ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

2018 йилнинг 5 июнь куни Бош прокуратурада оммавий ахборот воситалари, теле ва радиоканаллар ҳамда Интернет ахборот нашрлари вакиллари учун «Мамлакатимизда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш» мавзусида брифинг ташкил этилди.

Тадбирда Бош прокурор ўринбосари Э.Т.Юлдашев, Бош прокуратура Академияси бошлиғи Е.В.Коленко, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, Мажбурий ижро бюроси ҳамда Бош прокуратуранинг таркибий тармоқлари бошлиқлари ҳам иштирок этдилар.

Давлат раҳбари ташаббуси билан прокуратура органлари тизими сўнгги йилларда жадал такомиллашиб бормоқда, янги мазмун билан бойитилмоқда. Ушбу янгиланишлар қаторига Бош прокуратура таркибида Мажбурий ижро бюроси, Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда Бош прокуратура Академияси ташкил этилганлигини киритиш мумкин.

Айнан шу муносабат билан, прокуратура органлари тизимига юклатилаётган янги вазифаларнинг мазмун ва моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида мазкур брифинг ўтказилди.

Брифингда халқ билан мулоқот ва уни турли шаклларда олиб бориш, вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари муҳофазаси, секторларга ажратилган ҳудудлардаги ижтимоий ва иқтисодий шароитни яхшилаш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш прокуратура органларининг устувор вазифаларидан бири эканлиги таъкидланиб, прокуратура органлари томонидан ушбу соҳаларда амалга оширилган ишларнинг статистикаси иштирокчиларга тақдим этилди.

Тадбирда Бош прокуратуранинг таркибий тармоқлари раҳбарлари ОАВ вакилларининг қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб бердилар. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш, шу жумладан, тергов қилинаётган айрим жиноят ишлари юзасидан терговнинг ҳозирги ҳолати, судлар томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилишида прокуратуранинг ўрни, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳимояси, дори-дармон нархланиши муаммоси каби масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Бош прокуратуранинг янги талқиндаги расмий веб-сайти намойиш этилди. Мазкур сайтнинг ўзига хос жиҳатлари интерфейснинг қулайлиги, барча зарурий функцияларни қамраб олинганлиги бўлиб, унда прокуратура органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолиятини кундалик ёритиб боришга бағишланган «Тезкор хабарлар» рукни яратилди. Шунингдек, веб-сайтда интерактив хизматлар назарда тутилган бўлиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати, етказилган зарар миқдори, алимент тўловларини ҳисоблаб берувчи янги воситалар жорий қилинди.

Брифинг якунида томонлар ўзаро фикр алмашиб, самарали ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Тадбир конструктив шаклда, ОАВ вакиллари билан ўзаро манфаатли мулоқот ва самарали хамкорлик асосида бўлиб ўтди.