Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ФАОЛИЯТИМИЗНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ

Кейинги йилларда мамлакатимизда хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни таъминлаш борасида қулай шарт-шароитлар яратилди. Туман ва шаҳарларда ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига "Ягона дарча" тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартибларининг ошкоралигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 9 ойида туман (шаҳар) "Ягона дарча" марказлари томонидан Сурхондарё вилояти ҳудудида 13334 та янги кичик бизнес субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Жумладан, 2017 йилнинг 1 октябрь ҳолатига вилоятда "Ягона дарча" марказлари орқали тадбиркорлик субъектларига 21 турдаги 5422 та давлат хизматлари кўрсатилди.

Шу билан бирга, прокуратура органларининг ташаббуси билан 219 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, вилоят ва туман (шаҳар) прокуратуралари томонидан 604 та тадбиркорлик субъ­ектларининг муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилди, натижада 568 та янги иш ўринлари яратилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларига доир қонунлар юзасидан 316 та мурожаат кўриб чиқилди. Хусусан, Денов тумани Дўстлик маҳалласида жойлашган "XAYRABOD FA­REL" хусусий корхонаси раҳбари Ф.Атамуродовнинг мурожаати асосида корхонага ажратилган бир гектар ер майдонига иссиқхона қуриш учун "Ипотека банк"нинг вилоят филиалидан 149 млн. сўм кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олди олинди. Жумладан, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Менглиев "Термиз Сабина" хусусий корхонасига Термиз шаҳри ҳудудида жойлашган собиқ “Халқ банки” филиали биносини, "Гулбаҳор Нурли Келажак" МЧЖга эса эски "Бизнес мактаби" биносини "ноль" қийматда бериш вазифаси юклатилган бўлса-да, тадбиркорлик субъектларининг мулкка бўлган ҳуқуқларини қонунга хилоф равишда чеклаб, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан А.Менглиевга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланди.

Республика кўчмас мулк биржаси вилоят филиали директори Қ.Алибоев томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги қарори билан тасдиқланган "Юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга танлов асосида ер участкалари бериш тартиби тўғрисида"ги Низом талабларига зид равишда, 73 та танлов ғолибларидан 6 млн. 850 минг сўм ортиқча тўлов ундирганлиги, танлов савдолари муддати бузилган ҳолда ўтказилганлиги аниқланди.

Термиз шаҳар маъмурий судининг қарори билан Қ.Алибоевга тегишли жазо тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги "Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорига асосан, "Ягона дарча" марказлари орқали давлат хизматларини сифатли ва самарали кўр­сатишга тўсқинлик қиладиган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш учун тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика ва ҳудудий комиссия­лар ташкил этилган. Мазкур қарорга асосан 2017 йилда қўшимча 18 та давлат хизматлари "Ягона дарча" марказлари орқали кўрсатилиши белгиланиб, 2018-2020 йилларда босқичма-босқич жорий этиладиган, фақат тадбиркорлик субъектларига "Ягона дарча" тамойили бў­йича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали кўрсатиладиган 68 та хизматлар рўйхати тасдиқланди.

Бу борада прокуратура органлари томонидан ўтказилган текширишда 17 та тадбиркорлик субъектининг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Давлат хизматлари кўрсатилишининг қонунийлигини таъминлашда вилоят прокуратураси органлари томонидан қонун бузилишига йўл қўйган 11 нафар шахс­га нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, 18 нафар мансабдор шахс қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилди. Қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 11 та тақдимнома киритилди.

2017 йил 20 июлда Қумқўрғон тумани "Ягона дарча" марказига тумандаги "Янгиер" маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Абдумуротовнинг "Денов шароб савдо" ихтисослаштирилган база унитар корхонасига қарашли савдо дўконида алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқига эга бўлиш учун рухсат гувоҳномаси бериш тўғрисидаги мурожаати рўйхатга олиниб, туман ҳокимлигига кўриб чиқишлик учун юборилган бўлса-да, ариза ишчи орган томонидан белгиланган муддатда кўриб чиқилмасдан, сансалорликка солинган. Ўрганиш давомида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги комиссияга рухсат гувоҳномаси бериш тўғрисида таклиф киритилиб, комиссия томонидан рухсат гувоҳномаси берилиши таъминланди.

Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўр­сатишда масъул идора ва корхоналарда ўтказилган текширишда, қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига йўл қўйган шахсларнинг жавобгарлиги таъминланди. Хусусан, Жарқўрғон туманидаги "Мўжизавий Шифо Фарм" МЧЖ ҳамда Ангор туманида фаолият юритаётган "Акбарбек Мадад Фарм" хусусий корхонасига қарашли савдо дўконига дори воситалари ва табиий буюмларни чакана реализация қилиш учун лицензия олиш масаласида тўпланган ҳужжатлари ҳудудий комиссияга кўриб чиқиш учун юборилган. Бироқ, вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, дори воситалари ва табиий буюмларини чакана реализация қилиш учун лицензия бериш бўйича вилоят комиссияси котиби А.Норқобилов томонидан ҳужжатлар комиссияга тақдим этилмасдан, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўр­сатишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби ва муддатлари бузилган. Ушбу ҳолат бўйича бошқарма бошлиғига нисбатан тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилди.

Ўктам ЮСУПОВ,
Сурхондарё вилоят прокурорининг ўринбосари

02.11.2017

Медиатека

190100, Термиз шаҳар, Тараққиёт
кўчаси, 34.  

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси