ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИГИ ҲАҚИДА

ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИГИ ҲАҚИДА

2018 йил 23 май куни Хитой Халқ Республикасининг Нанкин шаҳрида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи А.Мавлонов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси МДҲга аъзо давлатлар Молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари Кенгашининг (СРПФР) 11-йиғилишида иштирок этди.

Шунингдек, тадбирда Арманистон, Беларусия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистоннинг молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари, МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари ва бошқалар иштирок этдилар.

Йиғилишда 2019-2023 йилларга мўлжалланган Жиноятчиликка қарши биргаликдаги чоралар бўйича давлатлараро дастурни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида хатарларни камайтириш, жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришда электрон тўлов тизимларидан фойдаланишни олдини олиш бўйича уларни тартибга солувчи тавсиялар ишлаб чиқиш, молиявий разведка бўлинмаларининг МДҲ органлари ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигини кенгайтириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, халқаро террористик ташкилотларнинг фаолияти билан шуғулланадиган шахсларни аниқлаш бўйича операцияларда иштирок этган МДҲ ваколатли органларининг иштирок этиш натижалари («Барьер» операцияси), шунингдек турли хил жиноий фаолият билан боғлиқ бўлган трансмиллий молиявий оқимларни аниқланиш («Млечный путь» операцияси) ҳолатлари муҳокама қилинди.

Муҳокама натижаларига кўра молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари тегишли қарорлар қабул қилди.

Департаментнинг МДҲга аъзо давлатлар Молиявий разведка бўлинмалари раҳбарларининг Кенгашига қўшилиши жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида миллий тизимни мустаҳкамлашга ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.