БОШ ПРОКУРАТУРАДА ФРАНЦИЯ ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

БОШ ПРОКУРАТУРАДА ФРАНЦИЯ ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

Бугун Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродовнинг Франциянинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Виолен де Вильмор билан учрашуви бўлиб ўтди.
Элчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш соҳаларида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирлар билан таништирилди.

Учрашув иштирокчилари ўртасида икки томонлама ҳамкорликнинг кенг йўналишлари, жумладан, экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши кураш ҳамда инвесторларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича фикр алмашдилар.

Элчи прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари, хусусан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди.

Виолен де Вильмор томонидан Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва эришилган ютуқлар юқори баҳоланди.

Прокуратура ходимлари касбий тайёргарлигининг аҳамияти хусусида сўз юритилиб, меҳмонга Бош прокуратура ҳузуридаги Олий ўқув курсларининг Академия сифатида қайта ташкил этилганлиги маълум қилинди.

Шу муносабат билан, Франция элчиси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ходимлари учун Франция давлатидан соҳа мутахассислари, экспертларни жалб этган ҳолда биргаликдаги ўқув машғулотларини ўтказишга қизиқиш билдирди.

Шунингдек, икки давлат ўртасида ҳуқуқий соҳада шартномавий-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан экстрадиция ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар тузиш зарурияти алоҳида таъкидланди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда бўлиб ўтди.