Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

САМАРАЛИ ВОСИТА

Бугун ҳар биримиз «ҳуқуқ», «қадр-қиммат», «ғурур» деган тушунчаларнинг моҳияти ва қадрини теран англаб етдик. Бинобарин, юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон, унинг манфаатларига чуқур ҳурмат-эҳтиром мужассамдир.

Аёнки, аҳоли кенг қатламида, хусусан, ўсиб келаётган авлод вакилларида ҳуқуқий билим ҳамда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш орқали кучли фуқаролик жамияти барпо этилади. Қонунларнинг ижро механизми, табиийки, жамиятнинг ҳуқуқий маданиятига ҳам бевосита боғлиқ. Шу маънода, мустақиллик йилларида жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масаласига устувор аҳамият қаратилиб, бу борада кенг қамровли тизим яратилди. Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эса юртимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқу­қий билимлар тарғиботини яхшилашдек муҳим вазифалар билан чуқурроқ шуғулланиш имконини берди.

Юртимизда аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтиришда оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот-коммуникация техноло­гия­ларидан самарали фойдаланиш, бу ишга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди.

Жойларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликда мунтазам ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Давлат ва жамият тараққиётига дахлдор ушбу масалада фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик айни муддао бўлаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Бугун ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар, хусусан, прокуратура органларининг интернетдаги сайтларида ҳам ҳу­қуқий ахборот олиш ҳамда маълумотларга кенг ўрин ажратилаётгани эътиборга сазовор.

Наманган вилоят прокуратураси органлари томонидан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларни қонунларга ҳурмат ва қонун устуворлигига ишонч руҳида тарбиялаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2016 йил мобайнида қонунчилик тарғиботи бў­йича жами 5674 та тарғибот тадбирлари ўтказилди. Оммавий ахборот воситалари ор­қали 1300 та, Бош прокуратуранинг веб-сайтида 14 та ҳамда бошқа веб-сайтларда 15 та чиқишлар ташкил этилди.

Мазкур тарғибот тадбирлари доирасида Наманган вилояти телера­дио­ком­пания­си ҳамда Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали ва комедия театри ходимларини жалб этган ҳолда "Прокурор назорати" номли ҳуқуқий телекўрсатув тайёрланди.

Мазкур кўрсатув 3 блокдан иборат бўлиб, 1-блок "Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият" деб номланган. Унда прокуратура органларининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ҳал этиш борасидаги фаолияти ёритилади.

Кўрсатувнинг 2-блоки "Жиноят ва жазо" деб номланган. Бунда асосий эътибор вилоятда содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятлар, шунингдек, жиноятларнинг очилиши ёритилади. Қолаверса, кўрсатувдан эл орасида обрў-эътиборга эга инсонларнинг содир этилган жиноят юзасидан фикр-мулоҳазалари ва муносабатлари ҳам жой олган.

Кўрсатувнинг 3-блоки "Савол беринг, жавоб берамиз" деб номланади. Бу қисмда прокуратура органларига келиб тушган мурожаатлар таҳлил этилиб, фуқароларни кўпроқ қизиқтираётган масалалар таҳлил қилиниб, уларга прокуратура ходимлари томонидан батафсил жавоблар берилмоқда.

Бундан ташқари, кўрсатувда жамиятда рўй бераётган муҳим воқеалар, янгиликлар, ҳуқуқий ислоҳотларнинг амалдаги ижроси акс этган видеороликлар ва лавҳаларга ўрин берилган.

Кўрсатувнинг якунловчи қисмида анонслар намойиш этилиб, унда вилоят прокуратураси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг сайёр қабуллари ҳақида маълумотлар берилади. Унда эълон ва прокуратура органларининг сайёр қабули жадваллари ҳамда ишонч телефонлари экс этган видеоролик жойлаштирилган.

Бахтиёр ХУДАЙБЕРДИЕВ,
Наманган вилоят прокурорининг ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 10-сони, 09.03.2017 йил

10.03.2017

Медиатека

160136, Наманган шаҳар, Сирғали
кўчаси, 18.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси