Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

КАФОЛАТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш йўналишида қабул қилинган муҳим ҳужжатдир.

Мазкур фармонда хўжалик судлари тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган ил­ғор илмий-техника воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, кадр­лар салоҳиятини янада яхшилашга оид вазифалар қў­йилган бўлиб, уларни амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланган.

Жумладан, мазкур фармон билан 2017 йилнинг 1 апрелидан жиноят, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш, суд муҳокамасини ўз вақтида ўтказиш ва адолатли бўлишини таъминлаш, жазонинг адолатли ва инсонийлиги кафолатларини кучайтириш каби ҳолатларни инобатга олган ҳолда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда. Уларга асосан, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилмоқда. Бу мамлакатимизда изчил ва босқичма-босқич амалга оширилаётган жиноий жазоларни либераллаштириш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан тарбиявий-тузатиш таъсир чораларининг халқаро тажрибасини қўллаш сиёсатининг давом этаётганидан далолат беради.

Жиноят процесси жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида жиноят содир этишда гумон қилинган шахсни ушлаб туриш вақти 72 соатдан 48 соатга, дастлабки терговнинг энг кўп даври 1 йилдан 7 ойга қадар қисқартирилмоқда. Мазкур чораларнинг жорий этилиши фуқароларнинг эркинлигини таъминлашга замин яратса, бир вақт­нинг ўзида суриштирув ва тергов органлари масъулиятини кучайтиради.

Умумэътироф этилган "Хабеас корпус" институтининг қўлланилиши мамлакатимизда тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бу борада суриштирув ва тергов органлари ваколатларига кирган бир қатор процессуал ҳаракатлар навбатма-навбат судларга ўтказиб келинмоқда. Мазкур институтнинг қўлланилишини кенгайтириш борасида почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ҳамда эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлар судга ўтказилмоқда. Ушбу ўзгартириш инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорларисиз маҳрум этишга ёки чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги ҳақидаги конс­титуция­вий нормаларга тўлиқ жавоб беради.

Маълумки, айрим тоифадаги ишлар фуқаролик судларида йиллар мобайнида берилган шикоятларга асосан қайта кўрилиб, суд жараёнининг чўзилиб кетишига сабаб бўларди. Фуқаролик иши бў­йи­ча суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш имкониятини берувчи муддатнинг 3 йилдан 1 йилга қисқартирилиши фуқаролик процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қи­лишга хизмат қилади. Шунингдек, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш, суд процесси муддатлари ва сифатига салбий таъсир қилувчи ортиқча оралиқ инстанцияларни бартараф этишни кўзлаб, фармонда вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инс­танциялар тугатилиб, ўз нав­батида, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш ваколати бекор қилиниши назарда тутилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўришга оид бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинмоқда.

Тасаввур қилинг, қанчадан-қанча фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича бир-бирини такрорловчи ваколатлардан фойдаланиб, берилган шикоят ва протестлар асосида ортиқча муддатларга чўзилган ишларни кўриш муддати сезиларли равишда қисқаради. Натижада айнан бир назорат инстанцияси томонидан ишларнинг бир неча бор кўриб чиқилишининг олди олинади, суд қарорларининг барқарорлиги таъминланиб, фуқароларнинг судга бўлган ишончи янада ортади.

Фармоннинг суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган яна бир аҳамиятли жиҳати, адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техник жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича вазифаси ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилишидир. Мустақил ва қарорлар қабул қилишда фақат Конс­титуция, қонун нормаларига амал қиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизими ўзининг иш фаолияти билан боғлиқ бўлган моддий-техника ва молиявий таъминотини ҳар жиҳатдан ўз қўлига олиши судлар мустақиллиги ва уларнинг фаолиятига аралашмаслик принципини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча кафолатдир.

Меҳнаткаш ва софдил хал­қи­миз қадимдан ўзининг чуқур илдиз отган кўп минг­ йиллик тарихга эга маънавияти, дунёқараши, эътиқоди ва ўзига хос удум ва анъаналари билан бош­қа халқлардан алоҳида ажралиб туради. Ёшлик қилиб, билиб-билмасдан ёки баъзи ким­саларнинг макр-ҳийлаларига алданиб, жиноят кўчасига кириб қолган инсонлар бутун умри давомида ўз хатосини кечиролмасдан, "судланган" деган там­ғадан виждон азобида юради. Шу сабабдан жиноий жазоларни либераллаштириш ва судланганликни олиб ташлаш муддатлари ҳамда асосларини қайта кў­риб чиқиш каби масалаларнинг кўтарилиши бир марта қўпол хатога йўл қўйиб, ке­йинги ҳаёти давомида бундан оқилона хулоса чиқарган инсонлар тақдирига қанчалик таъсир қи­лишини бир тасаввур қилинг-а?!

Халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига мос бўлган ярашув институтини жиноят процессида қўллаш доирасини кенгайтириш ва жабрланувчининг аризаси асосида жиноят иши қўзғатилиши мумкин бўлган жиноят таркиблари рўйхатини кенгайтиришнинг айни пайти келганлиги фармонда алоҳида таъкидланган. Бу норма қонунни четлаб ўтган, содир этган қилмишидан пушаймон бўлган ва етказилган зиённинг ўрнини қоплаган фуқароларни жавобгарликдан озод қилиш имконини берса, иккинчи томондан, жиноят оқибатида инсонлар ўртасида айрим ҳолларда йиллаб сақланиб қолинадиган ихтилофларни ҳам йўққа чиқариб, инсонларни тинч-тотувликда яшашга ундайди.

Жиноят кодексида назарда тутилган ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим турдаги жиноят таркибларини жиноят тоифасидан чиқариш масаласининг қўйилганлиги ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган сиёсатнинг муҳим жиҳатларидандир. Тўғри, инсон ножўя хатти-ҳаракати учун жавоб бериши лозим. Зеро, жазо муқаррарлиги принципидан асло воз кечиб бўлмайди. Бироқ жазонинг либерал бўлиши, ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим турдаги жиноят ҳисобланган ижтимоий хавфли қилмишларни жиноят тоифасидан чиқариш, келажакда инсонларда қонунга нисбатан бўлган ҳурматни ошириш орқали жиноятчиликни камайтириш фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Бахтиёр ХУДАЙБЕРДИЕВ,
Наманган вилоят прокурорининг ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 7-сони, 16.02.2017 йил

17.02.2017

Медиатека

160136, Наманган шаҳар, Сирғали
кўчаси, 18.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси