Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ҲАМКОРЛИКНИНГ САМАРАЛИ НАТИЖАЛАРИ

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар кўлами ниҳоятда салмоқли. Шу нуқтаи назардан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Энг асосий мақсад қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдир.

Шу эзгу мақсадларда Навоий вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Ўтказилаётган профилактик тадбирлар натижасида умумий жиноятлар жорий йилнинг 11 ойида 153 тага ёки 5,1 фоизга, ўта оғир турдаги жиноятлар 11 тага ёки 9,5 фоизга камайди. Жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар, қотиллик, қасддан оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, талончилик, ўғирлик, безорилик, товламачилик каби жиноятлар ҳам сезиларли даражада камайишига эришилди. Воя­га етмаганлар томонидан 23 та жиноят содир этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 тага камайган. Аммо бу ҳеч қачон хотиржамликка берилиш дегани эмас.

Жиноятчиликка қарши курашни ташкил этиш, тезкор-қидирув ва тергов ҳамда идоралараро ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда, дейиш мумкин. Шу мақсадда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгашларнинг 35 та йиғилиши ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 15 ноябрида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қар­ши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида секторлар фаолияти танқидий таҳлил этилганлиги фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишни тақозо этади. Сектор раҳбарларининг масъулиятини ошириш мақсадида ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссиясини тузиш бўйича берилган топшириққа асосан комиссия таркибига "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жам­ғар­маси, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси, Маънавият ва маърифат маркази раҳбарлари киритилиб, ҳар бир туман-шаҳар бўйича жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан "йўл хариталари" ишлаб чиқилди ва ижрога қаратилди.

Навоий вилояти ҳудудида содир бўлган ҳар бир жиноят содир этилган кундан кечиктирмасдан ёки кейинги кун қатъий равишда бевосита прокурор ва ички ишлар раҳбарлари иштирокида, маҳаллада ва жиноят содир қилган шахснинг яшаш жойида, халқ орасида кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда муҳокама қилиб борилмоқда. Бу эса, жамоатчилик билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бу борада жорий йилнинг 11 ойида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 115 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. Жиноят содир этиб, қидирувда бўлган 498 нафар шахсдан 239 нафари ёки 47,9 фоизи ушланмаган. Қидирувдагиларни ушлаш кўрсаткичи 52 фоизни ташкил этмоқда.

Жиноят ишлари бўйича ўтказилиши лозим бўлган тергов ҳаракатлари юзасидан 1333 та ёзма кўрсатмалар берилди. Шу даврда ички ишлар органлари томонидан тергов қилинган ишларнинг 1372 таси айблов хулосалари, ярашув ва амнистия тўғрисидаги қарорлар билан судга юборилган, 121 таси ҳаракатдан тугатилган. 238 таси Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 364-моддаси тартибида ҳаракатдан тугатилган.

Дастлабки тергов жараёнида жиноят натижасида етказилган зарарларни ундириш масаласига жиддий эътибор қаратилиб, ўтган 11 ой давомида ИИБ терговчилари томонидан жами аниқланган 9 млрд. 469 млн. 500 минг сўмлик зарарнинг 7 млрд. 861 млн. 667 минг сўми ёки 83 фоизи тергов жараёнида айбдор шахслардан ундирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 30 ноябрдаги "Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида"ги Фармони суд-тергов фаолиятини янги босқичга кўтаришда янада масъулиятли вазифаларни ўртага қўймоқда.

Фармонда шундай сатрлар бор: "… фақатгина 2017 йилнинг 10 ойи давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Ваҳоланки, охирги беш йилда атиги 7 нафар шахс оқланган. Бундан ташқари, жорий йилда дастлабки тергов органлари томонидан реабилитация ва бошқа асослар бўйича 3511 та жиноят иши тугатилган".

Назаримизда, изоҳга ҳожат йўқ. Мақсад эса битта, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият сифатида улуғланар экан, бутун фаолиятимиз шунга хос ва мос бўлмоғи шарт.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бутун жамоатчилик билан ҳамкорликда самарали натижаларга эришиш олдимизга қўйилган энг асосий мақсаддир.

Тўлқин НУРМЕТОВ,
Навоий вилоят прокурорининг
биринчи ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 51, 21.12.2017 йил

21.12.2017

Медиатека

210100, Навоий шаҳар, С.Айний
кўчаси, 85.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси