КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА РЕСПУБЛИКА ИДОРАЛАРАРО КОМИССИЯСИНИНГ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА РЕСПУБЛИКА ИДОРАЛАРАРО КОМИССИЯСИНИНГ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

2018 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Республика идоралараро комиссияси аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мажлис давомида 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурида белгиланган тадбирларнинг ижро этилиши доирасида амалга оширилган ишлар, шунингдек мазкур соҳада йўл қўйилган камчиликлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама этилди.

Қайд этилишича, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг тасдиқланиши қисқа фурсатларда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг камайишига сабаб бўлган қатор чораларнинг амалга оширилишига имкон берди.

Жумладан, Давлат дастури ижроси бўйича коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга оид 5 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Мажлис давомида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Тошкент вилояти идоралараро комиссияси раисининг Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг Тошкент вилоятида ижро этилиши юзасидан ахбороти эшитилди.

Шу билан бирга, мажлисда Давлат дастури ижросини таъминлашда айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги танқид қилиниб, тегишли давлат органлари ва идоралари раҳбарларининг тушунтиришлари эшитилди.
Мажлис якуни бўйича коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш ва аниқлаш, уларнинг оқибатлари, содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, шунингдек Комиссия фаолиятини самарали ташкил этиш қаратилган аниқ чоралар белгиланди.