Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

«ИДОРА» НОМИНИ РЎКАЧ ҚИЛИШ ДАВРИ ЎТДИ

Ўтган йили мамлакатимизни яқин истиқболда янада тараққий эттириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни бажариш учун жамиятимизнинг бор куч ва имкониятлари сафарбар этилди. Бу борада амалга оширилган ишларни Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида батафсил таҳлил қилиб берди.

Аввало, бу борада "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар изчил амалга оширилгани диққатга сазовордир. Энг муҳими, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқи­миз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Бу ўзгаришларнинг амалий натижалари аҳолимиз ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, жуда қисқа даврда, яъни кейинги бир йилда эришилган натижалар ҳақида сўзлар эканмиз, барча давлат идоралари фаолиятида янги давр бошланганини алоҳида эътироф этиш керак. Юртимизда "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган тамо­йил ўз аксини топди. Бу ўз нав­батида, давлат билан фуқаролар ўртасидаги мулоқотни тамомила бошқача кўринишга олиб келиб, раҳбар кадрларни оддий одамларга яқинлаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, ноёб институт — Давлат раҳбарининг Виртуал қабулхонаси, жойлардаги Халқ қабулхоналарига, ишонч телефонларига бўлаётган мурожаатлар, жойларда ташкил этилаётган сайёр қабулларда кўтарилаётган масалалар ор­қали нафақат юз минглаб одамларнинг муаммолари ҳал этилмоқда, балки улар турли соҳалардаги аҳволни ўрганиш, чуқур таҳлил қилиш, тизимли муаммоларга оқилона ечим топиш учун хизмат қилмоқда.

Шу ўринда прокуратура органлари томонидан мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мус­таҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган давр мобайнида Қашқадарё вилоят прокуратура органлари томонидан 300 га яқин тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланиб, 590 та тадбиркорлик субъектига амалий ёрдам кўрсатилди. Прокуратура органлари томонидан ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашда 3400 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 66 та мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилиши ўтказилди. Ўтган йили ташкил этилган тезкор-тергов гуруҳлари томонидан йиллар давомида очилмаган 196 та жиноят фош этилди, қидирувдаги 569 нафар шахс ушланди. Кўрилган чоралар натижасида 2017 йилда умумий жиноятчилик, қасддан одам ўлдириш, бос­қинчилик, талончилик, безорилик, номусга тегиш, авто­транс­портни олиб қочиш, товламачилик, ўғрилик, фирибгарлик жиноятларининг камайишига эришилди.

Ҳафтанинг ҳар пайшанбасида "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни" ўтказиб келинмоқда. Маҳаллаларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан бундай кенг қамровли тадбирларнинг уюшқоқлик билан ўтказилиши, ҳеч шубҳасиз, жиноятга нисбатан муросасизлик муҳитини яратмоқда. Ёш­ларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялашга ҳамда аҳо­лининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, ўтган даврда 61 та маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик институтлари билан биргаликда олиб борилган кенг қамровли профилактик тадбирларнинг амалий натижаси саналади.

Вилоятда Мажбурий ижро бюроси томонидан ўтган йилнинг июнь-декабрь ойларида энергия ресурслари бўйича жами 622,9 млрд. сўм маблағ ундирилиб, давлат ғазнасига тушиши таъминланди. Турар ва нотурар жой фонди инвентаризацияси жараёнида қарийб 551 мингта объект инвентаризация­дан ўтказилди, кадастр ҳужжатларисиз, ўзбошимчалик билан қурилган бино, стандартга номувофиқ ҳисоблагичлар аниқланди ҳамда тегишли чоралар кўрилди.

Суд департаменти ҳужжатлари ҳам тўлиқ инвента­ри­за­цияси­дан ўтказилиб, ҳисоботда акс эттирилмаган, ижро ҳужжати бўйича қонун бузилишига йўл қўйилган ҳолатлар аниқланди ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилди. Натижада ўтган йилда 2016 йилдагига нисбатан 80 миллиард сўм кўп маблағ ундирилиши таъминланди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида прокуратура органлари зиммасига қатор янги вазифалар юкланди.

Авваламбор, прокуратура органларининг жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини янада кучайтириш зарурлиги белгилаб берилди. Шу билан бирга, мамлакатимизда коррупцияга қар­ши самарали кураш олиб бориш мақсадида ушбу йўналишда алоҳида қонун қабул қилинди. Шу асосда аниқ мақсадларга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган Давлат дастури изчиллик билан амалга оширилмоқда. Биз коррупцияга қарши кураш борасидаги узоқ ва давомли фаолиятимизда янада қатъий иш олиб боришимиз шарт.

Иккинчидан, Мурожаатномада белгиланганидек, "Хабеас корпус" институтини жорий этиш ва тергов олиб боришда суд назоратини кучайтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, тинтув ўтказишга ва жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларнинг телефондаги мулоқотларини эшитиб туришга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилади. Бу судларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, прокуратура органлари ходимларидан ўз ишига сидқидилдан ёндашиб, профессионаллигини ошириб боришни талаб қилади.

Учинчидан, истиқболда айрим қилмишларни жиноятлар тоифасидан чиқариш ва либераллаштириш, жиноий жазоларни инсонпарварлик нуқтаи назаридан ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда 2018-2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни ривожлантириш концепциясини қабул қилиш ва амалга ошириш белгиланмоқда. Бу концепция ижроси, таъбир жоиз бўлса, тўлақонли прокуратура органлари ходимлари фаолияти самарадорлигини белгилаб беради.

Тўртинчидан, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш жараёнида ҳар томонлама билимли, юқори малакали, халқаро стандартларга жавоб берадиган, ўз касбининг ҳа­қиқий фидойиси бўлган ҳуқуқ­шунос кадрлар тайёрлаш ишлари такомиллаштирилади. Бош прокуратура ҳузуридаги Олий ўқув курслари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ишларимиз давом эттирилади, юридик кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари, хусусан, Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорлик амалий бойитилади.

Бешинчидан, Президентимиз ўз Мурожаатномасида ваколат доирасидан чиқиб, барча соҳаларга аралашиш, Ватан ва халқ манфаати бир четда қолиб, ўз манфаати йўлида "идора" номини рўкач қилиш даври ўтганини алоҳида уқтирди. Яъни энди биронта фуқаро қалбаки далиллар, туҳмат ва бўҳтонлар асосида жавобгарликка тортилмаслиги шарт. Бу талаб ҳар бир тизим ходимининг қалбидан чуқур ва қатъий жой олиши керак.

Олтинчидан, Президентимиз томонидан 2018 йилга "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб ном берилиши муносабати билан барча тадбиркорлик субъект­ларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни 2 йилга тўхтатиш таклифи билдирилди. Текширишлар ўтказишга рухсат беришнинг махсус электрон ахборот тизимига ўтиш ва унинг назоратини Бош прокуратурага юклаш режалаштирилаяпти. Ҳар ойда намунали, фаол тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этиб, уларни қийнаётган муаммоларни эшитиш, қонуний фаолиятига тўсқинлик қилаётган камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриб борамиз.

Унутмаслигимиз зарурки, ишимизга фақат халқимиз ва Президентимизнинг ўзи баҳо беради. Бунда ягона ва энг қаттиқ талаб — бу фуқароларнинг қонуний манфаатларига хизмат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилишдан иборат.

Сирожиддин ФАЙЗИЕВ,

Қашқадарё вилоят прокурорининг ўринбосари

Манба: “Ҳуқуқ” газетаси, № 5, 01.02.2018 й

01.02.2018

Медиатека

181100, Қарши шаҳар, Мустақиллик кўчаси, 5.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси