Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”

Президентимиз шу йилнинг бошида прокуратура органларининг бир гуруҳ ходимлари билан учрашиб, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб берган эди. Шундан келиб чиқиб, фаолиятимизни танқидий таҳлил қилдик.

Вилоятда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилишини назорат қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоялаш, ҳеч бир мурожаатни эътибордан четда қолдирмаслик бўйича прокуратура органлари ходимларининг масъулия­ти кучайтирилди.

2017 йилнинг 1-чорагида вилоят прокуратураси органларига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 6214 та мурожаатнинг 3318 таси, шунингдек, мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш марказидан юборилган 2805 та мурожаатнинг 2559 таси бевосита ўзимизда ҳал этилди.

Вилоят прокуратураси органлари ходимлари бошқа мутасадди идоралар вакиллари билан биргаликда уйма-уй юриб, одамларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишиб, уларни ташвишлантираётган муаммоларни аниқлаб, уларга шу жойнинг ўзида ечим топишга ҳаракат қилмоқда. Учрашувларда юртдошларимизнинг давлат органларидан рози бўлишларига жиддий эътибор қаратилаяпти. Шу пайтгача вилоят прокуратураси органлари ходимлари Шўрчи, Қумқўрғон, Жар­қўрғон туманларида халқ билан мулоқотда бўлишди. Бу эса ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишда ижобий самара бермоқда.

Бундан ташқари, Президентнинг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали келаётган мурожаатларда кўтарилган масалаларга ечим топиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг дастлабки уч ойида виртуал қабулхонадан келиб тушган 1321 та мурожаатнинг 1208 таси, Халқ қабулхоналаридан келиб тушган 154 та мурожаатнинг 91 таси вилоят прокуратураси органларида ҳал этилди.

Мурожаатлар билан ишлашда самарадорликни ошириш учун жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари вилоят прокурори, унинг ўринбосарлари ҳамда туман ва шаҳар прокурорлари томонидан шахсан қабул қилинмоқда. Юзма-юз ўтказилаётган мулоқотлар чоғида мавжуд муаммолар ўрганилиб, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилмоқда. 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида прокуратура органлари ходимлари томонидан 3482 нафар фуқаро қабул қилинди. Улардан 551 нафарининг бузилган ҳақ-ҳуқуқлари тикланди, қолганларига эса амалий ёрдам кўрсатилди. Мазкур соҳада ўтказилган назорат тадбирлари натижасига кўра, жойларга 14 та тақдимнома киритилди, 5 нафар шахс интизомий, бир нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ҳар ким қариганда, меҳнат лаё­қатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Бу қоида Конституциямизда ҳам белгилаб қўйилган. Қолаверса, Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги «Ўзбекис­тон фахрийларни ижтимоий қўл­лаб-қувватлаш «Нуроний» жамғар­маси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада ошириш, қариялар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг ҳаёт даражасини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Шу боис вилоят прокуратураси органлари томонидан бу борадаги қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиқиб, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг ўз вақтида берилиши қатъий назоратга олинган. Кўрилган таъсир чоралари натижасида январь-март ойлари давомида пенсия ва нафақалар ҳамда бюджет ташкилотларида иш ҳақи бўйича қарздорликлар бартараф этилди. Мазкур йўналишларда ўтказилган назорат тадбирларида айрим­ идораларнинг раҳбар ва масъул ходимлари биринчи даражали тўловлар учун ажратилган пулларни ўз вақтида тўламагани ёки талон-торож қилгани аниқланди. Умуман олганда, вилоят прокуратураси органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган текшириш ва таҳлиллар натижасига кўра, «Ўзбекистон почтаси» АЖ Сурхондарё вилояти филиали ва унинг туман-шаҳар бўлимлари ходимлари 30 млн. 153 минг сўмлик пенсия пулини талон-торож ­қилгани юзасидан 2 та, вилоят халқ ­таълими бошқармаси масъул ходимлари томонидан 253 млн. сўмлик иш ҳақини талон-торож қилгани бўйича 4 та жиноят­ иши қўзғатилган.

Жумладан, Шўрчи алоқа тармоғига қарашли «Совур» алоқа бўлими мансабдор шахслари 20 нафар пенсионернинг 8,4 млн. сўмлик нафақа пулларини ўзлаштиргани юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов натижасига кўра, жиноят иши айблов хулосаси билан тегишли судловга юборилган.

Президентимиз таъкидлаганидек, одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди. Жамиятда адолат ўрнатилишида прокуратура органларининг ўрни катта. Шу маънода фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида қонунийлик, алоҳида ҳимояга муҳтож бўлган, кам таъминланган ва кўп болали оилаларга нафақа тайинлашда ижтимоий адолат принципига амал қилиниши қатъий назоратга олинган.

Ўктамжон САИДОВ
Сурхондарё вилояти прокурори

Манба: “Ҳуқуқ ва бурч” журналининг 4-сони

29.04.2017

Медиатека

190100, Термиз шаҳар, Тараққиёт
кўчаси, 34.  

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси