Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ҚОНУНИЙЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ — УСТУВОР ВАЗИФА

Истиқлол йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларининг ҳуқуқлари, фаолияти қонун билан ҳимоялаб қўйилган. Шу боис, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш кўрсаткичи йил сайин сон ва сифат жиҳатдан яхшиланиб бормоқда. Бироқ айрим ер эгалари, бу соҳадаги масъул айрим мутасаддилар орасида қонунни унутиб қўяётганларнинг борлиги ачинарлидир.

Наманган вилоят прокуратураси органлари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида қо­нун бузилиши ҳолатларига чек қўйиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда асосий эътибор пахта ва ғалла экиладиган майдонлар мониторингини мунтазам ўтказиб бориш, ер ажратишдаги суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш, гидротехника, мелиорация иншоотлари ҳамда қиш­лоқ хўжалиги техникасини ишлатишда хўжасизлик, минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари талон-торожига барҳам бериш, фермерларнинг ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилишга қаратилмоқда.

Ернинг ҳар бир қаричини қадрлаган инсон ундан унумли фойдаланишга интилади. Аммо барча мутасадди ва фермерлар ҳам буни яхши анг­ла­моқда, деб бўлмайди. Ўтказилган назорат тадбирлари давомида вилоят бўйича 1107,5 гектар экин майдонларидан ноқонуний ва мақсадсиз фойдаланилаётгани, 1182,5 гектар ер майдони ноқонуний ажратилгани аниқланди. Бу ерлар захира фондига қайтарилди ва айбдорларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

Мисол учун, Тўрақўрғон туманидаги "Исмоилов Султонмурод" фермер хў­­жа­лиги раҳбари Б.Исмоилов 2016 йил ҳосили учун чигит эки­лиши режалаштирилган 12,5 гектар майдонга шоли экиб, давлатга 34,2 тонна, яъни 40 миллион сўм­лик пахта хомашёсини етказиб бериш имкониятини йў­қотган. Фермер нафақат давлат манфаатларига жиддий зиён етказган, балки 12,6 млн. сўмлик имтиёзли кре­дит маблағларини ҳам қонунга зид тарзда ўзлаштирган.

Уйчи туманидаги "Н.Абдуллаев" сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудининг собиқ ер тузувчиси А.Тўхтабоев ва "Илм маскани" фермер хўжалиги раҳбари А.Ҳа­мидов ўзаро жиноий тил бириктириб, фермер хўжалигига қарашли 1,02 гектар экин майдонини 16 нафар фуқарога сотиб юборишган. Албатта, текинга эмас, жиноий шериклар ер эвазига фуқаролардан 20 миллион сўм ва 67000 АҚШ доллари олишган. Фуқароларни ерга доир ҳужжатларни ким ошди савдоси орқали расмийлаштириб берамиз, дея ишонтирганлар ва бундай жиноий қилмишларини собиқ А.Мўминов номли жамоа хўжалигининг 1998 йил 19 декабрдаги фуқароларга уй-жой учун ер ажратиш ҳа­қидаги қарорини сохталаштириш орқали яширмоқчи бўлишган.

Албатта, бу шахсларга нисбатан Ўз­бе­кис­тон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилди ва тегишли жазо чоралари кўрилиши таъминланди.

Шунингдек, фермер хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш, фермерларни қўл­лаб-қувватлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳи­моя қилиш масалалари ҳам доимий эътиборимизда. Вилоят прокуратураси органлари томонидан фермер хўжаликларига 287,2 миллион сўм кредит, 122 миллион сўм иш ҳақи, 45,9 миллион сўм нақд пулларни олишда ҳамда 289,8 миллион сўмлик дебитор қарзларни ундиришда амалий ёр­дам кўрсатилди. 52 та фермер хў­жалигининг давлат рўйхатидан ўтиши ва банкда ҳисоб рақами очилиши таъминланди.

Сув ресурслари, гидротехника ва мелиорация иншоотларидан фойдаланишда исрофгарчилик ва хўжасизлик ҳолатларининг олдини олишда ҳам сезиларли натижаларга эришилмоқда. Ўтказилган назорат тадбирлари давомида 129 миллион сўмлик ирригация иншоотлари ва шу мақсадда ажратилган бюджет маблағларининг талон-торож қилинганлиги аниқланиб, етказилган зарар тўлиқ ундирилди.

Сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёнида минерал ўғитларнинг аҳамияти катта. Аммо ўғитлар фермерга эмас, бош­қаларга сотиб юборилса, бу эл ризқига хиёнат қилиш билан баробардир. Мазкур йўналишда прокуратура органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида вилоятда 235 миллион сўмлик 296,9 тонна минерал ўғит талон-торож қилинганлиги аниқланди ҳамда 9 та жиноят ишлари қўзғатилиб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Масалан, Чортоқ туманидаги "Наманган кимё савдо" МЧЖга қарашли 1-сонли дўкон мудири К.Умаров 9 турдаги 28 миллион сўмлик минерал ўғитни нақд пулга сотиб юбориб, бу маблағни дў­кон кассасига кирим қилмасдан, ўз манфаати йўлида ишлатиб юборган. Тергов давомида К.Ума­ров томонидан етказилган зарарлар тўлиқ қопланганлиги инобатга олиниб, унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ярашув билан тугатилган.

Таъкидлаш ўринлики, ке­йинги йилларда мамлакатимизда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчилик ҳам қишлоқ хўжалигининг энг сердаромад йўналишлари сифатида ривожланиб бормоқда. Бу борада қа­бул қилинаётган ҳужжатлар ижросини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Биргина ўтган йилда мазкур тоифадаги хўжаликларда 53,4 минг тонна гўшт, 191,8 минг тонна сут, 201 миллион дона тухум, 92 тонна асал, 954 тонна балиқ ва 820 тонна жун етиштирилгани фикримиз далилидир. Лекин мазкур йўналишларда ҳам айрим қонун бузилиши ҳолатлари йўқ эмас. Ўтказилган текширишлар натижасига кўра, 100 дан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди.

Маълумки, республикамизда тўлов интизоми ва иш ҳақи берилиши борасида ҳукумат қарорлари қабул қилинган бўлиб, улар асосида иш юритиш фаолиятнинг шаффофлигини таъминлайди. Бироқ айрим хўжалик юритувчи субъ­ектлар, корхона ва ташкилотлар томонидан бу борада қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилаётганини қандай изоҳлаш мумкин?! Масалан, "Агробанк"нинг Мингбулоқ тумани филиали мансабдор шахслари 2014-2015 йилларда туман ҳокимининг қарорига асосан ер ижара шартномалари бекор қилинган 12 та фермер хўжалигига 2015 йил пахта ҳосили етиштириш учун 342 миллион сўм имтиёзли кредит расмийлаштириб, бу маблағларни мазкур хўжаликнинг аввалги йиллардаги имтиёзли кредитлардан бўлган қарздорлигини қоплашга йўналтиришган. Янги ажратилган 315 миллион сўм кредитлар эса филиалнинг мижозлари бўлган бошқа 44 та фермер хўжалигига 2016 йил пахта ҳосили етиштириш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланган.

Бундан ташқари, 2015 йил пахта ҳосили учун ажратилган кредит маблағларидан 2014 йил ажратилган худди шундай кредитларни қоплашга 617 миллион сўм, жами 2 миллиард 27 миллион сўм маблағлар йўналтирилиши оқибатида 1 миллиард 474 миллион сўм кредит маблағлари қайтарилмаганлиги аниқланиб, суд ҳукми билан суиистеъмолчиликка йўл қўйган банк мансабдор шахсларига нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланди.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ҳар қандай соҳа вакили қонунга суяниб иш тутса, асло хатога йўл қўймайди. Деҳ­қон, фермер ва бу соҳада фаолият юритаётган мутасадди идоралар раҳбарлари ҳамда ходимлари қонунларга итоат этиши уларнинг ҳам, жамиятнинг ҳам ютуғидир.

Баҳодир УМАРОВ,
Наманган вилоят прокурори

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 28-сони, 13.07.2017 йил

14.07.2017

Медиатека

160136, Наманган шаҳар, Сирғали
кўчаси, 18.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси