хонадонга кириб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўраверамиз. Одамлар билан ҳамнафас бўлиб, муштарак мақсадларни амалга ошириш учун ҳамжиҳатликда иш юритамиз.

Ботир ЮСУПОВ,

Қашқадарё вилоят прокурори

Манба: “Ҳуқуқ” газетаси, № 7, 15.02.2018 й

17.02.2018

Медиатека

181100, Қарши шаҳар, Мустақиллик кўчаси, 5.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси