Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Мақсадимиз — қонун устуворлигини таъминлаш

Наманган вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Баҳодир УМАРОВ билан мулоқот

— БАҲОДИР АБДОМИТОВИЧ, аввало, Республикамиз Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони ва унинг ижросини таъминлаш борасида прокуратура органларининг роли ва ўрни ҳақида тўхталсангиз.

— Мазкур Фармон мазмун-моҳиятига кўра, жуда кенг қамровли яъни мамлакатимизнинг келажаги, жамиятимиз ва давлатимизнинг кейинги беш йилдаги барқарор ривожланиши ва тараққиётини белгиловчи муҳим ҳужжат дейиш мумкин. Негаки, у Президентимиз томонидан жуда пухта ўйлаб, узоқни кўзлаб қабул қилинган. Бундай дейишимнинг боиси, давлатимиз раҳбари ўзининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ва Олий Мажлис палаталари қўшма мажлиси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузалари, шунингдек, кейинги вақтларда Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарорларда мазкур Фармон мақсади ва йўналиши ўз ифодасини топган эди. Шулардан келиб чиқиб, Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши белгиланган.

1. Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш;

2. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;

3. Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш;

4. Ижтимоий соҳани ривожлантириш;

5. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсатни юритиш.

Фармон ижросини таъминлашда прокуратура органларининг роли ва ўрнига келсак, бешта устувор йўналишнинг ҳар бир бандини оғишмай, тўғри амалга оширилишида қонун устуворлигини таъминлашдан иборатдир. Зеро, Ҳаракатлар стратегиясида, энг аввало, фуқароларнинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини ҳи­моя қилиш ҳамда беш йил давомида мамлакатимизни барқарор ривожланиб боришини таъминлаш кўзда тутилган. Президентимиз ташаббуси билан бошланган бу эзгу мақсадни оғишмай амалга ошириш прокуратура органлари ходимлари зиммасига ҳам жуда катта масъулият юклайди.

— Президентимиз Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида ҳамда прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган йиғилишдаги маърузасида жорий йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилишини алоҳида таъкидлади. Бу борада вилоятда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Давлатимиз раҳбари “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши лозим”, дея юқори минбарлардан туриб бир неча бор таъкидладилар ва давлат идораларининг барча раҳбарларидан шунга амал қилишни талаб қилмоқдалар. 2017 йил — “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилингани, мамлакатимизнинг барча шаҳар, туманларида “Халқ қабулхоналари” фаолият кўрсатаётган мамлакатимизда инсон манфаати, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият эканлигининг ёрқин ифодасидир. Президентимиз ташаббуси билан бошланган бу саъй-ҳаракатлар барча давлат идораларининг юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашини мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Бир сўз билан айтганда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Президентимиз томонидан ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идоралар олдига қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида шу йил январь ойида Наманган шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Давлат солиқ қўмитаси раиси ва Ички ишлар вазири иштирокида тадбиркорлар ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқаролар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари раҳбарлари, туман, шаҳар ҳокимлари, ички ишлар бўлим бошлиқлари, прокурорлари, “Ягона дарча” маркази мудирлари ҳамда 160 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди. Республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарларининг ўзлари келиб, халқ билан жонли мулоқот ўтказгани бизнинг зиммамизга янада катта масъулият юклади. Шундан келиб чиқиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар ва фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилишда қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ­фаолиятимизни янада жонлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқдик. Ана шу мақсадда вилоят прокуратураси ва СВОЖЖДЛҚК Департаменти вилоят бошқармаси ўртасида қўшма фармойиш қабул қилинди. Унга кўра, прокуратура ва департамент раҳбар ходимларининг сайёр қа­булларини ташкил қилиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш режаси ишлаб чиқилган. Натижада барча туман ва шаҳарларда учрашув ва мулоқотлар ташкил этилиб, юридик ва жисмоний шахсларга мавжуд муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Қолаверса, янги иш ўринлари яратиш ва янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш бўйича 400 дан зиёд рўйхат шакллантирилди. Айни пайтда уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш юзасидан мунтазам назорат ўрнатилган.

— Бундай ибратли ишлар амалга оширилаётгани яхши. Лекин Вилоятда давлат бошқарув ва назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига йўл қўйиш, турли бюрократик тўсиқлар яратиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди.

— Дарҳақиқат, бундан кўз юмиб бўлмайди. Бинобарин, вилоят прокуратураси органлари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари йўлидаги ғовларга чек қўйиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялашга оид қонунлар, Ҳукумат қарорлари ва бошқа норматив- ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур соҳада 2016 йилда ўтказилган текширишлар натижасида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини поймол этиш билан боғлиқ 1015 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Шунингдек, хизмат кўрсатувчи ташкилотларда тадбиркорлик субъектлари мурожаатлари ҳал қилинишининг қонунийлиги ўрганилганда ҳам бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аён бўлди. Масалан, “Мўл ҳосил барака” фермер хўжалиги раҳбари М.Қосимованинг электр тармоғига тайёр ҳолда уланишни сўраб, 2016 йил 24 июнда “Ягона дарча” марказига қилган мурожаати шу куни “E-IJRO” тизими орқали Уйчи туман электр таъминоти корхонасига юборилган. Бироқ мазкур мурожаат корхона раҳбари томонидан корхона катта устаси О.Жаббаровга ижро этиш учун топширилган. Лекин у давлат хизматлари кўрсатиш муддати ва тартибини бузиб, 2016 йил 5 июлда, яъни 6 кун кечиктириб “Ягона дарча” марказига расмийлаштирилган шартнома ўрнига бланкасини юборган ҳамда тадбиркорнинг ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлган. Шу боис вилоят прокуратураси томонидан О.Жаббаровга нисбатан МЖтКнинг 2419-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилди.

Шунингдек, ўтказилган текширишларда тадбиркорлар ҳуқуқларига зид қарорлар қабул қилиш ҳолатлари ҳам аниқланди. Жумладан, Наманган шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари З.Исоқовнинг 2016 йил 18 августдаги қарори билан “ўайрат-Н ЛТД” МЧЖ раҳбари О.Қорабаев бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка тақдим этмагани учун МЖтКнинг 175-моддаси 7-қисми билан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима жазосига тортилган. Мазкур модданинг 7-қисмида ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такроран содир этганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробаридан 10 баробаригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Бироқ О.Қорабаев муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаган бўлса-да, уни содир этган ҳуқуқбузарлиги МЖтКнинг 175-моддаси 7-қисми билан нотўғри малакаланиб, қарор қабул қилинган ва О.Қорабаевдан 260.480 сўм ортиқча жарима ундирилган. Пировардида, шаҳар прокуратураси томонидан мазкур қарорни қонунга мувофиқлаштириш ҳақида протест келтирилди.

Бундан ташқари, ўрганишлар жараёнида яна бир ачинарли салбий ҳолат, яъни айрим шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан фуқароларга ер майдонлари ноқонуний ажратиб берилаётгани маълум бўлди. Хусусан, Тўрақўрғон туман ҳокимининг 2012 йил 23 июндаги 433-сонли қарорига асосан “Шамс тож файз” МЧЖга автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси қуриш учун 1.0 гектар ер майдони ажратилган бўлса-да, ўрганиш кунига қадар қурилиш ишлари амалга оширилмаганлиги аниқланди. Шунингдек, Наманган шаҳар ҳокимининг 2016 йил 11 ноябрдаги 911-сонли қарори билан Наманган шаҳар, “Орзу” аҳоли яшаш массивидаги 2,4 гектар ер майдони 0,04 гектардан 41 дона ер участкаси мерос қолдирадиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан якка тартибда уй-жой қуриш учун “Ким ошди” савдоси орқали сотиш учун ажратиб берилган. Мазкур қарор чиқарилишида “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” давлат унитар корхонаси бош лойиҳа-қидирув ташкилоти билан келишилмаганлиги ва бошқа талабларга амал қилинмаганлиги сабабли шаҳар ҳокимининг юқоридаги қарорини бекор қилиш юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан протест келтирилди.

Янгиқўрғон туман, “ўовазон” фермер хўжалиги раҳбари И.Бобомирзаев хўжаликнинг 4,3 гектар ер майдонини 29 нафар фуқарога якка тартибда уй-жой қуриш учун 88,7 миллион сўмга сотиб, ҳужжат қилиб беришни ваъда қилиб, ўзгаларни жуда кўп миқдордаги мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланди. Оқибатда фермерга нисбатан 2017 йил 16 январда Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28, 211-моддасининг 2 қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Вилоятимизда қонуний фаолият юритаётган, яратиб берилаётган қулай имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўзига ҳам, давлатга ҳам наф келтираётган юридик ва жисмоний субъектлар кўпчиликни ташкил қилади. Бироқ юқоридаги каби суиистеъмолчилик ҳолатлари ғоят ачинарли.

Хулоса шуки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бундан буён эскича ишлаб, яшаб бўлмайди, ҳар бир давлат ташкилоти ходимидан тортиб раҳбарларигача ўз фаолиятини тубдан ислоҳ қилиши, халқ орасида бўлиши лозим.

Суҳбатдош: Абдуҳошим МАДАТОВ, 
“Инсон ва қонун” мухбири

Манба: insonvaqonun.uz

27.03.2017

Медиатека

160136, Наманган шаҳар, Сирғали
кўчаси, 18.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси