Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Қонунлар адолат манбаи

Маълумки, ҳар бир ҳуқуқий демократик жамият соғлом муҳит барқарорлигини сақлашни, халқнинг фаровон турмуш кечиришини, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашни ўз олдига энг муҳим вазифа сифатида қўяди. Бу вазифаларни жамият ҳаётининг асосий мезони бўлган Қонунлар таъминлаб беради.

Адолатпарвар қонунлар жамиятда, одамлар ҳаётида устувор бўлган миллий, умуминсоний, маънавий-ахлоқий қадриятлар, халқнинг хоҳиш-иродаси, орзу-нияти ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларини ўзида акс эттиради. Фуқароларнинг тинч ва осойишта, аҳил-иноқ яшашларига замин ҳозирлайди, меҳнат ва мулкий муносабатларини, сўз ва виждон эркинлигини таъминлашни, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди.

Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ҳуқуқий демократик жамият барпо этиш, инсонларнинг эмин-эркин фаровон турмуш кечириши учун адолатпарвар қонунлар мажмуи қабул қилинмоқда. Уларнинг сўзсиз бажарилаётгани эса аҳолининг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўрта Осиёда ва аввало, Ўзбекистонда маҳалла каби ўзини ўзи бошқарувчи ижтимоий ташкилотнинг ноёб шакли азалдан мавжуд бўлган ва шу кунгача ҳам сақланиб қолган. Ўзбеклар учун маҳалла жамоа тушунчасидан кўра кўпроқ маънони билдиради. Маҳалла туфайли туб аҳоли ижтимоий ва иқтисодий хатти-ҳаракати таркиб топиши, ижтимоий қадриятлар ҳурмат қилиниши, ўзаро муносабат одоби тамойилларининг алоҳида қоидалари сақланиб қолди. Бу эса жамият олдидаги мажбурият ва зиммадаги масъулият сўзсиз бажарилишининг кафолатидир.

Дарҳақиқат, маҳалла ўзбек ҳалқининг қадимдан шаклланиб келган ва ҳозирда ҳам ўз амалий аҳамиятини йўқотмаган ўзини ўзи бошқаришнинг муҳим институти ҳисобланади.

Мамлакатимизда ўтган йиллар мобайнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва унинг ижтимоий аҳамиятли ишларни амалга оширишдаги, оила, айниқса унда камол топаётган ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий жиҳатларини тарбиялашдаги ўрнини кўтариш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳаттоки, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласи давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган вазифа сифатида баҳоланиб, алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, "Халқ билан мулоқат ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида ҳам маҳалла институтини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, жойларда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришда уларнинг роли ва аҳамиятини ошириш масаласи устувор йўналиш сифатида белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-4944-сонли Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонда ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш асослари белгилаб берилди.

Айтиб ўтиш лозимки, ижтимоий ҳимоянинг асосий йўналишларидан бири — бу аҳолининг эҳтиёжманд, кам таъминланган қатламларига моддий ёрдам, нафақалар ва бошқа имтиёзлар беришдан иборат.

Республикамизда ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий муҳити яратилган бўлиб, унга қонуний асос солинган. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 39-моддасида: "Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга", деб қайд этилган.

Аҳолининг энг кам ҳимояланган ва муҳтож табақаларини ўз вақтида қўллаб-қувватлаш халқ фаровонлиги, инсонпарварлиги йўлида амалга оширалаётган ислоҳотлар муваффақиятининг гаровидир. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини давлат томонидан муҳофаза қилиш масаласи кечиктириб бўлмайдиган, устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берилди.

Маҳалла ўзини ўзи бошқаруви амалиёти ҳамда фуқаролик жамиятини қуриш тамойилларидан келиб чиқиб, давлат ҳокимияти вазифалари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-бос­қич ўтказиб келинмоқда. Бу амалиёт ҳаёт тажрибасида ўзини тўла оқламоқда.

Эндиликда давлат вазифаларини, ваколатларини ҳокимиятни кучайтириш ҳисобига эмас, балки демократик омилларни кенгайтириш ва кенг халқ оммасини бошқаришга жалб этиш йўли билан амалга ошириш йўлида фаол иш олиб борилмоқда.

Амалиёт ва тажрибалар таҳлили аҳолининг турли қатламларига қатъий табақалаштирилган тарзда ёндошиб, ялпи ижтимоий ҳимоялаш тизимидан, ишончли ижтимоий кафолатлар ва аҳолини аниқ мақсадли ҳамда манзили ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимига ўтиш мақсадга мувофиқ эканлигини кўрсатди.

Ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашни тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган "Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низом билан амалга оширилмоқда. Ушбу Низомга мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланади ва тўланади.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи - посёлка, қишлоқ ва овул, шунингдек шаҳарларнинг маҳаллалари фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) ёки бундай қарорларни қабул қилиш учун фуқаролар йиғини томонидан ваколат берилган Комиссия томонидан қабул қилинади.

Болали оилаларга нафақалар, бола парвариши бўйича нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ижтимоий адолатга сўзсиз риоя қилиши, кенг ошкоралик ва очиқликни таъминлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашсиз даромадларини оширишнинг аниқ имконияти бўлмаган ҳақиқатда эҳтиёжманд оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам бериш, нафақалар ва моддий ёрдамни манзилли тарзда тайинлашни таъминлаш йўли билан уларни тўлашга ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш тартиблари белгиланди.

Маълумотларга кўра, 2017 йилнинг ўтган даврида маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган 12 мингдан ортиқ оилаларга 19 миллиард 949 миллион сўмдан зиёд нафақа ва моддий ёрдам пули берилган. Бироқ, шунча имконият ва шароитлар яратилган бўлса-да, айрим фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари ходимлари уларга юклатилган муҳим вазифаларни бажаришга етарли даражада эътибор қаратмасдан, ўз манфаатини умумжамоа манфаатидан устун қўймоқда.

Прокуратура органлари томонидан ўтказилган текширишлар, баъзи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан нафақа тайинлашда сусткашликка, айрим ҳолларда масъулиятсизлик ва ўзибўларчиликка йўл қўйилаётганлигини, нафақани ўз вақтида тўлаб бермаслик, ўзлаштириш, бюджет маблағларини ортиқча ҳамда мақсадсиз сарфлаш ҳолатлари мавжудлигини кўрсатди. Бу соҳада аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 200 дан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланди. Ноқонуний тўланган 182 миллион сўм нафақа ва моддий ёрдам пули ихтиёрий ундирилди, 146 миллион сўмдан ортиғини ундириш юзасидан судларга аризалар киритилди.

Кўрилган чоралар натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтож 166 нафар фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Моддий ёрдам ва нафақаларни ноқонуний тайинлаш ҳолатлари юзасидан 3 та жиноят иши қўзғатилди.

Масалан, Боёвут туманидаги "Қарапчи" маҳалла фуқаролар йиғини мансабдор шахслари 14,6 миллион сўмлик ижтимоий нафақаларни ноқонуний тайинлаб, талон-торож қилганликлари учун уларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Мустақил Ватанимиз қонунларида жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси учун бевосита тааллуқли бўлган имкониятлар, ҳар биримизнинг миллат, жамият, келажак авлодлар олдидаги бурч ва масъулиятимиз, чунончи, қонун устуворлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳурфикрлилик, турли миллат вакилларига ҳурмат ва улар билан аҳил-иноқ яшаш, диний бағрикенглик, замонавий билимларни қунт билан эгаллаш, меҳнат қилиш, дунё мамлакатларининг илғор тажрибаларини ўрганиш каби қадриятлар ўз ифодасини топган. Қонунларимизнинг адолат манбаи ва мезони сифатида устуворлик касб этиши — бу ёруғ дунёда ҳур ва эркин яшашимиз, ҳаётимизни гўзал ва фаровон қиладиган барча имкониятлардан фойдаланишга бўлган ҳуқуқ ва эркинликларимизни таъминлайди, бурч ва мажбуриятларимизни англаб туришга ундайди. Башарти, унга амал қилиш орқалигина, унинг фақат ва фақат инсон манфатларига хизмат қилишини англаб етамиз. Қонунни қанчалар яқиндан танисак, у бизнинг доимий кўмакчимиз ва ҳимоячимизга айланади. Зотан, қонунлар замирида қадимдан қарор топган ўлмас ва азалий қадриятларимиз мужассамдир.

Равшан Машарипов,
Сирдарё вилоят прокурори

Манба: “Ҳуқуқ” газетасининг 35-сони, 31.08.2017 йил

31.08.2017

120100, Гулистон шаҳар, Сайхун
кўчаси, 41.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси