Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ҲАМКОРЛИК — САМАРАДОРЛИК МЕЗОНИ

Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик, бу борада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасадди идоралар олдига бир қатор аниқ вазифалар қўйилди.

Шу мақсадда вилоят ҳокими, прокурор, ички ишлар ва Давлат солиқ бошқармаси бошлиқлари, давлат бошқаруви идоралари ва жамоатчилик ташкилотлари томонидан жиноятчиликка қарши кураш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга йўналтирилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастурда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, жиноят келиб чиқиши мумкин бўлган нотинч оилалар, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида вилоятимиздаги шаҳар ва туманларда секторлар ва маҳаллалар кесимида 730 та ишчи гуруҳ тузилди.

Ишчи гуруҳларга маҳалла фаоллари, ҳудудий профилактика инспекторлари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари ва психологлари, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари ходимлари, маҳалла имоми ёки обрў-эътиборли оқсоқоллари ва ҳудуднинг бош­қа фидойи кишилари жалб этилди.

Ўз навбатида, ташкил этилган ишчи гуруҳлар фаолиятини назорат қилиш ҳамда сектор раҳбарларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида суд идоралари раислари ва судьяларидан иборат таркибда назорат гуруҳлари ташкил этилди.

Энг асосийси, жиноятнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш мақсадида вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар ва Давлат солиқ бошқармалари, судлар ҳамда бошқа мутасадди идораларнинг вилоят маҳкамаларидан ҳар бир туман ва шаҳарга 240 нафардан масъул ходим бириктирилди. Бу эса, ҳудудлардаги сектор раҳбарларига амалий кўмак бериши билан бир қаторда жойларда ечимини топмаётган муаммоларни қисқа муддатларда вилоят миқёсида ҳал қилиш имконини бермоқда. Прокуратура органларининг бу борадаги фаолиятига ошкоралик бериш мақсадида матбуот ва ОАВ орқали тарғибот тадбирларини амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фирибгарлик, коррупция ва бошқа жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарқатма материаллар тайёрланиб, хонадонлар, таълим муассасалари ва иш жойларига тарқатилмоқда.

Шунингдек, мазкур соҳада фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, содир этилаётган жиноятларни барвақт аниқлаш ёки уларни профилактика қилиш мақсадида қисқа муддатда жойларда 210 дан ортиқ жамоатчилик назорати масканлари ташкил этилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори асосида вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва Давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари фаолиятини янада такомиллаштириш, сектор раҳбарларига кенг имкониятлар яратиш мақсадида махсус электрон дас­тур ишлаб чиқилди.

Дастурнинг асосий вазифаларига қоғозбозликка чек қўйиш, ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» ва «Чора-тадбирлар дастури»нинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини назорат қилиш, ишчи гуруҳлар томонидан жойларда аниқланган муаммоларнинг бевосита масъул идора ва ташкилотлар орқали қисқа муддатда ҳал этилишини таъминлаш киради.

Шунингдек, мазкур дастур сектор раҳбарларига хизмат хонасида интернет тизимида онлайн тартибида масофадан планшет орқали фойдаланиш имконини беради.

Санжар МАВЛОНОВ,
Қашқадарё вилоят прокурорининг
биринчи ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 52, 28.12.2017 йил

28.12.2017

Медиатека

181100, Қарши шаҳар, Мустақиллик кўчаси, 5.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси