Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Баркамол авлод тарбияси йўлида

Соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш юртимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда "Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт", деган эзгу ғоя асосида юксак замонавий талабларга жавоб бера оладиган, янгича фикрлайдиган, мамлакатимиз келажаги тақдирини ишониб топшириш мумкин бўлган ёш мутахассислар тайёрланмоқда.

Ўзбекистонда замонавий таълим тизимини шакллантириш ва юксак малакали кадрларни тайёрлаш ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий тараққиётнинг асосий омилига айланди. Мамлакатимизда кадрлар тайёрлашнинг ноёб тизими яратилди. Бугун 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизимига ўтилди ҳамда таълим тизимининг узлуксизлиги таъминланди.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда таълим тизимини тубдан янгилаш ва ислоҳ этиш бўйича мамлакатимизда фаолият кўр­сатаётган мактабларнинг деярли барчаси янгидан қурилди, капитал реконструкция қилинди ва замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан таъминланди, янги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар барпо этилди ҳамда уларнинг моддий-техник ва ўқув-методик базаси мустаҳкамлаб борилмоқда.

Албатта, фахр билан айтишимиз мумкинки, ер юзида юртимиз каби ёшларга давлат сиёсати даражасида юксак эътибор қаратилиб, барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилган, ҳуқуқ ва имтиёзлари ҳар томонлама кафолатланган мамлакат топилмаса керак. Бундай беқиёс имкониятлардан самарали фойдаланаётган кўплаб йигит-қизлар ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, муваффақиятга эришмоқдалар. Ўз салоҳияти, иқтидори билан Ватанимиз иқтисодиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшишга эришмоқдалар.

Бироқ, баъзан ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиш, билим олиш ўрнига вақтини беҳуда ўтказаётган ёшлар ҳам борки, улар ҳақида гапириш кўнгилга ғашлик солади.

Умумтаълим мактаблари ва академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар таълими муассасаларида давомат тадбирларини ташкил этиш бўйича Наманган вилоят прокурорининг алоҳида фармойиши қабул қилинди. Унга кўра, вилоят прокуратурасида 2 та, туман ҳамда шаҳар прокурорлари томонидан 1 тадан ишчи гуруҳлари шакллантирилди. Улар зиммасига давоматни ўрганиш, бириктирилган вакиллар фаолияти самарадорлигини таҳлил этиб бориш вазифаси юклатилди.

Давомат борасидаги ҳисоботларининг ҳаққонийлигини ўрганиш мақсадида вилоят прокуратураси, ҳарбий прокуратура ва СВОЖЖДЛҚК департаменти вилоят бошқармаси ходимлари томонидан 118 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг барчасида рейдлар ўтказилмоқда.

Давомат пастлиги кузатилган Норин ва Поп туманларидаги таълим муассасалари раҳбарларининг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилди. Шунингдек, вилоят прокуратураси томонидан давоматни яхшилаш ва ўқувчиларни таълимга қайтариш мақсадида 1212 нафар ота-она билан суҳбатлар ўтказилди. 50 нафар таълим муассасаси ходими интизомий, 535 нафар ота-она МЖтКнинг 47-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилди ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали мавзуга оид 12 та тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, 2017 йилнинг 3 ойида вояга етмаганларга оид қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар натижасига кўра 600 дан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 307 нафар шахс интизомий, 115 нафари маъмурий ва 7 нафари моддий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 8 та жиноят иши қўзғатилди ҳамда 214 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

"Камолот" ЁИҲ билан ҳамкорликда "Никоҳ ёши ва унинг атрофидаги муаммолар" номли ролик тайёрланиб, барча касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқувчилар ва ота-оналарга намойиш этилди. Коллежни тамомламасдан турмушга чиққанлиги аниқланган 329 нафар ўқувчи қизларнинг оила аъзолари билан шахсан прокурорлар иштирокида суҳбатлар ўтказилиб, улар таълимга қайтарилди.

Бундан ташқари, Норин туман прокурори ташаббуси билан мактабларда ташкиллаштирилган "Ёш маънавиятчи-тар­ғиботчилар" гуруҳлари вилоят бўйича оммалаштирилиб, иқтидорли ўқувчилар ушбу гуруҳларга жалб этилди.

Шунингдек, вилоят прокуратураси ташаббуси билан "Таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш ва соғлом муҳитни шакллантириш бўйича амалий қўлланма" ишлаб чиқилиб, умумтаълим мактабларида ўқувчиларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат, юртга садоқат ва қонунларга итоаткорлик руҳида тарбиялашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича бир қатор семинарлар ўтказилди. Мазкур саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан вояга етмаганлар жиноятчилиги камайишига эришилди.

Ўқувчилар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларининг асл сабабларини ҳам таҳлил этиб бормоқдамиз. Натижаларга кўра, аниқланган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида "Шахс суицидиал хулқининг психодиагностикаси ва коррекцияси" номли амалий қўлланма ишлаб чиқилиб, республика миқёсида оммалаштирилди ҳамда Халқ таълими ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида фойдаланиш учун тавсия этилди.

Бундан ташқари, вилоят прокуратураси ташаббуси билан Наманган шаҳридаги 15-умумтаълим мактабида фаолият юритаётган тўгараклар тарғиботи бўйича семинар ўтказилди. Ушбу тўгараклар фаолияти ижобий баҳоланиб, ҳар бир туманда, асосан, диний экстремистик оқимга хайрихоҳ оилалар фарзандлари кўп бўлган 3 тадан мактабларда дурадгорлик, тикувчилик, пазандалик ва спорт тўгараклари ташкил этилди.

Бугун "Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган афзал", деган мақолнинг бежиз айтилмаганига ҳар қадамда иқрор бўлмоқдамиз. Шу маънода, вилоят прокуратураси ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали ва драма театри билан ҳамкорликда "Хато" номли спектакл саҳналаштирилди. Унда одам савдосининг аянчли оқибатлари, пул топаман деб чет элга чиқиб кетган ёшларнинг фожиали тақдири акс этган бўлиб, бундан кўзланган мақсад ёшларни бу иллат домига тушиб қолишдан асраш, уларни огоҳликка чорлашдир. Ушбу спектакл вилоятдаги барча коллежларда намо­йиш этилди.

Шунингдек, ўқувчи-ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар кучайтирилиб, вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳар бир жиноятнинг асл сабабларини ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш йўлга қўйилди.

Таълим муассасалари, соғ­лиқни сақлаш тизими, маданият ва спорт ишлари, меҳнат органлари, прокуратура, ички ишлар, адлия ва мудофаа органлари тизимининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишдаги иштироки янада кенгаймоқда. Демак, бу ўта муҳим ва долзарб, асло бефарқ қараб бўлмайдиган жараёнки, қалбида шу юрт ишқи билан яшаётган ҳар бир инсон буни чин дилдан ҳис этмоғи тайин.

Баҳромжон ИРМАТОВ,
Наманган вилоят прокурорининг
биринчи ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 19-сони, 11.05.2017 йил

12.05.2017

Медиатека

160136, Наманган шаҳар, Сирғали
кўчаси, 18.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси