Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ЖАМИЯТ РИВОЖИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

Мустақиллик ҳуқуқ ва эркинлик демакдир. Ўзбекистон тарихига энг шонли сана сифатида битилган 1991 йилнинг 1 сентябри бизга ана шундай тенгсиз ва табаррук неъматни инъом этди. Ана шу муҳим қадам билан дунё сиёсий харитасида Ўзбекистон деган янги суверен давлат юзага келган бўлса, 1992 йилнинг 8 декабрида республика Конституциясининг қабул қилиниши қонунчиликдаги мустақиллик бўлди, дейиш мумкин. Бунинг боиси шундаки, ҳар бир халқ, давлат ва жамиятнинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқлари қонунлар билан кафолатланиб, муҳофаза қилинади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Конституциянинг яратилиши ва ҳаётга татбиқ этилишида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хизматлари беқиёс бўлганини таъкидлаб, "Ҳақиқатдан ҳам, 90-йиллардаги ўта оғир даврда Асосий қонунимиз лойиҳасини ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичдек кенг миқёсда, стратегик фикрлайдиган, узоқни кўра оладиган буюк сиёсий арбобнинг бу ишга раҳбарлик қилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этди... Айнан Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Конституциямизда "Инсон ва унинг қадр-қиммати" деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилди", дея қайд этди.

Конституция давлатнинг Асосий қонуни бўлиб, энг юқори юридик кучга эга бўл­ган ҳужжатдир. Конс­титуция — конституциявий тизим асослари, давлат тузилиши, давлат бошқарув шакли, шахснинг ҳуқуқ, эркинлик ва бурчлари, давлат органларини тузиш тартиби ва уларнинг ваколатларини белгилаб беради. Конс­титуция меъёрлари билан жамиятдаги энг муҳим ижтимоий муносабатлар мустаҳкамланади.

Конституциямиз халқаро конституциявий тажрибаларни ўрганиш, халқаро ҳужжат қоидаларини инобатга олиш, миллий давлатчилик анъаналаримизни ривожлантириш асосида яратилган. У жаҳон андозаларига мос келиб, хал­қаро талабларга жавоб беради. Конс­титу­циямиз халқимиз руҳиятини, ахлоқини акс эттира олган, ҳуқуқий онгимиз, халқ ижодкорлиги маҳсулидир. Унда инсонни энг олий қадрият даражасига кўтарувчи нормалар ўз ўрнини етарлича топган.

1948 йилнинг 10 декабрида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган "Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси"да белгиланган барча моддалар Конституциямизда ҳам ўз ифодасини топган. Россиялик эксперт Н.Мишиннинг фикрича, "Асосий қонунда инсон ҳуқуқлари ва давлат мустақиллиги ғояларига содиқлик, ҳозирги ва келажак авлодлар олдида масъулиятни чуқур ҳис этиш, ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибаларига таяниш, демократия ва қонунийликка ҳурмат, халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган нормаларини тан олиш, Ўзбекистоннинг муносиб ҳаётини таъминлаш, инсонпарвар ҳуқуқий давлат яратиш ва ниҳоят мустаҳкам фуқаровий тинчлик ҳамда миллий келишувни таъминлаш каби эзгу ниятлар ўз мужассамини топган".

Халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган қоидаларига, демократик ва ижтимоий адолат тамойилларига асосланган Конституциямизда хал­қи­мизнинг тарихий тажрибаси, тинч-тотувлиги, авлодларимиз олдидаги масъулият, фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришлари кафолати ўз ифодасини топган. Буни таъминлаш ва амалга оширишда прокуратура органлари муҳим рол ўйнайди. Уларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси ва "Прокуратура тўғрисида"ги Қонун билан тартибга солинади.

Ана шу қонунларга биноан прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири — бу инсон ва фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминловчи қонунларга бир хилда ва аниқ риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширишдан иборат. Давлат ўз фуқароларига ҳуқуқ ва эркинликлар берар экан, улар зиммасига ҳам маълум даражада масъулият юклайди. Конституциямизнинг 48-моддасида "Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бош­қа кишиларнинг ҳуқуқ­лари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қи­лишга мажбурдирлар", деб белгилаб қўйилган. Ана шу мажбурият ҳар бир фуқарога Конституция ва қабул қилинган қонунлар, қарорлар ҳамда фармойишларни чуқур ўрганиб, уларга ҳурмат билан қараш, риоя қилиш вазифасини юклайди. Чунки, ҳуқуқий давлатнинг қуроли ҳам, ҳимоя­си ҳам, кўзи ҳам, сўзи ҳам қонундир. Демак, унинг фуқаролари ҳам ҳуқуқий маданиятли, қонун билан қуролланган, қонун билан ҳимояланган бўлиши керак. Шундагина улар қонунда белгилаб қўйилган ҳуқуқларидан тўла фойдаланадилар ва ўз фуқаролик бурчларини чуқур ҳис қиладилар.

Истиқлолдан аввалги Ўзбекистон ССР Конституциясида айнан давлат манфаатларининг инсон манфаатларидан устунлиги қонунлаштириб қўйилган эди. Бугунги Асосий қонунимизда эса давлат ҳам, жамият ҳам, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамо­йил сифатида аниқ белгилаб қўйилган.

Конституциянинг асосий моҳияти шундаки, у жамият ва унинг аъзолари олдида аниқ мақсад қўяди, шу мақсад йўлида инсонларни бирлаштиради. Ана шу эзгу мақсадга эришиш йўлларини ўзида мужассам этади. У ўз мақомига кўра олий даражадаги қонун бўлиб, ҳар бир давлатнинг ўзига хос қиёфасини, тарихий-ҳуқуқий анъаналарини, унинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тузумини, тараққиёт йўлини, бугуни ва келажагини, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ­лари, эркинликлари ҳамда бурчларини ифода этади. Бошқача айтганда, ҳар қандай давлатнинг келажаги, халқнинг тақдири кўп жиҳатдан Конституциясининг қандай бўлишига боғлиқ.

Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишда, ҳеч шубҳасиз, Асосий қонунимиз тамал тоши вазифасини ўтади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг "Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти" деб номланган 22-бобининг 106-моддасида Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий пар­тиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳол­да иш юритади, деган конс­титуциявий тамойил том маънода одил судловни амалга оширишга имкон яратди.

Юрт тинчлиги Ватан равнақи, халқ манфаати тушунчалари миллати, элати ва диний мансублигидан қатъи назар барча учун бирдек тегишлидир. Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқарода Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссининг кучайганлиги, юрт тақдири билан ўз тақдирини уйғунлаштириш, мамлакат ва халқ камолоти, истиқболи учун юксак масъулият ҳисси муҳим фазилатга айланди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади, улар мустақил Ўзбекистоннинг тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Конституциямизда фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги, қонун олдида тенглиги кафолатланган.

Ўзбекистонда "Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари" тамойилига асосланган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ўзгаришлар барча соҳаларда демократияни ривожлантиришга кўмаклашмоқда. Кўп партиявийлик тизими асосида икки палатали профессионал парламент фаолият кўрсатмоқда, бу эса қонун ижодкорлигининг самарали бўлишига хизмат қилмоқда. Миллий манфаатлар ва хал­қаро ҳуқуқ меъёрларини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик мунтазам такомиллашиб бормоқда. Бироқ одамларда ҳу­қу­қий онг, ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги жамиятда адолат мезонларининг бузилишига олиб келади. Очиғини айтганда, ҳар биримиз ҳам Конституция ва қонунларимиз берган ҳуқуқ­лари­мизни яхши билавермаймиз ва уни ҳимоя қила олмаймиз. Японларнинг "Биз аввал мияни тўйдирайлик, мия эса қо­ринни тўйдиради", деган ҳикматли гапи бор. Инсон улғайиб фаол турмушга киришиб, жиноят қилганда ёки қонунни буза бошлаганидагина у содир этган ҳуқуқбузарликларнинг оқи­батлари ҳа­қида ўйлай бошлаймиз.

Инсон ўзи яшаётган давлат ва жамият қонунларини билмас экан, у доимий равишда кўнгилсиз ҳодисалар иштирокчиси бўлиб қолаверади. Майли, билмаслик — айб эмас, билмасликка кўникиб қолиш — айб. Чунки, бизга барча нарсаларни билиш, анг­лаш имконияти берилмаган, лекин табиат ва жамият қонунларидан маълум даражада бохабар бўлишимиз шарт.

Аслида эркинлик ҳам, мус­тақиллик ҳам ҳуқуқни англашдан бошланади. Бунинг учун ҳуқуқий билимлар билан қу­рол­ланмоғимиз лозим. Бу қурол сўз қуролидир. Сўз қуроли эса ҳарбий қуролдан-да кучли эканлигини демократия йўлидан бораётган мамлакатларнинг аксарият фуқаролари аллақачон англаб етишган. Ҳуқуқий билимлар билан қуролланган, ҳуқуқий маданиятли киши фақат қонунларни билиб, ҳуқуқий билимлардан хабардор бў­либгина қолмай, уларга оғишмай амал қилади, итоат этади. Ўз ҳуқуқлари бош­қалар томонидан бузилишига, қонунларнинг поймол этилишига лоқайдлик билан қарамай, бу ҳақда жамоатчиликка хабар беради, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органларига, судга мурожаат қилиб, ўзи­ни ҳам, ўзгаларни ҳам ҳи­моя қилади.

Ҳар қандай низолар ва можароларни бартараф этиш учун шахс қонунга хилоф кучларга эмас, балки тегишли давлат идораларига, пировардида судга мурожаат қилмоғи лозим. Адолат учун курашиш ҳуқуқий маданиятли ҳар бир фуқаро, ҳар бир инсоннинг бурчидир.

Конституцияни билмайдиган, уни ўрганишга ҳаракат қилмайдиган одамларни тушуниш қийин. Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир инсон уни билиши керак. Чунки, Асосий қонунни биладиган инсон учун у ноёб ҳуқуқий қурол вазифасини ўтайди. Ундан шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қилинганда фойдалана билиши, кўплаб ўзбошимчаликларнинг олдини олишда уни моҳирона қўллай олиши мумкин.

Бугун биз ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати, тараққиётнинг қудратли қаноти, жамият ҳаётининг мезони, ҳаёт дарслиги бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигини кенг нишонлаяпмиз. Уни англаши­миз, жиддий ўрганишимиз, унга амал қилишимиз, демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуришда жамиятни инсонлар эмас, балки қонунлар бошқаришига эришмоғимиз лозим.

Баҳодир ПЎЛАТОВ,
Қашқадарё вилоят прокурори

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 49, 07.12.2017 йил

07.12.2017

Медиатека

181100, Қарши шаҳар, Мустақиллик кўчаси, 5.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси