Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ФАХР-ИФТИХОРИМИЗНИНГ МУАЗЗАМ ТИМСОЛИ

Марказлашган буюк давлат асосчиси, енгилмас саркарда, адолатпарвар ҳукмдор, ташаббускор ислоҳотчи, улкан бунёдкорлик ишлари раҳнамоси, маданият ва маънавият ҳомийси, халқлар халоскори, доно сиёсатчи, узоқни кўра олган моҳир дипломат... Фахр-ифтихоримизнинг муаззам тимсоли Соҳибқирон Амир Темур ана шундай салоҳият ва фазилатлар соҳиби эди. Зеро, буюк инсонларнинг истеъдоди олмос каби серқирра бўлади.

Ўзбекистон истиқлолга эришгач, Амир Темур ҳа­қидаги асл ҳақиқатни рўёбга чиқариш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу улуғ зот ҳақида олти асрдан ошиқ вақт мобайнида турли жанрда минг­лаб асарлар яратилган.

Шуни қайд этиш лозимки, Амир Темурнинг ҳаёти ва дунё цивилизациясида тутган ўрнига доир тарихий ҳақиқат, асосан, икки сабабга кўра бузилган эди. Бунга, биринчидан, асл манбаларга, тарихий маълумотларга таянмай, бу улуғ зотнинг давлат бошқаруви салоҳиятини, саркардалик маҳоратини, ҳарбий санъатини, чин инсоний фазилатларини билмасдан, юзаки тасаввур ва асоссиз миш-мишлар таъсирида яратилган бадиий кўринишдаги асарлар, ривоятлар сабаб бўлган эди. Бундай асарларнинг асосий қисми ғарбда яратилган бўлиб, уларда тўғри ва нотўғри маълумотлар қоришиб кетган. Шу сабабли "Темур тузуклари"ни инглизчадан француз тилига таржима қилиб, 1787 йилда нашр этган француз олими Лянглэ Темур ҳақида шундай дегани бежиз эмас эди: "Темурхон (Темур) сиёсий ва ҳарбий тактика ҳақида рисола ёзган ва ўз авлодларига жуда доно тизим қолдирган. Биз буни тасаввур ҳам қилмаган эдик ва унинг урушларини босқинчилик ва талон-торож қилиш деб баҳолаб келган эдик. Деярли енгиб бўлмайдиган икки тўсиқ — биздаги таассуб ҳамда тарихий ноҳақлик Темурни билишимизга ва тўғри баҳолашимизга халақит бериб келди". Ўтган аср­ларда тарихни, асл ҳақиқатни билмасдан яратилган баъзи эртаксимон асарлар ҳам борки, улар ўқувчида Амир Темурга нисбатан меҳр-муҳаббатдан кўра ҳадик ва қўрқув уйғотган.

Соҳибқирон бобомиз ҳа­қидаги тарихий ҳақиқат бузилишининг иккинчи сабаби шу эдики, асл ҳақиқат ғаразли мақсадда, атайин сохталаштирилган. Биринчисини тушуниш мумкин: у даврларда ҳозиргидек тезкор ахборот алмашиш имконияти йўқ, оғзаки маълумот бир юртдан иккинчи юртга етиб боргунга қадар баъзан ер билан осмонча фарқ юзага келарди. Бироқ, иккинчи сабаб анчайин хавфли бўлиб, бу миллатнинг шаънига, унинг дунё миқёсидаги нуфузини йўққа чиқаришга қаратилган эди. Амир Темур ҳақидаги ҳақиқатни сохталаштириш, айниқса, собиқ Иттифоқ даврида, коммунис­тик мафкура тазйиқи билан авж нуқтага чиқди. Мақсад одамлар онгида Амир Темур золим ҳукмдор, иши бузиш ва халқлар бошига кулфат келтиришдан иборат бўлган, деган фикр ва тасаввурни шакллантириш эди. Мустабид тузум мафкурачилари ғаразли мақсадларига анча-мунча эришдилар ҳам. Шуниси ачинарлики, ҳукмрон мафкура тазйиқи остида Амир Темурга нисбатан нохолис муносабат, ҳа­қиқатга зид қарашлар бу улуғ инсон туғилиб ўсган юртда ҳам кузатилди. Маш­ҳур олимларимиздан бири, академик Иброҳим Мўминовнинг 1968 йилда нашр этилган "Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли" рисоласи ўз даврида жуда катта воқеа бўлган. Айтишларича, бунинг учун жасоратли олимнинг бошига маломат тошлари ҳам ёғдирилган...

Мустақиллик қўлга киритилгач, Амир Темур ҳақидаги асл ҳақиқатни тиклаш, унинг юртимиз ва жаҳон тарихидаги бемисл хизматларини рўёбга чиқариш, умуман, аждодларимиз меросини ўрганиш мақсадида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жуда катта саъй-ҳаракатлар бошланди. Олимларимиз илмий изланишлар, тадқиқотлар олиб бордилар, ўзимизда ва жаҳон кутубхоналарида сақланаётган ноёб тарихий манбалар чуқур ўрганилди ва имкон қадар оммага етказилди. Амир Темур тарихини ўрганиш бир инсон тарихини ўрганишдангина иборат эмас эди. Бу юрт ва миллат тарихини, ўзбек давлатчилиги тарихини, қолаверса, жаҳон тарихини ҳам ўрганиш эди. Шуниси эътиборлики, Соҳибқирон бобомизнинг шахсини идрок этиш, англаш, улуғлаш ўзлигимизни англаш билан уйғунлашиб кетди.

Бугун Ватанимизнинг янги тарихига назар ташласак, бу борадаги улуғ ишлар, муҳим воқеа ва саналар яққол кўзга ташланади. 1993 йилда Тошкентда, 1996 йилда Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темурга ҳайкаллар ўрнатилди. Соҳибқирон бобомиз таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан 1996 йил Ўзбекистонда "Амир Темур йили" деб эълон қилинди. "Амир Темур" ордени таъсис этилди, Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил этилди, пойтахтимизда Темурийлар тарихи давлат музейи барпо этилди.

1996 йили Парижда — ЮНЕСКО қароргоҳида "Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши" мавзуида кўргазма ташкил этилиб, унда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти нутқ сўзлади. Ўша йили Тошкентда жаҳоннинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли олимлар иштирокида Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Шу тариқа нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг кўпгина мамлакатларида ҳам бундай нуфузли анжуманларни ўтказиш анъанага айланди.

"Бизнинг тарихимизда Амир Темурдай улуғ сиймо бор экан, унинг қолдирган мероси, панду ўгитлари бугунги ҳаётимизга ҳамоҳанг экан, олдимизда турган муаммоларни ечишда қўл келаётган экан, бизнинг бу меросни ўрганмасликка, таърифламасликка ва тарғиб этмасликка ҳаққи­миз йўқ", деган эди Биринчи Президентимиз Ислом Каримов.

Амир Темурнинг тарих олдидаги хизматларини, ўзбек давлатчилигининг ривожланиш босқичларини, Соҳибқирон бобомиз ва темурийлар меросини ўрганишда, биз энг аввало, "Темур тузуклари", Низомиддин Шомийнинг "Зафарнома", Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома" деб номланган асарларига мурожаат қиламиз. Бу бебаҳо асарлар энг ишончли манбалардир. Мустақиллик туфайли халқимиз шу ва бошқа ноёб асарлардан баҳраманд бўлиб келмоқдалар. Умуман, дунё адабиётида ҳозирга қадар Амир Темур ҳақида яратилган тарихий, илмий, бадиий асарлар, тадқиқотларнинг рўйхати катта бир китоб бўлади.

"Темур тузуклари" Соҳиб­қирон бобомизнинг бой ҳаётий тажрибалари, унинг улкан давлатни барпо этиш ва бошқариш салоҳияти, ижтимоий-сиё­сий, диний, ахлоқий, фалсафий қарашларини ўзида мужассам этган ноёб асардир. Ушбу асарни ўқиб-ўрганар эканмиз, Амир Темурнинг жуда катта ҳудудни эгаллаган улкан давлатни қай тариқа барпо этгани ва бошқарганини, бунда қандай тамойилларга асосланганини, салтанатнинг ташкилий тузилишини, умуман, давлатнинг қудрати ва мустаҳкамлиги, халқнинг ҳукмдор ва амалдорлардан мамнунлиги нималарга боғлиқлигини англаймиз.

Асар бошиданоқ Амир Темур қандай ишга жазм этмасин, улуғ пирлари маслаҳатига амал қилиб, энг аввало, кенгаш, машварату маслаҳат, ҳушёрлигу мулоҳазакорлик билан иш тутганини алоҳида таъкидлайди. "Кенгаш" сўзи икки маънода: мустақил фикр юритиш ва қарор қабул қилиш ҳамда бошқалар билан маслаҳатлашиш маъносида қўлланилган. Бу эса давлатнинг бар­қарорлиги учун ҳам, ҳукмдорнинг мавқеи учун ҳам ниҳоятда муҳимдир. Қолаверса, бош­қалар билан маслаҳатлашиб, бирор ишга қўл уриш, салтанатни бошқариш бугунги тушунча билан айтганда, демо­кратиянинг кўринишидир.

Низомиддин Шомийнинг "Зафарнома" асари Амир Темур ҳаётлигида Соҳибқироннинг хоҳиши билан дунёга келган асардир. Бироқ, тарихчи олимлар ва адабиётшунослар ундан ҳам кўра Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома"сини юксакроқ баҳолайдилар. Бу асарлар XIV-XV асрларда Мовароуннаҳр ва бошқа ҳудудларда кечган воқеалар кўламини, мураккаб ижтимоий-сиёсий ҳаётни тушунишимиз ва ҳис қилишимизга ёрдам беради.

Буюк инсонлар, етук шахсларни тарихий зарурият юзага келтиради, дейишади. Амир Темурни ҳам ана шундай зарурият тарих саҳнасига олиб чиқди. У дунёга келганда хал­қи­миз бир асрдан ошиқроқ вақт­дан буён мўғуллар истилосидан азият чекиб келарди. Амир Темур болалигиданоқ буларнинг ҳаммасини кўриб улғайди. Унинг буюк инсон бўлиб етишишида теран фикрлаши, зеҳни ўткирлиги, илмга интилиши ва хотирасининг кучлилиги, азму шижоати муҳим аҳамият касб этган. Муқаддас Қуръони Каримни ёшлигиданоқ ёд олгани ҳам зеҳни ва хотираси нақадар кучли бўлганидан далолат беради.

Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Темурбек ўн икки ёшида тенгқурлари билан пошшо вазир ўйини ўйнар, ўзи подшо бўлар, бошқаларга бирор мансаб, вазифа топшириб, юрт бошқарар экан. У болалигидан орзу-мақсадларини рўёбга чиқара олди.

Тарихчи Хондамирнинг хабар беришича, 1350 йилнинг охирларида Мовароуннаҳр бир қанча бекликларга бўлиниб кетган, маҳаллий беклар ўзаро низо, жангу жадаллар билан овора эдилар. Шу боис, Мўғулистон хони Туғлук Темурхон 1360-1361 йилларда ягона ҳукм­дори йўқ юртимизга бостириб келганда бирлашиб, унга қарши чиқадиган куч топилмайди.

Амир Темур ана шундай вазиятда юрт халоскори сифатида майдонга чиқди. У ўз сўзи, азму шижоати билан ватанпарвар жангчиларни бирлаштира олди ва уларни юрт озодлиги сари курашга бошлади. 1370 йилда мамлакатимиз, умуман, Мовароуннаҳр тарихида янги саҳифа бошланди. Соҳибқирон Амир Темур давлат бошқарувини ўз қўлига олди. Самарқандни ўз салтанатининг пойтахти этиб белгилади. Хароба ҳолга келиб қолган мамлакатни ободонлаштириш, мазлум халқнинг қаддини кўтариш, илм-фан ва маданиятни ривожлантириш учун катта ишлар амалга оширила бошланди.

Юртимиз ўз тарихида кўп босқинчилик урушларини кўрган. Агар давлат ҳар жиҳатдан кучли бўлмаса, муқаддас заминимизга бостириб келган душманга бас кела олмайди. Амир Темурнинг шундан ке­йинги зафарли юришлари мамлакатларни бирлаштириб, марказлашган, қудратли давлат барпо этишга, шу тариқа ўзаро урушларга барҳам бериб, миллатидан, динидан қатъи назар, халқларнинг тинч-тотув яшашини таъминлашга қаратилган эди. Уч йиллик, беш йиллик, етти йиллик зафарли юришларидан ҳам кўзланган мақсад аслида шу эди. У ҳарбий юришларида ҳам, салтанат ишларини бошқаришда ҳам "Куч — адолатда" деган шиорга амал қилди. Имкон қадар юртларни тинч йўл билан бирлаштириш, қилични қинидан суғурмаслик чораларини излади. Шу боис у 27 мамлакатни ўз ичига олган улкан давлатни барпо эта олди, мағлубият нималигини билмади, мазлум халқлар ҳурмат-эъзозига сазовор бўлди.

Тарихий манбалардан маълум бўладики, Амир Темурнинг юришлари баъзи мамлакатлар учун халоскорлик аҳамиятига эга бўлди: мўғулларнинг Хитойга солаётган хавфини бартараф этди. Олтин Ўрда ҳоқони Тўхтамишхон билан 1391, 1395 йилларда олиб борилган улкан жанглар Россияни мўғуллар зулмидан халос қилди. Султон Боязид устидан қозонилган ғалаба эса Европани усмонлилар истилосидан қутқариб қолди, уни Европа халоскорига айлантирди. Буни француз тарихчиси Рене Груссе ҳам эътироф этиб, "Амир Темурнинг Боязид устидан ғалабаси христиан оламини асраб қолди", деб ёзган эди.

Амир Темурнинг бунёдкорлик ишлари ҳақида сўз кетганда, хорижлик баъзи муаллифлар унинг бу борадаги фаолияти ўзи туғилиб ўсган юртни ободонлаштиришга, халқнинг ҳаёт тарзини яхшилашга қаратилганини таъкидлайдилар. Буюк ҳукмдорнинг хоҳиши ва саъй-ҳаракати билан салтанат пойтахти ва юртимизнинг бош­қа шаҳарларида бемисли бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани рост. Бироқ Амир Темур ўз туғи остида бирлаштирган улкан ҳудудни ягона давлат сифатида кўриб, бошқа жойларда ҳам кенг кўламли қурилиш ишлари амалга оширилишига эътибор қаратган. Масалан, муаррих Шарафиддин Али Яздий Кавказ атрофида Бойлақон шаҳри қурилиши ҳақида қуйидаги сўзларни ёзиб қолдирган: "Ҳазрат Со­ҳиб­қирон Бойлақонни таъмир этмак доъияси муборак хотиридан ўтди. Ул шаҳар муддати мадидким вайрон бўлиб, не бир иморати ва не бир жонивору ҳашорати бор эрди. Ул сарзаминида махсус ёрлиқ била хуш раво муҳандислар ва кордон меъморлар шаҳар тарихиға машғул бўлдиларким, анинг ҳандақи ва тўрт бозори ва бисёр эвлари ва ҳаммому карвонсаройи ва майдонию боғи ва ғайруҳини асос этиб андоза қилдилар. Ва таноб тортиб шаҳзодалару беклар ани тақсимладилар. Черик тамоми жадди бирла ишга маш­ғул бўлдилар. Ул иморатларнинг барчаси пишиқ ғиштдан бир ой муддатда тамом этилди..." Шарқшунос олим В.Бартольд эса "Темур гўё Самар­қанддан бошқа ҳамма ерда вайронгарчилик билан шуғулланган, деган фикр муболағали: у Кобул водийси ва Муған чўли каби Самарқанддан узоқ бўлган жойларда улкан суғориш ишлари олиб борди", деб эътироф этган эди.

Соҳибқирон Амир Темур улкан давлат раҳбари сифатида Шарқ ва Ғарб мамлакатлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Бу борада унинг моҳир дипломатлиги ҳам намоён бўлди. У Испания, Франция, Англия қироллари саройларига элчилар жўнатди, мактублар йўллади, улардан мактублар олди. Ўз навбатида кўплаб мамлакатлар элчилари ҳам унинг салтанатига ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш учун ташриф буюриб туришар эди.

Тарихий манбалардан маълум бўладики, буюк давлат арбоби Амир Темур халқ билан мулоқотга, бечораҳол кишиларга ёрдам кўрсатишга, одамларнинг арз-додини тинглашга, айбдорларга ҳам, жабрланганларга ҳам адолат кўрсатиб, ҳақиқатни қарор топтиришга жуда катта эътибор берган. Буни "Темур тузуклари"даги қуйидаги сўзлардан ҳам билиш мумкин: "Раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мижозидан воқиф бўлиб турдим. Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакатнинг аҳволини, сипоҳу раият кайфиятини, туриш-турмушларини, қилиш-қилмишларини, булар ўрталаридаги алоқаларни ёзиб, менга билдириб туриши учун диёнатли, тўғри қаламли кишилардан воқеанавислар белгиладим..." Соҳиб­қирон бобомизга хос бундай эзгу амаллар бугунги кунда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан янгича кўриниш, янгича мазмунда давом этаётгани, 2017 йил "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилингани халқимизни беҳад мамнун этиб, эртанги кунга бўлган ишончни оширмоқда, барча соҳаларда янада яхшироқ натижаларга эришишга руҳлантирмоқда.

Баҳодир ПЎЛАТОВ,
Қашқадарё вилоят прокурори

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 14-сони, 06.04.2017 йил

07.04.2017

Медиатека

181100, Қарши шаҳар, Мустақиллик кўчаси, 5.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси