Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ҲУДУДЛАРНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ САМАРАЛИ ТИЗИМИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида қабул қилинган жуда катта аҳамиятга эга ҳужжатлардан бири бўлди. Республикамизнинг барча ҳудудларини комплекс ривожлантиришга, юртдошларимизнинг ҳаёт сифатини янада яхшилашга, улар учун муносиб шароитлар яратишга қаратилган ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида айни пайтда вилоятимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, ўтган бир йил мобайнида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳудудларда ечимини кутаётган, одамларни ташвишлантираётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш учун халқ билан бевосита мулоқотнинг сифат жиҳатдан янги, самарали тизими яратилди. Бу тизим юртимизни ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий жиҳатдан жадал ривожлантиришга, фуқароларимизнинг эртанги кунга, ислоҳотлар самарасига ишончини ошириб, бунёдкорлик салоҳиятларини намоён этишларига хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалий рўёбга чиқариш доирасида қабул қилинган 20 дан ортиқ қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 180 дан ортиқ фармонлари ва 450 дан ортиқ қарорларида назарда тутилган чора-тадбирларнинг сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш ҳозирги босқичда кўзланган мақсадларга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бироқ мазкур қарорда Президент топшириқларини бажаришда жиддий камчиликларга йўл қўйилаётганлиги, кўрилаётган чоралар кутилаётган натижаларни бермаётганлиги алоҳида таъкидланиб, жойларда ишларни ташкил этишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш билан боғлиқ долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, вилоят ва туманлар (шаҳарлар) ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга бўлиш, секторларга ҳокимлар, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қилиши, секторлар ишини ташкил этиш “маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика” тамойилига кўра амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Ушбу қарор ва бошқа қонун ҳужжатлари иж-росини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотларни янги шаклларда ташкил этиш ҳамда мавжуд муаммоларни тезроқ бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 11 август куни вилоят ҳокимининг қарори қабул қилиниб, ҳудудлар бўйича 4 та сектор раҳбарлари ва аъзоларига аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида кўрсатилган талабларнинг қатъий бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш вазифаси юклатилган. Шу мақсадда вилоят прокурорининг 2017 йил 11 августда 25Ф-сонли фармойиши қабул қилиниб, вилоят прокуратураси маҳкамасининг 20 нафар, қуйи прокуратура органларининг 80 нафардан ортиқ ходими жойлардаги секторларга масъул этиб белгиланди.

Бундан ташқари, ҳуқуқни му­ҳофаза қилувчи, давлат бош­қаруви ва назорат қилувчи идоралар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, унга жойларда ташкил этилган ишчи гуруҳлари фаолиятини назорат этиш вазифаси юклатилди. Ҳар бир ҳудудда 4 та сектор раҳбари билан бирга иш олиб бориш учун мутасадди идора ва ташкилотлар ходимларидан иборат 30 кишилик (жами 120 нафар киши) ишчи гуруҳлари ташкил этилди.

Аҳолининг муаммо ва қонуний талабларини ҳал этиш мақсадида мулоқотнинг турли усулларидан фойдаланилмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган хатловлар натижасида фуқаролар томонидан билдирилган 1497 та муаммо ҳисобга олиниб, ҳозирга қадар шундан 979 таси ёки 65 фоизи ижобий ҳал қилинди. Масалан, Нишон тумани “Пахтазор” маҳалласида яшовчи Р.Бадалов ички йўл­ларни таъмирлаб беришни сўраган эди. Ушбу мурожаат ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, ички йўл қисқа вақтда таъмирланди.

Шуниси муҳимки, фақат шахсий эмас, балки кўпчилик манфаатини ўзида мужассам этган бундай мурожаатлар анчагина. Муборак тумани “Дўст­лик” маҳалласида яшовчи Б.Холмуродов ва бошқалар ичимлик суви ва газ таъминотидаги узилишларга оид муаммони ҳал этишда ёрдам сўрашган эди. Анчадан буён маҳалла аҳлини қийнаб келган муаммо ҳал этилди.

Ногиронлар ва жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий соҳадаги энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Хонадонларга бориб, ногиронларнинг ҳол-аҳволи ўрганилганда улар томонидан ўртага ташланган муаммоларнинг ҳозирга қадар 67 таси ёки 69 фоизи ҳал қилинди. Хусусан, Касби тумани “Юк­­­салиш” маҳалласида яшовчи Ш.Баҳромовнинг мурожаатига кўра у ногиронлик аравачаси билан таъминланди.

Мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, халқ фаровонлигини янада ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг аҳамияти жуда катта эканлиги бугун ҳаммага аён. Кейинги пайтда мазкур соҳанинг янада ривожланишига халақит бераётган тўсиқлар бартараф этилиб, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Хусусан, вилоят прокуратураси органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига кредит олиш, пул маблағларини ундириш ва бошқа масалалар бўйича амалий-ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Ана шундай саъй-ҳаракатлар туфайли вилоят бўйича тадбиркорлик субъектларидан 139 тасига 32,7 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари, 29 тасига 682 гектар ер майдони ажратилишига, 78 таси муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишига эришилди. Масалан, “Самара бетакрор” масъулияти чекланган жамияти раҳбари К.Исмоиловнинг мурожаатига асосан унга мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун 400 миллион сўм кредит маблағлари ажратиб берилиши таъминланди.

Тадбиркорликни жадал ривожлантириш мақсадида “ноль” харид қийматида танлов асосида сотилган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят прокуратураси органлари томонидан бу борадаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида давлат мулки бўлмаган, шунингдек хусусийлаштирилган объектларда ўтказилган хатловларда жами 269 та объект бўш турганлиги аниқланди.

Бунинг сабаблари ўрганилганда, ушбу объектларнинг 205 таси молиявий муаммо, яъни маблағ йўқлиги, 27 таси фойдаланишга яроқсизлиги, 37 таси бошқа сабабларга кўра бўш турганлиги маълум бўлди. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун тегишли чоралар кўрилиши натижасида ушбу объектлардан 8 таси ишга туширилди, 158 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, 4 тасида янги ускуналар ўрнатилаяпти, 19 та тадбиркорлик субъектига 12 миллиард 156 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиб берилиши таъминланди. Масалан, “Барча йўналишлар савдоси” МЧЖга мева шарбатлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун 250 миллион сўм, “Нишон гранд савдо” МЧЖга бино ва иншоотларни капитал таъмирлаб, аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш учун 450 миллион сўм, “Қаш­қадарё агросервис” МТП МЧЖга қишлоқ хўжалиги техникаларига техник хизмат кўрсатиш, янги техникалар харид қилиш учун 1 миллиард 500 миллион сўм, “Умид” савдо-ишлаб чиқариш фирмасига ҳар ойда 350 минг дона пишиқ ғишт ишлаб чиқариш қувватига эга корхонани барпо этиш учун 600 миллион сўм кредит маблағлари ажратиб берилди.

Шунингдек, Қарши шаҳридаги “Зармас шифо” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти тўхтаб қолганлиги, унга тегишли бино таъмирталаблиги учун бўш турганлиги маълум бўлди. Шу сабабли жамият раҳбари Ю.Очилов вилоят прокуратурасига таклиф этилиб, у билан бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари учун яратилган имконият ва қулайликлар ҳақида суҳбат ўтказилиб, корхона фаолиятини қайта йўлга қўйиш таклиф қилинди.

Натижада “Зармас шифо” МЧЖ раҳбари Ю.Очилов фаолиятни тиклаш ва 60 та янги иш ўрни яратиш учун 1,2 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратишни сўраб “Ипак йўли банки”нинг вилоят филиалига тегишли ҳужжатларини топширди. Кўп ўтмай, мазкур тадбиркорлик субъектига кредит маблағлари ажратиб берилди.

Вилоят прокуратураси томонидан ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган бошқа қонун ҳужжатлари ижроси ҳам назорат қилиб борилмоқда. 2017-2018 йилларда Қашқадарё вилоятида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларининг кўрсаткичларини тасдиқлаш борасидаги ҳукуматимиз қарори ижросини таъминлаш мақсадида бу йил вилоятимизда 1 триллион 984,7 миллиард сўмлик 2757 та (саноат соҳасида 799 та, хизмат кўрсатишда — 1119 та, қишлоқ хўжалигида — 839 та) лойиҳа амалга оширилиши ва 21810 та иш ўрни яратилиши белгиланган. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунга қадар қиймати 1 триллион 287,3 миллиард сўмлик 1924 та лойиҳа амалга оширилиб, 11145 та янги иш ўрни яратилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 7 триллион 515,1 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 7,3 фоиз ўсишга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 11 февралдаги “2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури тўғрисида”ги Қарори ижроси ҳам ўрганилди. Вилоятимизда маҳаллийлаштириш Дастурига асосан 8 та корхонада 19 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

Дастур доирасида 2017 йилнинг биринчи ярмида умумий қиймати 894,1 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани, бунинг натижасида 227 минг АҚШ долларидан зиёд маблағ иқтисод қилиб қолингани маълум бўлди. Қарши шаҳридаги “Насаф металл”, “Истиқлол Тараққиёт Юксалиш” масъулияти чекланган жамиятлари жамоалари бу борада энг яхши натижага эришмоқдалар. Масалан, “Насаф металл” МЧЖда жорий йилнинг биринчи ярмида маҳаллийлаштириш Дастури бўйича маҳсулот ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичи 351,3 фоизга бажарилди. Белгиланган имтиёзларга кўра мазкур корхона фойда солиғи, ягона солиқ, мол-мулк солиғи тўловларидан озод қилинган. Бироқ вилоятимиздаги 6 та корхонада маҳаллийлаштириш Дастури бўйича маҳсулот ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичлари бажарилмасдан қолганлиги мавжуд имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланилмаётганини кўрсатади.

Хуллас, ҳудудларнинг жадал ривожланишини таъминлаш, юртдошларимизнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мавжуд муаммоларнинг тезкор ечимини топиш мақсадида ана шундай ишлар амалга оширилмоқда. Жорий этилган янги тизим самарадорлигини янада ошириш, Президентимизнинг талаб ва топшириқлари тўлиқ бажарилишини таъминлаш учун прокуратура органлари томонидан назорат тадбирлари изчил давом эттирилади.

Баҳодир ПЎЛАТОВ
Қашқадарё вилоят прокурори

12.10.2017

Медиатека

181100, Қарши шаҳар, Мустақиллик кўчаси, 5.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси