Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ТАДБИРЛАР САМАРА БЕРМОҚДА

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, юртимизда хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яартишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, барқарор криминоген вазиятни сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш барчамизнинг олдимизда турган энг долзарб масаладир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ҳафтанинг хар пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” этиб белгиланганлиги эса бу борадаги масъулиятни янада ошириб, турли корхона ва ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари, қолаверса, жамиятнинг хар бир аъзосини ушбу жараёндаги иштирокини янада кенгайтирди. Хусусан, Сурхондарё вилоятида мазкур тадбирлар тизимли равишда, изчиллик билан амалга оширилиб, самарали натижаларга эришлмоқда. Бу борада вилоятнинг 19 та давлат идораси раҳбарлари томонидан тасдиқланган, 24-банддан иборат бўлган алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Профилактика тадбирлари асосан прокуратура, ички ишлар органлари жиноят, фуқаролик ва хўжалик судлари, маҳаллий ҳокимият органлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фодининг вилоят ва туман-шаҳар бўлимлари, вилоят ва туман-шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг худудий бўлимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокида ўзаро ҳамкорликда учрашув, йиғилишлар, суҳбатлар ва сайёр суд мажлислари ўтказиш орқали амалга оширмоқда. Бугунги кунга қадар тадбирларда вилоят прокуратураси, ички ишлар органлари ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг жами 2332 нафар ходими иштирок этди.

2017 йилнинг ўтган 4 ойи давомида ўтказилган тадбирларда профилактик ҳисобида турувчи шахслар билан 4773 марта, жумладан, муқаддам судланганлар билан 3623 марта ҳамда ДЭОга мойил шахслар билан 796 марта суҳбатлар ўтказилди.

Бундан ташқари, 79316 та хонадон ўрганилиб, паспорт-виза тартиб-қоидаларини бузган 856 нафар, доимий ва вақтинча яшаш қоидаларини бузган 677 нафар, ноқонуний ижарада яшашга йўл қўйган 4 нафар шахс аниқланиб, уларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал қилинди.

Тадбирлар доирасида 1926 та ов қуроллари текширилиб, ўтказилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида фуқаролар томонидан 2265 та ҳолатда ов қуроллари ички ишлар органларига ихтиёрий равишда топширилди.

Жиноят содир этилишининг олдини олиш ва фош этилишини таъминлаш мақсадида 111 та объектга видеокузатув мосламалари ўрнатилди, 97 та объект қўриқлаш пулътига уланди.

Профилактика тадбирлари доирасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 4875 маротаба, шу жумладан, таълим муассаларида 1442 та, корхона ва ташкилотларда 475 та, маҳаллаларда 2835 та тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларнинг 123 тасида оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, вояга етмаганларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларни таълимга жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида масъулият билан ёндашилмоқда. Хусусан, ўтган даврда жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун 204 нафар вояга етмаган ҳамда фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи 92 нафар ота-она профилактик ҳисобга олинган бўлса, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этиши эҳтимоли бўлган 1375 нафар вояга етмаганлар ички ишлар идораларига келтириб, улар билан якка тартибдаги профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Тарбияси оғир, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойил бўлган 14 нафар вояга етмаган махсус ёпиқ турдаги ўқув муассасаларига жойлаштирилди, 414 нафарига нисбатан маъмурий чоралар қўрилди.

Кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ўқув муассаса, маҳалла ва меҳнат жамоаларида вояга етмаганлар ўртасида 1372 марта тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Вилоят прокурорининг фармойиши асосида вилоят прокуратурасининг ҳар бир ходими ҳудудлардаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига бириктирилди, ўқувчиларнинг таълимга тўлиқ жалб қилиниши устидан кундалик назорат тизими жорий қилиниб, таълим муассасаларида гуруҳ раҳбарлари фаолиятини рейтинг тизими асосида баҳолаш тизими ишлаб чиқилди. Шунга асосан, таълим муассасаларида 1945 маротаба, шу жумладан, мактабларда 1419 марта, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 526 марта “давомат” тадбирлари ўтказилди. Дарс машғулотларига 1508 нафар ўқувчининг қатнашмай келаётганлиги аниқланиб, 388 нафар ўқувчининг ота-онасига ҳамда 81 нафар таълим муассасаси ходимига нисбатан тегишли чоралар кўрилди.

Бу даврда маҳалла фуқаролар йиғини, фуқароларнинг яшаш ва иш жойларида сайёр суд мажлислари ўтказилишига ҳам жиддий эътибор берилди. Хусусан, 340 та фуқаролик, 259 та жиноят ва 4 та маъмурий ишлар бўйича сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Бундан ташқари, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида вилоят прокурорининг 2017 йил 23 февралдаги фармойишига асосан, ҳафтанинг ҳар шанба куни Термиз давлат университети ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида “Прокурор соатлари” жорий этилди. Вилоят прокуратурасиининг 5 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган тажрибали ходимлари таълим муассасаларига бириктирилиб, ушбу тадбирлар юқори савияда ўтказилмоқда.

“Прокурор соатлари”ни ўтказишда ўқувчи-талабаларга жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, уларнинг шакллари ва кўринишлари ҳақида тушунчалар бериш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳақида фикр алмашиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, жамиятда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиликлардан тўлиқ хабардор қилиш ва бу жараёнда фаол иштирок этишга чақиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

“Профилактика куни” доирасида ўтказилаётган бу каби тадбирларнинг самарасини рақамлар мисолида кўрадиган бўлсак, жорий йилнинг 4 ойида умумий жиноятчилик ўтган йилга нисбатан 2 фоизга, аёллар жинояти эса 10 фоизга камайишига эришилди.

Илгари содир этилиб, фош этилмасдан қолган 26 та жиноят фош этилди, 15 нафар қидирувда бўлган шахс ушланди, 3616 нафар узоқ муддатга кетган ва 3450 нафар узоқ муддатдан яшаш уйига қайтиб келган шахслар аниқланиб, уларнинг барчаси билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Вилоят прокурори раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан туманларга чиқилиб, жойларда аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказилмоқда, мавжуд муаммолар ўрганилиб, мутасадди идоралар раҳбарлари билан уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, ишчи гуруҳ томонидан Шўрчи туман “Ободон” маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Б.Худойназаровнинг оиласи кам таъминланган оилага мансублиги аниқланиб, унинг яшаш уйи ва ҳовлиси туман Нуроний жамғармаси ва бошқа ҳомийлар ҳисобидан ажратилган маблағлар эвазига таъмирланиб, кириш дарвозаси ўрнатиб берилди. Шунингдек, оиланинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида иссиқхона қурилиб, 20 туп лимон кўчати экилиб, 30 дона товуқ олиб берилди.

Бундан ташқари, турли даражадаги корхона ва ташкилотлар томонидан 1537 та, жумладан, халқ таълими бошқармаси тизимида 994 та, тиббиёт муассасаларида 414 та, коммунал ва маиший хизмат соҳасида 26 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 12 та, қурилишда 5 та ва бошқа соҳаларда 86 та иш ўринлари яширилганлиги, меҳнат органларига бу ҳақда маълумот тақдим қилинмаганлиги аниқланиб, ишсизларни шу иш ўринларига жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, вилоят прокуратурасининг бевосита ташаббуси ва аралашуви билан 80 нафар ишсиз фуқароларнинг ишга жойлаштирилиши таъминланди.

Ўтган 4 ойда вилоят бўйича 23 маротаба бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, унда 1785 та корхона ва ташкилот ўзларининг 7800 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди ва 763 нафар ишсизлар ишга жойлаштирилди, 3215 тасига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Жорий йилнинг 15 май ҳолатига прокуратура органларнинг кўмаги билан 141 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди ва 429 нафар шахснинг бандлиги таъминланди. Тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ 23 та ҳолат аниқланиб, 15 нафар шахс маъмурий, 4 нафари интизомий жавогарликка тортилди.

Давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган 29 та тадбиркорлик субъектининг фаолиятига қонуний тус берилди.

Ўктам САИДОВ,
Сурхондарё вилоят прокурори

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 21-сони, 25.05.2017 йил

26.05.2017

Медиатека

190100, Термиз шаҳар, Тараққиёт
кўчаси, 34.  

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси