Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

КУН ТАРТИБИДАГИ ЭНГ МУҲИМ ВА ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш, биринчи навбатда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтириш прокуратура органлари олдида турган долзарб вазифалардан саналади.

Хусусан, туман иккинчи сектори томонидан ҳудудни жадал иқтисодий ривожлантиришда уларнинг табиий ва иқтисодий салоҳияти, қурилиши тугалланмаган объектлар, бўш турган ишлаб чиқариш ва ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, хизмат кўрсатишни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирларнинг амалий ечимига асосий эътибор қаратилмоқда.

Уйма-уй юриб, учрашувлар асосида ҳудуддаги аҳолининг энг муҳим ва долзарб муаммоларини аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф қилиш юзасидан аниқ чоралар кўрилмоқда. Хусусан, уй-жой коммунал ва йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови, архитектура, арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, намунавий маҳалла ва хусусий уй-жой мулк­дорлари ширкатларини шакл­лантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тадбирлар белгиланди. Жумладан, ҳудуддаги кам таъминланган, моддий ёрдамга муҳтож, оиласида ногирони бор, хонадонлари таъмирталаб аҳволдаги оилалар аниқланди ва рўйхати шакллантирилиб, уларга ташаббускор тадбиркор ва фермер хўжаликлари ҳомий қилиб бириктирилди.

Шунингдек, 4 та оилага қорамол олиб берилди. 7 та оиланинг турар жойини таъмирлаш ва яшаш шароитларини яхшилаш учун 28 млн. сўмлик қурилиш материаллари олиб берилди. 3 та оилага парранда сотиб олиши учун маблағ ажратилиб, 15 та оилага 39,9 млн. сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Қолаверса, ҳудуд бўйича 32 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, 26 та кам таъминланган эҳтиёжманд оилага эса маиший техника воситалари берилди.

Албатта, сектор фаолияти фақат аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан чекланиб қолмаган. Ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. 15 нафар давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган фуқаролар аниқланиб, туман ДСИ ходимлари билан биргаликда улар "Ягона дарча" маркази орқали тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Бандлик муаммоларини ҳал қилиш ҳам диққат марказимизда. 18 нафар фуқаро "Хонқа чевар" МЧЖга, 33 нафар фуқаро тумандаги фермер хўжаликларига ишга жойлаштирилди. Айрим ишсиз фуқаролар тумандаги корхона ва ташкилотлар томонидан тақдим қилинган бўш иш ўринлари билан таништирилиб, ишлашни хоҳловчи фуқароларга иш таклиф қилинмоқда.

Ҳудуддаги умумтаълим мактабларининг моддий-техник таъминоти ҳам таҳлил қилинди. 3-сонли мактабда спорт зали йўқлиги, 24- ва 35-мактаблар капитал таъмирга муҳтожлиги аниқланди. 35-мактаб 2018 йил ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилди. 24-мактабда 67 млн. сўмлик жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Сектор ҳудудида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш чоралари белгиланди. Битта электр подстанцияси ва 55 та трансформатор инвентаризация­дан ўтказилди. Шу асосда 3 та трансформатор таъмирланиб, биттаси янгисига алмаштирилди. Шунингдек, 115 та аҳоли хонадонлари давлат кадастр рўйхатидан ўтказилди. Табиий газ тармоқларидан ажратилган 3900 хонадонга суюлтирилган газ етказиб бериш назоратимизда. Ушбу хонадонларга белгиланган график асосида кўмир ва брикетланган кўмир етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, "Олчин" маҳалласида 0,6 километр узунликдаги ички йўллар таъмирланди.

Ҳамидбек ЯВБАСАРОВ,

Хонқа туман прокурори

Манба: “Ҳуқуқ” газетаси, № 7, 15.02.2018 й

15.02.2018

220100, Урганч шаҳар, Хонқа кўчаси, 24.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси