Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, унинг турмуш даражасини ошириш, бандлигини таъминлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастури ҳамда инвестиция дастурлари ижросини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қонуний кўриб чиқилишини таъминлаш бугунги куннинг устувор вазифасига айланган. Қашқадарё вилояти прокуратураси органлари томонидан олиб борилган назорат тадбирларида, аввало, қонунбузилишларнинг олдини олиш, уларнинг туб сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш, фаолиятни доимий равишда тизимли таҳлил қилиш, ишларни таҳлил натижалари асосида режалаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий билими, онги ва маданияти юксалишига эришиш муҳим вазифа сифатида белгилаб олинди.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва унинг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик ижроси юзасидан текшириш ва таҳлилларни таъсирчан ва самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоялаш, қўллаб-қувватлаш, кредит ажратиш каби устувор вазифаларга жиддий ёндашилди.

Бу йўналишда ўтказилган текшириш ва ­мониторингларда 282 та тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқини қонун доирасида тиклаш чоралари кўрилди, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда турли сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган 75 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланди. Натижада бунинг ҳисобидан 114 та иш ўрни, бундан ташқари, янги ташкил қилинган 128 та тадбиркорлик субъекти ҳисобидан 542 та иш ўрни яратилди.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан 139 нафар тадбиркорлик субъектига 32,7 млрд. сўм кредит, 29 нафарига 682 гектар ер майдони ажратилишида, 78 нафарига муҳандислик коммуникация тармоқларига уланишда амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, Қарши туманида фаолият кўрсатаётган «Самара бетакрор» масъулия­ти чекланган жамияти раҳбари К.Исмоиловга мебель ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши учун 400 млн. сўм кредит ажратилишида амалий ёрдам берилди. Шунингдек, фаолиятини тўхтатган Қарши шаҳридаги «Барча йўналишлар савдоси» масъулияти чекланган жамиятига 250 млн. сўм миқдорида кредит ажратилишида ёрдам кўрсатилди.

Тадбиркорлик субъектларига ёрдам кўрсатиш мақсадида бўш турган давлат мулки объектлари хатловдан ўтказилди. Таҳлил қилинганида 234 таси молиявий маблағлари мавжуд эмаслиги, 27 таси белгиланган мақсадларда фойдаланиб бўлмаслиги, 37 таси бошқа сабабларга кўра бўш тургани маълум бўлди. Шу сабабли ушбу бинолардан унумли фойдаланиш алоҳида эътибор қаратилиб, 7 нафар тадбиркорлик субъектига 3 млрд. 720 млн. сўм кредит ажратиб берилиши таъминланди. Бунинг натижасида келгусида 729 та иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Тадбиркорлар ва хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш, кичик тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш мақсадида ҳар бир маҳаллада тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш учун масъул бўлган барча идора ходимлари ҳамда тадбиркорликни бошламоқчи ёки фаолиятини кенгайтирмоқчи ёхуд маслаҳат олмоқчи бўлган фуқаролар билан мунтазам равишда очиқ мулоқот ўтказиш доимий назоратимизда. Ҳар ойда икки марта тадбиркорлик субъектлари билан учрашаяпмиз. Учрашувларда уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Келгусида ҳам бу борадаги ишлар изчиллик билан давом эттирилади.

Баҳодир ПЎЛАТОВ
Қашқадарё вилояти прокурори

Манба: “Ҳуқуқ ва бурч” журналининг 7-сони

31.07.2017

Медиатека

181100, Қарши шаҳар, Мустақиллик кўчаси, 5.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси